“Халқимизнинг онги, дунёқараши ўзгаргани, унинг қалбида ўзига, эртанги кунга ишонч пайдо бўлгани – бу бизнинг энг катта ютуғимиз.
Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, ўз мурод-мақсадларига албатта етади...
Ишончим комил, барчамиз биргаликда янги Ўзбекистонни – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатни албатта қурамиз!”.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 июль куни ўз лавозимига янгидан киришиш тантанали маросимидаги нутқидаги бу каби фикрлар, хулосалар, даъватларнинг барчаси чуқур ҳаётий асосларга эга. “Ўтган беш-олти йилда ҳаётимизда нима ўзгарди?” деган саволга бугун минглаб қишлоқ-маҳаллалар қиёфасидаги янгиланишлар, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаётган инсонлар турмушидаги ижобий ўзгаришлар мисолида етарлича жавоб айтиш мумкин.
“Инсон қадри учун!” ғоясининг амалий натижаларини ўз кундалик ҳаётида ҳис қилаётган юртдошларимиз сафи кундан кун кенгайиб бораётгани учун ҳам Президент сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини икки партия қўллаб-қувватлади, 87,05 фоиз сайловчи танлади. Бундай ёрқин ғалаба давлатимиз раҳбарининг янги, қудратли ва буюк Ўзбекистон асосларини барпо этиш, инсон ҳуқуқ-эркинликларини, халқ манфаатини таъминлаш йўлидаги беқиёс хизматлари, ички-ташқи сиёсатдаги тарихий ўзгаришларни халқимиз чуқур эътироф этиб, фаол дастаклаётганининг яна бир исботидир.
Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ишончли ғалабаси, ўз лавозимига янгидан киришиши муносабати билан Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига юртдошларимиздан келаётган кўплаб табрик ва миннатдорлик мактубларида ҳам ана шундай руҳ яққол сезилиб турибди.
***
Мактубларни ўқир эканмиз, муаллифлар орасида турли ҳудуд, ёш ва миллат вакилларини учратиш табиий, албатта. Уларда эл-юрт равнақига дохил турфа қарашлар, мисоллар, таклифлар, тилаклар баён этилаётгани, юртимиз фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланаётгани, бугунги инсонпарвар сиёсат авлодлар ва миллатларни янги Ўзбекистонни барпо қилишдек ягона катта мақсад йўлида бир мушт сифатида бирлаштираётгани ҳам энг ҳаётий далиллардан бири аслида.
Дейлик, кўп йиллар Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарчасида маҳалла раиси бўлиб ишлаган меҳнат фахрийси Қамариддин Аҳмедов давлатимиз раҳбарини сайловдаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклар экан, мамлакатимизнинг барча ҳудуди қатори Каттақўрғонда ҳам йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини таъкидлайди:
“...Биргина бизнинг туманни олсак, шу кунларда йирик цемент заводи ишга тушади. Бу билан йилига қарийб 3 миллион тонна экспортбоп цемент ишлаб чиқарилади, 600 нафар қоракўзимиз ишли бўлади, даромадли бўлади, камида 600 та оила рўзғорининг ками тўлади, бири икки бўлади. Ёки яқинда 220 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси иш бошлаши билан электр энергиясидаги тизимли масалалар ҳал қилинади.
Муҳтарам Шавкат Миромонович, янгиланган Конституциямиз асосида очиқ, шаффоф ўтган сайловдаги ишончли ғалабангиз халқимиз ҳаётидаги мана шундай тарихий ўзгаришлар бардавом бўлишини, эл-юртимизнинг яна 7 йил барқарор ривожланишини тўлиқ кафолатлаб берди”.
Қашқадарёлик меҳнат фахрийси Ботир Раҳимовнинг воҳа нуронийлари номидан йўллаган табрик хатида ҳам халқимизнинг бу танлови замирида сўнгги олти йилда эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб бериш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий натижалари мужассам эканига урғу берилади:
“...Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш билан яшаш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиши йўлида олиб борилаётган халқпарвар сиёсат, олижаноб фазилатлар учун Сизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Ватанга садоқат билан хизмат қилишда юксак намуна бўлмоқдасиз.
Ўз навбатида, биз нуронийлар ҳам ёшлар тарбияси, таълим, оилалар мустаҳкамлиги, ободлик-озодалик ишлари, томорқалардан фойдаланиш ва бошқа масалаларда жамоатчилик ишларини олиб боришда ташаббускор бўламиз”.
Чироқчи тумани Қаҳрамон маҳалласида яшовчи 97 ёшли Темур Жуманов, Урганч шаҳрида яшовчи 92 ёшли Рўзмат Худойбергенов, ғаллаороллик 88 ёшли Салоҳиддин Назаров сингари кўплаб нуронийларимизнинг дуойи саломга тўла мактубларида халқимиз шак-шубҳасиз узоқни кўра оладиган энг етук сиёсий етакчини, доно раҳбарни танлагани туфайли ҳам мамлакатимиздаги тинчлик, жамиятимизда қарор топган дўстлик-бирдамлик муҳити, авлодлар ўртасидаги мустаҳкам ришта кўп миллатли халқимизни янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштираётгани айтилади.
