Президентимизнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони ҳам ана шундай муҳим хабарлардан бири бўлди. Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 фуқаро афв этилди.
Айтиш керакки, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу умидларини, интилишларини тўла рўёбга чиқариши учун зарур шароитларни яратиб беришга энг устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда адашиб, номақбул йўлга кирган, аммо кеч бўлса-да ўз қилмиши хатолигини англаб етиб, чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган юртдошларимизнинг соғлом ҳаётга қайтишига имкон бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Уларга нисбатан афв институти қўлланилиб, оиласи ва халқимиз олдида ўзини оқлаши, ҳаётдан ўрнини топиши, ҳалол меҳнат қилиб, турмуш тарзини изга тушириши учун имконият берилмоқда. Маълумотларга кўра, охирги беш йилда юртимизда 16 марта афв эълон қилиниб, 4965 фуқаро афв этилгани халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик, кечиримлилик ва олижанобликнинг яққол намунасидир.
– Афв институтининг жорий этилиши инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим кўриниши бўлди, – деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова. – Бу юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида нафақат демократик ва инсонпарварлик тамойилларига, балки халқаро стандартларга ҳам риоя этилишини яққол намоён этади. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида яна 215 нафар шахс ана шу имкониятдан баҳраманд бўлди. Айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу хайрли ишлар халқимиз, қолаверса, жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлишида ҳам юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида рўй бераётган ана шундай янгиланишлар муҳим омил бўлмоқда.
– Афв этиш Президентнинг конституциявий ваколатларидан бири ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев. – Амнистия актидан фарқли равишда афв муайян шахслар учун уларнинг шахсини тасдиқловчи маълумотларни, ёши, жисмоний, оилавий ҳолати ва бошқа жиҳатларни эътиборга олиб жазодан озод қилиш саналади. Афв тўрт хил шаклда амалга оширилади. Асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш, муддатидан илгари шартли озод қилиш, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш ва судланганликни олиб ташлаш билан боғлиқ. Президентимиз фармонига мувофиқ, афв этилганларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 127 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 73 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Бошқача айтганда, 142 нафар маҳкум жазо муассасасидан чиқиб, оиласи бағрига қайтади.
– Озодлик улкан бахт. Унинг қадрини ҳамиша англаб етолмаймиз, – дейди авф этилганлардан бири. – Айниқса аёл, она учун оиласи, фарзандлари дийдоридан ортиқ бойлик йўқ. Афсуски, мен буни кеч англадим, адашиб хатога йўл қўйдим. Шу хатоимни кечириб мени оиламга қайтарган Президентимиздан бир умр миннатдорман. Бу ишончни, албатта, ҳалол меҳнатим билан оқлайман.
– 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эдим, – дейди афв этилганлардан яна бири. – Ота-онамга, яқинларимга ҳам кўп ташвиш туғдирдим, тинчини буздим. Гарчи қилмишимга минг карра пушаймон бўлсам-да, муддатидан илгари озодликка чиқаман, ота-онам бағрига қайтаман, деб умид қилмасдим. Президентимизга, халқимизга катта раҳмат. Мен сингари адашганларга тўғри ҳаётга қайтиш учун имкон берилди. Бу имкониятни жуда юксак қадрлайман. Ҳозир ёшлар тадбиркорлик қилиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун барча шароитлар яратиляпти. Мен ҳам шундан фойдаланиб, ҳалол меҳнатим билан ота-онам, халқимизга хизмат қилмоқчиман.
Фармонда афв этилган шахслар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишида уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
– Президентимизнинг ушбу фармонида белгиланган вазифалар ижросига ҳозирданоқ киришилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақов. – Афв этилганлар ички ишлар идоралари ходимларининг бевосита кузатувида яшаш манзилларига етказилди. Энди ишларимизнинг иккинчи босқичи бошланади. Тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда афв этилганларни оилага, жамиятга мослаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу жараёнда уларга ҳар томонлама кўмак берилади. Жумладан, касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш, даволанишга муҳтож бўлса соғлиғини тиклаши ва бошқа эҳтиёжлари ўрганилиб амалий ёрдам кўрсатилади. Маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигида улар билан доимий учрашувлар ташкил этилади. Мақсадимиз уларни қайта жиноят содир этишдан асраш ва ҳаётдан ўз ўрнини топишига кўмаклашишдир.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шодиёналари шу тахлит кўплаб оилаларда қўшалоқ шодиёнага айланиб кетди. Афв этилганлар орқали қанча-қанча оилаларга шодлик, қувонч ва бахт кириб борди. Фарзанди дийдорини зориқиб кутаётган ота-онанинг чироқ ёқса ёришмайдиган кўнгли нурга чулғанди. Ота ёки онасидан айро яшаётган фарзандларнинг кемтик кўнгли нурафшон бўлди. Буларнинг барчаси халқимизга хос бағрикенглик, олижаноблик, кечиримлилик фазилатларини ўзида мужассам этган афв институтининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти яққол ифодаси этувчи муҳим далиллардир.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.