Айни пайтда давлатимиз раҳбари нутқ сўзламоқда.

"Менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлаган барча юртдошларимга яна бир бор чин қалбимдан самимий миннатдорчилик билдираман.

Муқаддас Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғига, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланишимни мен инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган сиёсатимизнинг яна бир юксак эътирофи сифатида қабул қиламан", – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев Президент сайлови янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилгани унга чинакам халқчил руҳ ва мазмун бағишлаганини таъкидлади.

"Ушбу сайловда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди, деб айтишга барча асосларимиз бор. 

Мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва масъулиятли бу сиёсий жараён эл-юртимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини яна бир марта тасдиқлади.

Сайловда 15 та халқаро ташкилотдан 466 нафар, 47 та хорижий   давлатдан 331 нафар вакил халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Шу билан  бирга, 1400 нафар маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини атрофлича ёритиб борди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли миссиялари бутун сайлов жараёнларини бевосита кузатиб борди.

Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  Парламентлараро ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилотидан ҳам кузатувчилар иштирок этди. Буларнинг барчаси ушбу сайлов жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.

Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, эркин ва демократик, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида, очиқлик ва шаффофлик руҳида ўтганини эътироф этдилар.

Бу, ўз навбатида, барчамизни бирлаштириб, ўз куч ва имкониятимизга бўлган ишончимиз, халқимиз, Ватанимиз олдидаги масъулиятимизни янада ошириши табиий, албатта", – деди Президент.

"Олижаноб ва бағрикенг халқимиз менга яна бир бор катта ишонч билдириб, буюк Ватанимиз тақдири учун бутун масъулиятни ўз  зиммамга  олиш  имконини берганини шу ҳаяжонли лаҳзаларда янада чуқур англаб, қалбим чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлмоқда.

Шу билан бирга, бугун елкамга қандай улуғвор масъулият олаётганимни, Ватанимиз мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд азиз халқимнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканимни юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман.

Мана шундай юксак ишонч учун, ҳурмат ва эътибор учун кўпмиллатли, мард ва донишманд халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан", – деди Президентимиз.

Шавкат Мирзиёев унинг номзодини илгари сурган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг аъзолари ва фаолларига, у билан ҳамфикр бўлиб, номзодини қўллаб-қувватлаган “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилларига, барча тарафдорлари ҳамда ишончли вакилларига ташаккур айтди.

Сайловда муносиб иштирок этган “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудовага, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятовга, Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Ҳамзаевга алоҳида миннатдорлик билдириб, уларнинг келгуси ишларига ютуқ ва омадлар тилади.

"Албатта, биз турли сиёсий партияларга мансуб бўлишимиз, турли ғоя ва қарашлар тарафдори бўлишимиз мумкин. Демократия дегани ҳам аслида шу. Аммо моҳият эътибори билан қараганда, барчамизнинг, бутун Ўзбекистон халқининг мақсади бир. Бизнинг барчамизни Ватан, эл-юрт манфаати бирлаштиради.

Шу сабабли биз сайловда қатнашган партияларимиз  дастурларидаги энг муҳим фикрлар ва амалий таклифларни  келгуси фаолиятимизда албатта эътиборга оламиз. Барчамиз Янги Ўзбекистон деган ягона ва улуғ мақсад атрофида янада жипслашиб, халқимизнинг орзу-армони бўлган мана шу эзгу ғояни амалга ошириш йўлида ҳамкорлик қиламиз", – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев сайлов жараёнлари иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

"Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри сайловчиларига, барча туман ва шаҳарларимиз, қишлоқ ва овулларимиз аҳолисига, юртимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган маҳалла фаолларига, фуқаролик институти вакилларига, ҳаётимизнинг нуру зиёси бўлган азиз фахрийларимизга, жамиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган қадрли опа-сингилларимизга, келажагимиз эгалари – навқирон ёш авлодимизга, суюкли ўғил-қизларимга, чет элларда таълим олиб, меҳнат қилаётган, Ватан меҳри билан яшаётган барча ватандошларимизга чин юракдан ташаккур билдираман.

Айни вақтда ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларга, тадбиркор ва фермерларга, бунёдкор қурувчиларимизга, фидойи устоз ва мураббийларга, илм-фан, ижод ва санъат аҳлига, муҳтарам уламоларимизга, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларига, дунёдаги энг улуғ ва шарафли вазифани адо этаётган жасур ҳарбийларимизга, барча Ватан ҳимоячиларига, жаҳон майдонларида юртимиз байроғини баланд  кўтараётган  матонатли спортчиларимизга алоҳида раҳмат айтаман.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда хорижий мамлакатлардаги    элчиларимизга, дипломатик ваколатхоналаримиз ходимларига, сайлов жараёнларида қатнашган маҳаллий ва хорижий кузатувчиларга, оммавий ахборот воситалари вакилларига, журналист ва блогерларга самимий миннатдорчилик изҳор этаман.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланишим муносабати билан самимий табрикларини йўллаган мамлакатимизнинг барча фуқароларига, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларига, сиёсат ва жамоат арбобларига чуқур эҳтиромимни билдираман", - деди давлат раҳбари.

Президент халқимизнинг юксак ишончи барчамиздан – депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини таъкидлади.

"Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий- ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади.

Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак.  Шундагина у том   маънода янги давр бўлади.

Ўзингиз кўриб турибсиз, бугун дунё қандай шиддат билан, кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.

Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда.

Дунё миқёсида иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам барқарор ривожланишга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.

Биз мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозим" – деди Шавкат Мирзиёев.