“Сиз раҳбар бўлганингиздан сўнг инсон қадри тикланди. Ташаббусингиз ва ёрдамингиз билан кўплаб ватандошларимиз қатори давлатимиз ҳисобидан муборак ҳаж амалларини адо этдим. Сафар давомида бошқа давлатлардан келган зиёратчилар билан гурунг қилганимизда, улар ҳам Ўзбекистонимиз ривожи, сизнинг доно сиёсатингиз ҳақида кўп илиқ гапларни айтишди. Бундан барчамиз ғурурландик ва 9 июль куни ислоҳотларингиз давом этиши учун ҳам овоз бердик”, дейилади Мирзачўл тумани Ержар маҳалласида яшовчи Латиф Туратов томонидан йўлланган мактубда.
Қорақалпоғистоннинг Кегайли тумани Жузимбоғ овулида яшовчи Аҳмад Абдуллаев, Нукус шаҳри Ғарезсизлик маҳалласи турғуни Нина Рябкина, Тўрткўлнинг Тозабоғёп маҳалласидан Флюра Темирова мактубларида эса сўнгги 6 йилда Оролбўйи аҳолисига кўрсатилаётган доимий меҳр-эътибор ва юксак ғамхўрлик, фаровон яшаш, таълим олиш, даволаниш, тадбиркорлик қилиш учун энг кўп имконият ва имтиёзлар тақдим этилгани учун самимий миннатдорлик билдирилган.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон халқи учун оқилона иродангиз, билимингиз ва куч-ғайратингизни аямасдан меҳнат қиляпсиз. Барча ёшдаги ва қатламдаги инсонларга ўз ҳаётини ўнглаб олиши учун катта имконият ва тенг шароит яратдингиз. Халқимиз Сиздан доимий миннатдор, Ўзбекистонимиз янада гўзал ва кучли бўлиши учун ҳамиша ёнингизда турамиз, тинмай меҳнат қиламиз”, дейилади Элликқалъа тумани “Сарибий” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Худойберган Рўзимовнинг мактубида.
***
Андижон вилояти Асака тумани Янгисор маҳалласида яшовчи Хурсандой Қурбонова эса Шавкат Мирзиёевга овоз берганини ҳаётидаги энг мураккаб паллада давлатимиз катта ёрдам кўрсатгани билан изоҳлайди: “2020 йили пандемия даврида, синовли кунларда Президентимиз бизни оталарча қўллаб-қувватлади, давлатимиздан доимий ёрдам олдик, меҳр кўрдик. Энг оғир пайтда яна ҳаётга қайтарган бундай кўмак ва эътиборни бир умр унутмаймиз. Сиз билан фахрланамиз, доим дуо қиламиз”.
Самарқанд шаҳри Заргартепа маҳалласида яшовчи Равшан Маматқулов табригида “2016 йилгача халқ дардини ҳеч ким эшитмаган. Барча бўғиндаги раҳбарларни ерга тушириб, оддий одамларни эшитишга, уларга ёрдам беришга ўргатганингиз учун ҳам Сиздан миннатдормиз”, дейилса, Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Боботоғ маҳалласида яшовчи Зафар Маҳманазаров мактубида “Оғир шароитдаги инсонларга доимий ёрдам кўрсатилаётгани, адолатли, халқпарвар, камбағалпарвар Президент бўлганингиз учун ҳам Сизга катта раҳмат айтамиз, барчамизнинг суянган тоғимизсиз”, дея таъкидланади.
***
Фарғона вилояти Қўштепа тумани Қўрғонча маҳалласи Яккатут кўчасида яшовчи 9 ёшли Шаҳзодахон Комилжонованинг шу йил 10 июлдаги мактуби эса “Ассалому алайкум, менинг Президентим, Сизга ваъда берганимдек...”, деб бошланади.
Қизалоқ ваъдаси мазмунини тушуниш учун эса 7 июль санасига қайтамиз. Чунки ўша куни қўштепалик Камолиддин Жиянов тумандаги Халқ қабулхонасига 9 ёшли қизи Шаҳзодахоннинг давлат раҳбарига ёзган мактубини олиб келиб топширган (бу хат Виртуал қабулхона тизимида 7 июль куни соат 14:28 да 65285-xq/23 рақами билан рўйхатга олинган).
Хатни ўқиймиз:
“...Сизни доимо телевизорда кўраман. Дадам айтадилар{ки}, давлатни бошқариш учун катта билим, тажриба ва куч керак экан. Сиз менинг қаҳрамонимсиз. Бизнинг кўчалар ҳам чиройли асфальт қилинди. Ёритиш тизимлари {янги бўлди} ва бошқа яхши ишлар амалга оширилди...
