— Агар юқоридан назар ташласангиз, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифода этади.

Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, Тошкент вилояти ва барча ҳудудларимиздан, хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда. 

Бу ерда сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари барпо этилди ва этилмоқда, деди Президент.

Давлат раҳбари мажмуа ёнида Олимпия шаҳарчаси бунёд этилиши, унда 2025 йили Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларининг асосий мусобақалари ўтказилишини маълум қилди.

Мажмуа ҳудудида замонавий олий таълим даргоҳи, тиббиёт клиникалари, халқаро кўргазма марказлари ва бошқа объектлардан иборат шаҳарча қурилмоқда.

Мустақиллик монументида Ўзбекистоннинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеаларни муҳрланган.

Буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймоларини  акс эттирилган.

Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва матонати лавҳаларда кўрсатилган.

— Ғоят қийин ва мураккаб шароитда республика равнақини, халқимизнинг тинчлиги ва омонлигини ўйлаб, ўзини аямасдан хизмат қилган атоқли давлат арбобларимиз фаолияти ҳам атрофлича ёритилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттириш эътибор марказига қўйилди, деди давлатимиз раҳбари.

Монумент пойига:  “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда”,  деган сўзлар битилган.