Булар қаторига яна Мустақиллик, Хотира, Ғалаба майдонлари, Адиблар хиёбони ва мажмуаларини, тарихий қадамжолар, истироҳат боғлари, мактаб ва олий ўқув юртларидаги катта-кичик кутубхоналар, бадиий тўгараклар, музейларни қўшиш мумкин. Улар орасида маҳобати ва салобати билан алоҳида мавқе касб этаётган Ислом цивилизацияси маркази мажмуаси эса қисқа муддатда дунёни ўзига ром этди десак, муболаға бўлмайди.

Ҳозир дунё миқёсида муҳим геосиёсий жараёнлар кечаётган бир пайтда Президентимиз илгари сураётган “Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш” ғояси жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинмоқда. Маз­кур ташаббус кўплаб экспертлар эътироф этганидек, инсоният тараққиётининг янги тамаддун модели сифатида юқори баҳоланяпти.

Янги давр тасодифан шаклланмайди. Аввало, у инсон шуурида уйғониб, кейин ҳаётимизда намоён бўлади. Тамаддунларнинг юзага келиши учун инсонларни бирлашти­радиган, уларнинг интилишини тараққиётга йўналтира оладиган улкан ва илғор ғоялар туғилиши шарт. Бундай ғоялар одамзод та­факкурини, илм-фан, маданият, иқтисодиёт ва технологиялар ривожини тубдан ўзгарти­ра олади. Ана шундай ғоялар меваси бўлган мазкур улкан ва ноёб лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 23 июндаги қаро­рига биноан бошланиб, 2018 йили Рамазон ҳайити куни пойдевор қўйилган эди.

Давлатимиз раҳбари маърузаларидан би­рида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинишидан асосий мақсад халқимизнинг бунёдкорлик даҳоси билан барпо этилган ана шундай ноёб ме­росни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит та­саввур уйғотиш, улар билан аҳоли ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, инсон қалби ва онгини эгаллаш учун турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш эканини таъкидлаган эди.

Президентимиз лойиҳанинг амалга оши­рилиши жараёнини мунтазам кузатиб борди. Тамал тошини қўйишдан бошлаб қурилиш ва бунёдкорликнинг ҳар бир босқичида қу­рилиш майдонига ташриф буюриб, ишлар­нинг боришини кўздан кечиришни канда қилмади. Танишиш жараёнида керакли маслаҳатлар берди, мутахассислар иштиро­кида мажмуа тарҳига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритди, такомиллаштирди.

Қиёси йўқ мегалойиҳа

Маърифат, илм-фан ва таълим Учинчи Ре­нессанс сари дадил қадам қўяётган мамлака­тимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи­га айланди. Янги Ўзбекистонда илм-фан, инновацион технологиялар ва илғор кашфи­ётлар барчамиз орзу қилган уйғониш даври сари руҳлантирмоқда. Аждодларимизнинг маънавий мероси эса замонавий давлатчи­лигимиз тараққиётида мустаҳкам ҳамда му­носиб ифодасини топаётир.

Маҳобатли иншоот қадимги меъмо­рий обидаларимиз шаклида бунёд этилган. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшлар­нинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.

Марказнинг энг асосий қисмидан Қуръони карим зали жой олган. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қади­мий Усмон Мусҳафи жойлаштирилди. Шу­нингдек, муқаддас китобнинг сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, те­мурийлар ва бошқа тарихий сулолалар дав­рида битилган нусхалари ҳамда эски ўзбек тилидаги маънолар таржималари қўйилди. Қуръони каримнинг жаҳондаги энг нодир қўлёзмаларидан намуналар ҳам ўрин олди.

Марказда 460 ўринли анжуманлар зали бор. Бу ерда турли халқаро учрашувлар, анжуманлар ўтказиш учун зарур шароит яратилган, энг сўнгги русумдаги техника воситалари билан ўрнатилган. Ўтган йили августда мажмуа билан танишиш асносида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон улуғ та­рихга эга мамлакатлиги, буюк аждодлари­мизнинг илмий-маданий мероси инсоният тарихида ўчмас из қолдиргани, дунё ҳам­жамиятини ундан хабардор қилишда ушбу марказнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаган эди.

