Ўрмон хўжалиги ходимлари, фермер ва тадбиркорлардан иборат 100 дан ортиқ иштирокчи GIS-технологияларидан фойдаланган ҳолда инновацион усуллар асосида ўрмон ва яйлов ҳудудларини инвентаризация қилиш бўйича тренингларда қатнашдилар. Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тренинглар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган.
Тренинглар давомида иштирокчилар ўрмонлар, ердан фойдаланиш турлари ва ўрмон ресурсларининг таксометрик хусусиятлари тўғрисида маълумот тўплашнинг замонавий усулларини ўрганишди. Бунда GIS-технологияларидан фойдаланишга асосий эътибор берилди. Таъкидланишича, GIS-технологиялари ёрдамида олинган маълумотлар ўрмонларни бошқариш хариталарини сақлаш ва янгилашни мақбуллаштиришга имкон беради. Замонавий дастурий таъминот ўрмон экотизимларини яхшироқ таҳлил қилиш, ўрмон ерларини инвентаризация ва мониторинг қилиш учун ишлатилади.
Ўзбекистоннинг ўрмон фонди қарийб 12 миллион гектарни ташкил этади, уларнинг аксарияти баланд тоғлар ва дарёлар водийларида жойлашган. Бутун Марказий Осиёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ўрмонлар минтақанинг иқлим шароитидан келиб чиққан эрозия ва чўлланишга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга. Ўрмонлар бой биологик хилма-хилликнинг табиий омбори бўлиб хизмат қилади ва қишлоқ аҳолиси учун тирикчилик манбаларини таъминлайди. Бундан ташқари, ўрмонлар энергия ишлаб чиқариш учун муҳим ёғоч манбаи бўлиб хизмат қилади.
Лойиҳа Сирдарё, Поп, Китоб ва Деҳқонобод ўрмон хўжаликларида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги лойиҳанинг асосий миллий ҳамкори ҳисобланади.
Октябрь ойида ФАОнинг халқаро маслаҳатчиси Брэдли Паттерсон бошчилигидаги лойиҳа гуруҳи 2023 йилда бажарилган ишларни мониторинг қилиш учун барча 4 та ўрмон хўжалигига ташриф буюрди. Ўтган даврда лойиҳанинг тажриба майдонларининг тоғ олди ҳудудларида 2 минг гектардан ортиқ майдондаги сувларини бошқариш учун сув чиқариш иншоотлари, 20 минг гектар деградацияга учраган яйловлар майдоннинг ҳолатини яхшилаш учун 180 та уруғлик майдонлари ташкил этилди, 4,2 минг гектар майдонда ўрмонларни табиий қайта тиклаш бўйича техник ишлар олиб борилди. Лойиҳани амалга ошириш давомида 78 минг гектар майдонда ўрмонларни барқарор бошқариш бўйича ишлар амалга оширилди.