9 июль куни сайловда мен ҳам иштирок этаман, {яъни оила аъзоларим билан бирга бораман}, албатта. Лекин {овоз беришга} ёшим етмас экан. Биз оиламиз билан Сизга овоз берамиз. Сиз, албатта, ғалаба қозонасиз ва менинг Президентим бўлиб қоласиз.
Ҳурмат билан, қизингиз Шаҳзодахон. 2023 йил, 7 июль”.
Орадан уч кун ўтиб, Президент сайловининг эртаси куни, яъни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилганидан сўнг қизалоқ яна давлат раҳбарига мактуб йўллайди (ҳар бир мурожаат ўрганиб чиқилиши учун 15 кун муддат зарур бўлишини ҳали билмаган қизалоқ иккинчи мактубида уч кун аввал топширган биринчи хатининг тақдири билан ҳам қизиқади).
Табрик хатини ўқиймиз:
“...Ваъда берганимдек, барчамиз Сизга овоз бердик.
Сайловдан олдин ҳам Сизга омад тилаб хат ёзгандим. Етиб бордими?
Президент бобо, Сиз учун жуда ҳам хурсандман. Нафақат мен {қувончдаман}, балким бутун Ўзбекистонда байрам. Мен ҳам Сиз каби билимли, ташаббускор, ғайратли бўлиб, Ватанимга муносиб фарзанд бўлишга ваъда бераман. Сизни ўзим ва оиламиз номидан Президент сайловида қозонган ғалабангиз билан чин кўнгилдан табриклайман”.
Албатта, бундай самимий дил изҳорларига тўла табрикномалар кўп. Айтайлик, Қорақалпоғистоннинг Кегайли тумани Гужимтерек маҳалласидан Расберген Узоқов, Нукус шаҳри Халқлар дўстлиги маҳалласидан Элмира Қорабоева, Фарғона вилояти Сўх тумани Девайрон маҳалласида яшовчи Қамбарали Ҳожиқурбонов, Қува тумани Саноатчилар маҳалласидан Жамилахон Абдураимова, Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас маҳалласидан Жалил Кенжаев, Зомин тумани Улуғбек маҳалласидан Музаффара Сиддиқова, Фориш тумани Осмонсой маҳалласидан Зарифа Умурова, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри Камолот маҳалласида яшовчи Зиёда Раҳимова, Яккабоғ тумани Мустақиллик маҳалласидан Баҳодир Норбоев, Хоразм вилояти Шовот туманидан Умиджон Аллаберганов, Ҳазорасп тумани Темирчи маскани маҳалласидан Гулноза Шарипова, Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Каттаҳаёт маҳалласидан Резеда Аҳмедшина, Сариосиё тумани Турмушобод маҳалласидан Дилором Ҳамзаева, Сирдарё вилояти Ширин шаҳри Фарҳод маҳалласидан Шавкат Султонов, Оқолтин тумани Саховат маҳалласидан Ситора Қувонова, Андижон вилояти Олтинкўл тумани Айрончи маҳалласидан Баҳодир Ҳакимов, Наманган вилояти Поп тумани Уйғур маҳалласидан Хайриддин Усмонов, Бухоро шаҳри Зарафшон маҳалласидан Меҳрожиддин Саидов, Навоий вилояти Ғозғон шаҳарчаси Шайхон маҳалласидан Камола Зиёдуллаева, Самарқанд вилояти Иштихон тумани Минглар маҳалласидан Элдор Холмуродов, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри Мирзо Улуғбек маҳалласидан Ойниса Абдиева, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Кўркам маҳалласидан Жанна Аикова, Янгиҳаёт тумани Чорбоғ маҳалласидан Гулчеҳра Набиулина каби минглаб юртдошларимизнинг табрик ва миннатдорлик мактубларида ўтган олти йилда мамлакатимизда рўй берган тарихий ўзгаришлар, одамларнинг реал ҳаётидаги янгиланишлар боис давлатимиз раҳбари Президент сайловида ёрқин ғалабага эришгани аниқ мисоллар билан эътироф этилиб, бу инсонпарвар, халқчил ва адолатли ислоҳотлар янги босқичи ҳам муваффақиятли амалга ошишига катта умид-ишонч билдирилган.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари номига йўлланган мактублар билан танишар эканмиз, юртимизнинг турли ҳудудларида яшаётган, ҳар хил соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ватандошларимизни янги Ўзбекистоннинг бугуни ва келажагига бўлган қатъий ишонч, Президентимизга чексиз меҳр, юксак ҳурмат ва кучли садоқат туйғулари бирлаштириб турганига амин бўлиш мумкин. Шунда асрлар синовидан ўтган қойим ҳақиқатлардан бири онг-қалбимизда жаранг сочади: халқим деган инсонни эл-юрт доим қўллайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Халқ қабулхонаси маълумотлари асосида
У.Ёқубов тайёрлади