Бу ерга кирган киши асрлар давомида илм-фан, маънавият, маърифат ва маданият й ў л и ­да қилинган беқиёс ишларга гувоҳ бўлади. Жум­ладан, Имом Бухорий, Мо­туридий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замах­шарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирлар зиёратчиларни эзгулик, инсонпарварлик ва ҳидоятга чорлайди.

Мажмуада “Исломдан аввалги циви­лизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон — янги Ренес­санс” каби бўлимлар ташкил этилган. Маз­кур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиали воси­талар орқали намойиш этилган. Тарихдаги етук уламоларнинг ислом маърифатига қўш­ган ҳиссаси атрофлича ёритилган.

Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хон­зодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбе­гим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган аёл­ларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ифодаланган.

* * *

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва унинг теварагида қилинган бунёдкорлик ишлари ҳамда ўзгаришлар ҳар қандай одамни маҳлиё этади. Пойтахтнинг тарихий Қорасарой, унга туташ Зарқайнар кўчаларини бугун таниш қийин. Қораса­рой кўчасида автомобиллар учун қурилган ер ости йўли, икки чеккада мумтоз усулда қад ростлаган меҳмонхоналар, савдо раста­лари, Зарқайнарнинг Эски жўва бозорига олиб чиқадиган тор ва узун кўчасидаги қадимий услубдаги таъмирлаш ишларидан ҳайратга тушади киши. Айниқса, мажмуа, ёндош иншоот ва туташ ҳудудлар оқшом палласи чироқлар нурида алоҳида фусун касб этади.

Euronews телеканали Ўзбекистондаги Ис­лом цивилизацияси марказига бағишланган, унинг ноёб меъморий ечимларини ёритувчи махсус репортажларини бир неча кун эфирга узатди.

“Ватан ҳақида қўшиқ”

Анча йиллар аввал, касбимнинг сир-асро­рини тўлиқ англамаган давримда бир газета­да худди шундай сарлавҳали мақола берил­ганди. Муаллифи ёдимда йўқ, лекин таниқли шоир ёки ёзувчи эмасди. “Ватан ҳақида қў­шиқ” бирор шеър ёки қўшиқ таҳлили бўлса керак деган ўй билан мақолани ўқишга ки­ришганим ёдимда. Матнда назм, оҳанг, куй ва ижро ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, лекин у шеър каби равон ўқилар, ростдан ҳам қўшиқ мисоли ўзидан оҳанг таратар эди. Муаллиф мақолада Ватани, юрти, табиати, урф-ода­тию одамларини мадҳ этган эди.

Бугун Тошкентнинг Эски шаҳар қисмига йўли тушган одам борки, ҳайратини яшира олмаяпти. Ўзбекистондаги Ислом цивили­зацияси марказидаги бунёдкорлик ишлари оддий сайёҳни ҳам, нуфузли делегация ва­килларию давлат раҳбарларини ҳам оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ўз таассуроти билан ўртоқлашишга ундамоқда. Ушбу дил изҳорларини эса улар­даги ҳарорат ва тафт туфайли Ватан ҳақида қўшиқ, бизнинг Ватанимиз ҳақида қўшиқ сифатида қабул қилиш мумкин.

Александр ВУЧИЧ,

Сербия Президенти:

— Мен аввалроқ Ўзбекистонга келмай, катта хатога йўл қўйганман. Бу мамлакатга, албатта, келинг! Мен бу мамлакатга аввалроқ келмасдан жуда катта хатога йўл қўйганман. Имконингиз бўлдими, бу мамлакатни кўрга­ни, албатта, келинг.

Сантьяго ПЕНЬЯ,

Парагвай Республикаси Президенти:

— Ўзбекистон тарихи ҳақиқатан беқи­ёс. У беш минг йиллик тараққиётни қамраб олган улкан цивилизациядир. Бир миллатни англаш учун унинг тарихини билиш керак. Бу ерда эса тарих жуда бой. Инсоният тамад­дунига улкан ҳисса қўшган кўплаб илмий ва маданий ютуқлар айнан шу заминдан келиб чиққан. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги тарихий мероси, илмий ютуқлари ва мада­ний цивилизациясидир. Масалан, алгебра ёки тиббиёт соҳасидаги илк мукаммал ил­мий асослар шу юртдан келиб чиққанини кўпчилик билмайди. Мен бу ташрифдан жуда руҳландим. Парагвай Ўзбекистон би­лан келгусидаги истиқболли ҳамкорликка тайёр.

