Меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Дэвид Хаггертини қабул қилди. Учрашувда мамлакатимизда теннисни  янада ривожлантириш, йирик халқаро мусобақалар ўтказиш, теннис тараққий этган хорижий давлатларда мутахассис ва ҳакамларимизнинг малакасини ошириш учун Халқаро федерация грантларини ажратиш, уларни ATP ва WTA турнирларига кўпроқ жалб қилиш, ўзбекистонлик теннис мутасаддиларини халқаро ташкилот бошқарувидаги нуфузли бўлимларда фаолият олиб боришини таъминлаш сингари масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти Дэвид Хаггерти билан ўзбек теннис мактабининг халқаро аренадаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, мазкур тадбирда Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова ҳам қатнашди.

Меҳмон пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари теннис мактабида ҳам бўлди. У ерда ёш спортчиларнинг машғулотини кузатиб, уларга маслаҳатлар берди ва эсдалик учун суратга тушди. Шундан сўнг, Дэвид Хаггерти Темурийлар тарихи давлат музейида  ўзбек халқи маданияти ва тарихи, давлатчилигимизнинг ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишди.