Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, у дунё ҳамжамияти кўз ўнгида қадам-бақадам юксалаётир. Нафақат минтақада, балки жаҳонда сиёсийиқтисодий жиҳатдан тобора мавқеи мустаҳкамлаётганини сиёсатшунослар баралла айтмоқда. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси сессиялари ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда илгари сурган ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани, бу бўйича махсус резолюциялар қабул қилинаётгани сўзимиз тасдиғидир.

Айни пайтда юртдошларимиз давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси шукуҳи билан яшаяпти. Халқаро ва маҳаллий экспертлар мазкур муҳим ҳужжатни чуқур таҳлил қилиб, керак бўлса, сўзма-сўз ўрганаётгани, мамлакатимизнинг келгуси йилга мўлжалланган режа ва марралари билан танишаётгани ҳам бор ҳақиқат.

Кўпчилик Мурожаатнома контекстида диққат қаратаётган масалалардан бири мамлакатимизда аҳоли сонининг 36 миллиондан ошгани, ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилаётгани омилидир. Дунёнинг қатор давлатларида қариш тенденцияси кучаяётган, аҳолининг меҳнатга лаёқатли ёш қатлами камайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда ёшларнинг тобора кўпаяётгани катта ютуқ.

Бу инсон капиталини кучайтириш, салоҳиятли меҳнат ресурсларини яратиш орқали иқтисодий жиҳатдан ривожланиш имконини беради. Яқинда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциациясида БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили жаноб Ю Ю билан учрашдик. Суҳбат давомида нуфузли меҳмон қизиқарли маълумотларни айтиб берди. Аҳолишуносликда умумий туғилиш даражаси (TFR — total fertility rate) деган муҳим атама бор.

У аёл ҳаётининг бутун репродуктив даврида ўртача неча нафар бола туғишини кўрсатадиган коэффициентдир. Демографларнинг ҳисоб-китобига кўра, мамлакат аҳолисини табиий равишда бир хил кўрсаткичда сақлаб туриш учун умумий туғилиш коэффициенти тахминан 2,1 ни ташкил қилиши керак. Яъни мамлакатда аҳоли сони кўпаймаслиги ва камаймаслиги учун TFR кўрсаткичи бўлиши лозим. 2017 йилгача Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2,3 эди.

Охирги беш йилда 40 фоиз ошди. Бугун юртимизда умумий туғилиш даражаси 3,3 га етди. Таққослаш учун айтиш жоиз: бу кўрсаткич Ҳиндистонда 2,18, Хитойда 1,18, Францияда 1,9, Россияда 1,8, Туркияда 2,14 ва Жанубий Кореяда атиги 0,9 ни ташкил этади. Статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони 36 миллиондан ошди. Ўтган йили мамлакатимизда 920 минг бола туғилган. Жаноб Ю Юнинг фикрича, қисқа вақтда умумий туғилиш даражасининг бундай кескин ўсиши жаҳон амалиётида жуда кам учрайдиган ҳодисадир.

Демографлар бу кескин ўсишни турмуш шароити яхшилиги ва оилаларнинг келажакка ишончи мустаҳкамланиши билан изоҳлайди. Шу билан бирга, масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Туғилиш сони кўпайиши билан аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш масъулияти ҳам ошади. Соғлиқни сақлаш тизимида аёллар скрининги ва диагностикаси, касалликлар профилактикаси, мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача ёшлар учун кенг имкониятлар яратилиши, янги иш ўринлари очиш ва иш билан таъминлаш каби муҳим масалаларга кучли эҳтиёж сезилади.

Тан олиш керак, биз айнан шу йўналишлар бўйича сўнгги 5-6 йилда жиддий шуғуллана бошладик. Бу орада кўпчилик ёшлар чет элга кетиб, арзон ишчи кучи сифатида қора меҳнат билан банд бўлиб қолди. Оиласидан йироқда яшайди. Фарзандининг тарбияси билан шуғуллана олмайди. Қарабсизки, муаммолар болалайверади. Яқинда Ҳиндистонда бўлиб қайтдим. У ерда бир ҳолатдан таажжубга тушдим. 1 миллиард 400 миллион нуфусли Ҳиндистонда ҳар йили 27,5 миллион бола туғилар экан. Бу деярли Австралия аҳолисига тенг. Бир қарашда кўпдек туюлиши мумкин. Туркиянинг эса 85 миллион аҳолиси бор.

Уларда туғилиш кўрсаткичи бир йилда 1,1-1,2 миллионга етади. Хитой аҳолиси ҳам 1 миллиард 400 миллион атрофида. Туғилиш кўрсаткичи эса йилига 10,5 миллион. 145 миллион кишилик Россияда эса туғилиш кўрсаткичи тахминан 1 миллионга яқин. Кейинги йилда Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичи 1 миллионга етиши кутиляпти. 36 миллион кишилик мамлакатимиз учун, назаримизда, бу катта рақам. БМТ тахминларига кўра, 2080 йилларда дунё аҳолиси 10,4 миллиард кишига етади ва 2100 йилгача бу кўрсаткич сақланиши мумкин.

Яъни қайсидир давлатда аҳоли сони ошиб боради, бошқасида эса, аксинча, камаяди. Олимларнинг айтишича, аср охирига қадар Ўзбекистон аҳолиси 80 миллионга етади. Россияликлар эса 110-70 миллионгача камайиши мумкин. Юртимизда туғилиш кўрсаткичи юқори бўлаётгани, шубҳасиз, катта натижа. Бироқ мана шу имкониятдан мамлакатимизни ривожлантириш йўлида фойдаланиш, интеллект, яъни ақлий меҳнат орқали даромад топишни ўрганишимиз керак. Зеро, аҳоли сони ошгани билан мамлакат ҳудуди кенгаймайди, суви ва табиий бойликлари ҳам кўпаймайди.

Аҳолининг ўзи билими ва салоҳияти билан натижага эришиши керак. Ҳиндистонга қарайлик: жаҳоннинг энг йирик компанияларида айнан шу мамлакат фуқаролари кўпчиликни ташкил этади. Ўз интеллекти орқали компанияларни бошқаради. Биргина “Microsoft” компаниясида 20 мингдан ортиқ ҳинд дастурчиси ишлайди. Мана шу омил бизни доим инсон ресурсидан, ақлий салоҳиятидан фойдаланишга ундаши, фарзандларимиз таълим-тарбиясига инвестиция киритишимизда руҳлантириб туриши лозим.