Рана Иҳсаан АФЗАЛ,

Покистон Бош вазири девонида савдо бўйича координатор:

— Бундай марказни дунёнинг ҳеч бир жойида кўрмаганман. Бу ерга кирган одам та­рихнинг турли даврларида саёҳат қилгандек бўлади. 3D саҳналар, мультимедиали тақди­мотлар ва илмий изоҳлар ўтмишни айнан кўз олдингизда жонлантиради. Ўзбекистон неча минг йиллик илм-фан меросини бир жойга жамлаб, замонавий талқинда намойиш эта олгани — жуда катта ютуқ.

Ўзбекистон — Покистон алоқалари айни пайтда янги босқичга кўтарилган. Савдо, транспорт ва дипломатик ҳамкорлик кўла­ми йил сайин кенгаймоқда. Икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилгани ҳам бу ҳамкорликка ёрқин мисол­дир.

Мита ТАНЖУНГ,

Индонезия мусулмон ҳаж ташкилотчи­лари ассоциацияси раиси:

— Бу марказ Ўзбекистон цивилизацияси, тарихи, донишмандлиги ва маънавиятининг бутун жозибасини ўзида жамлаган. Ҳар бир бўлимдаги экспонатлар жуда қимматли. Ма­жмуадаги барча гўзаллик, ажойиб маълу­мотлар, тарихий бойликларни кўриш — мен учун катта бахт. Ўзбекистонда қадимдан то ҳозиргача бўлган бутун цивилизация мужас­самлигига гувоҳ бўлдим. Визуал зал, айниқ­са, Каъба кисваси намойиш этилган бўлим катта таассурот қолдирди. Бу маскан индо­незиялик мусулмон сайёҳлар учун ҳам жуда муҳим. Келгусида биз ҳам Ўзбекистоннинг буюк цивилизацияси, тарихи ва мадания­тини янада кўп одам келиб кўришига ҳисса қўшамиз.

Муҳаммад ГАЗАЛИ,

Индонезия умра ва ҳаж сайёҳлик агентликлари ассоциациясининг мин­тақалар раиси:

— Бу марказ ниҳоятда чиройли, қа­димги цивилизация мероси замонавий ва илғор технологиялар билан уйғунлашти­рилгани жуда ҳайратланарли. Унга кирга­нингизда гўё ўша даврга тушиб қолгандек, тарих саҳифалари қатида сайр қилаётган­дек бўласиз.

Марказ музейида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон даврлари шукуҳи бор. Менимча, бу жуда қизиқарли ва ўзига хос тажриба. Шу сабабли Индоне­зиядаги юртдошларимизни ҳам бу масканга келиб, тош давридан ислом динининг кириб келишигача бўлган тараққиётни ўз кўзи би­лан кўришга чорлайман.

Таҳир ФАРООҚ,

“Daily Ittеhad” медиа гуруҳи бош муҳаррири:

— Ўзбекистон ўз тарихини нафақат сақлаб қолган, балки уни янги авлод учун энг замонавий услубда жонлантириб бера оляпти. Ҳар бир залда илм бор, ҳар бир экс­позиция ўтмишнинг янги саҳифасини очади. Сунъий интеллект ва мультимедиали тех­нологияларнинг бундай уйғунлиги тарихни янада чуқур англашга ёрдам беради.

Қуръон залидаги ноёб қўлёзмалар, буюк алломалар мероси, марказ концепцияси­нинг изчил илмий асослангани ва маъри­фий руҳини алоҳида эътироф этиш лозим. Ислом цивилизацияси маркази — “тарихни жонлантирган, илм ва технологияни уйғун­лаштирган ноёб хазина” бўлиб, уни дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш зарур.

