Бухоро шаҳридаги ёшлар маркази хиёбонида очиқ осмон остида «Менинг Конституциям» шиори билан янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда партия Марказий кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Кўҳна тарихи, табаррук зиёратгоҳлари, улуғ алломалари билан дунёга машҳур заминда бугун ҳам мард ва танти, уддабурон, меҳнаткаш ва фидойи инсонлар яшайди, ёшлари билим олишда, спортда ўрнак ва ибрат кўрсатмоқда. Табиийки, илмга, янгиликлар ва ислоҳотларга чанқоқ бухороликлар эртанги куни, тақдирини белгилаб берадиган сиёсий жараёнлар, юртимиздаги конституциявий ислоҳотларга бефарқ эмас.

Тадбир аввалида янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳақидаги энг олий ҳужжат экани, унда инсоннинг бахтли бўлиши учун энг муҳим қоидалар белгилаб қўйилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Халқ демократик партияси Конституцивий ислоҳотлар ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаб келаётгани, бутун республикадаги партия электорати вакиллари, депутатлар ва фаоллардан олинган 3 мингдан ортиқ таклифларнинг аксарияти янги таҳрирдаги Конституцияда ўз ифодасини топаётгани, бу катта ижтимоий-сиёсий ютуқ эканини қайд этди.

Янги таҳрирдаги Конституция илғор давлатчилик ва демократия тажрибалари асосида тўлиқ халқимиз, фуқаролар манфаатларига хизмат қиладиган ижтимоий давлат қуриш йўлида янги даврни бошлаб беради.Очиқ осмон остидаги тарғибот тадбирида кейинги йилларда юртимизда инсон манфаатлари, қадр-қимматини юксалтиришга асос бўладиган улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Эндиликда Конституциявий ислоҳотлар орқали давлат халқимиз учун жуда муҳим бўлган масалаларда қатор мажбуриятларни зиммасига олаётгани таъкидланди. Энг асосийси,Ўзбекистон ижтимоий давлат экани биринчи моддадаёқ қатъий белгиланиб, кейинги моддаларда бу қоида ривожлантирилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани, 43-моддада фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, 47-моддада эса ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқини кафолатлаш учун шароит яратиш давлатнинг зиммасида бўлиши белгилаб қўйиляпти.

Байрамона кайфиятда ўтган тадбирда маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституциямиздаги меъёр ва қоидалар меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдирди.

Тадбирда иштирокчилар билан бевосита мулоқотга киришилиб, сиёсий-ҳуқуқий викторина саволларига жавоб ва фикр-мулоҳазалар тингланди. Энг фаол қатнашчиларга эсдалик совғалари топширилди.Мулоқот сўнггида оиласи, фарзандлари, яқинлари яхши яшаши, ўз юрти тинчлиги ва фаровонлигини истайдиган ҳар бир юртдошимиз муҳим сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмасдан, референдумда ўз фуқаролик позициясини кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

Очиқ осмон остида мулоқот тадбирлари Халқ демократик партияси томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

Баҳор Хидирова,

«Янги Ўзбекистон» мухбири