Муҳаммад бин СУЛАЕМ,

Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) президенти:

— Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан Пре­зидентига бу марказни ўз кўзимиз билан кўриш имконини бергани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман. Бу ерда илгари ўзим билмаган кўплаб маълумотларни кўр­дим. Менимча, бу Ўзбекистоннинг яширин хазинаси. Бу юрт дунёга ёйган илмий мерос ҳақида кўпчилик ҳали ҳам етарлича хабар­дор эмас. Қуръонга бағишланган залда асл қўлёзмаларни кўрганим, йўқолиб кетган ёки турли йўллар билан бошқа мамлакатларга ўтиб кетган нодир манбаларни қайта жам­лаш бўйича Президентнинг шахсий ташаб­буси ҳақида эшитганим мени чуқур ҳаяжон­га солди.

Бу маскан дунё миқёсида янада кенг тарғиб қилиниши керак. Муҳаммад Хо­размий, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино каби буюк шахсларнинг илмий меросини глобал миқёсда намойиш этиш — бизнинг ҳам бурчимиз. Ўзбекистоннинг исломдан аввалги даврдан бугунгача бўлган тараққиёти, ислом маданиятига қўшган улкан ҳиссаси — буларнинг барчаси мени ҳай­ратга солди. Энг муҳими, бу маскан одам­ни асл ҳақиқатга қайтаради: тарихдан са­боқ олиб, дадил олға юриш керак деган ғояни беради.

Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хораз­мий, Абу Наср Форобий, Имом Термизий, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино каби улуғ зотлар жаҳон тараққиётининг пойдеворига айланган илмий ютуқларни яратган бўл­са-да, бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари­да улар ҳақида етарли билим мавжуд эмас. Марказ фаолияти тарихий меросни глобал миқёсда тарғиб қилиш йўлидаги ниҳоятда муҳим ташаббусдир.

Жаля АЗИЗОВА,

Халқаро Қизил Ярим ой жамиятининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мам­лакатлари бўйича минтақавий координа­тори:

— Марказнинг меъморий ечими, зал ва йўлаклар концепцияси, тарихий даврларнинг босқичма-босқич очиб берилиши — жуда таъсирли. Исломдан аввалги ёдгорликлардан тортиб, Шарқ уйғониш даврларигача бўлган жараённинг бундай профессионал ёритили­ши мени жуда илҳомлантирди.

Жулиан АНАНДА,

Индонезия “Halal Tour” сайёҳлик агентлиги аъзоси:

— Ўзбекистондаги ислом цивилизация­си маркази — ниҳоятда ажойиб маскан. Бу ерда зулмат давридан бошлаб олтин даврга­ча, яъни ислом цивилизацияси шаклланган давргача бўлган бой тарих мужассам.

Мазкур улкан мажмуа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббу­си билан барпо этилган бўлиб, унинг ар­хитектураси, дизайни ва мазмуни билан келган ҳар бир кишини ҳайратга солади. Ўзбекистонга келган меҳмонлар, албатта, бу масканда бўлиши керак. Чунки бу мажмуа нафақат гўзал, балки чуқур маънавий ва тарихий мазмунга эга.

Билжана МИЛОСЕВИЧ,

Халқаро Қизил Ярим ой жамиятининг Марказий Осиё бўйича минтақавий деле­гацияси раҳбари:

— Бу марказга илк бор келяпмиз ва чин дилдан айтишим керак: мен бу ерда кўрган­ларимдан ҳайратдаман. Экспозициялар на­фақат илмий асосланган, балки жуда замона­вий ва таъсирли тарзда ясалган. Интерактив бўлимлар орқали тарих қаърига тушгандек бўласиз.

Энг муҳими бу масканнинг инсоният мероси қадрини юксалтирувчи, тинчлик ва ўзаро ҳурмат ғояларини тараннум этувчи табаррук жой эканида. Ўзбекистон халқига ва Президентига бундай улкан лойиҳа учун миннатдорлик билдираман.

* * *

Бу каби куй ва оҳангга айланувчи сами­мий битиклар кишининг кўнгил тубидан чиқади. Зеро, марказнинг марказий маъри­фат маркази олдига қўйилган муҳим вазифа­лардан кўзланган мақсад ҳам шу — миллий тарихимизнинг янгиланган тимсолини яра­тиш ва ёш авлод қалбида юртимиз аллома­ларининг ўлмас меросига юксак муҳаббат уйғотишдир. Ўз Ватанини севган, тарихи ва қадриятларини улуғлаган инсонларгина муносиб келажак давомчилари бўла олади. Уларни тарбиялашда эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ўрни беқиёс.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири