Давлатимиз раҳбарининг Рамазон ҳайити арафасида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази каби шифо масканларига ташрифи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Жамоатчилик орасида ижобий акс садо берди. Мазкур ташриф юртдошларимизнинг руҳиятини кўтариш, инсонлар тақдирига жонкуярлик фазилатини намоён этиш билан бирга, ҳар доимгидек конструктив ечим ва таклифларга бой бўлди. Юксак ғамхўрлик, меҳрибонлик, ҳар бири фуқаро тақдирига жонкуярлик ташрифнинг асосий мазмунини ифода этди. Ташрифда мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар натижасида тиббиёт соҳасида ҳам катта ўзгаришлар мақсад қилингани ва бу йўлда амалий ишлар бошлангани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари раислигида 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида эътибор қаратилиши зарур бўлган асосий йўналишлар ҳамда мазкур соҳада амалга ошириладиган қатъий чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу ишларни бажариш жараёнида Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси зиммасига ҳам қатор вазифалар юкланади.

Ўтган вақт давомида вазирлик томонидан давомида илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар қилинди. Жумладан, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ташкилотлар томонидан умумий қиймати 76,4 миллиард сўмлик 56 та илмий лойиҳа учун шароит яратилди. Яъни ҳозир 57 миллиард сўмлик 42 та амалий, 19,6 миллиард сўмлик 14 та инновацион лойиҳа бажарилмоқда.

Тиббиёт, фармакология ва фармацевтика йўналишларида олимлар учун илмий лойиҳалар танлови давом этмоқда. Ўтган давр давомида тиббиёт фанлари йўналишида умумий қиймати 164,4 миллиард сўмлик 84 та тематик мавзу, фармакология ва фармацевтика фанлари йўналиши бўйича эса умумий қиймати 55,5 миллиард сўмлик 35 та тематик мавзу эълон қилинди. Улар саратон касалликларини эрта ташхислаш ва жарроҳлик йўли билан даволашнинг янги технологияси, оғир юрак-қон томир касалликлари билан хасталанган беморларни муолажа ва реабилитация қилишнинг персоналлаштирилган юқори технологияси, далилларга асосланган тиббиёт асосида COVID-19 ни даволашнинг янги модели, қариндош донордан олинган буйрак трансплантатида рад этилиш жараёнини эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича дастурий маҳсулотни яратиш каби лойиҳалар бўлиб, мамлакатимиз тиббиёти ривожига туртки берадиган инновацион ечим ҳисобланади.

Ҳозир тиббиёт фанлари ҳамда фармакология ва фармацевтика фанлари йўналишларида умумий қиймати 25,3 миллиард сўмлик 17 та тематик мавзу бўйича амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танлови давом этмоқда. Ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳалари танлови доирасида тиббиёт ҳамда фармакология ва фармацевтика фанлари бўйича умумий қиймати 4,2 миллиард сўмга тенг бўлган жами тўртта мавзу эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида умумий мукофот жамғармаси 500 миллион сўм бўлган “COVID-19 Challenge 2020» инновацион восита ва ечимлар онлайн танлови олтита йўналишда ташкил этилди. Танловда иштирок этиш учун 600 дан ортиқ лойиҳа қабул қилинди ва олтитаси сараланиб, молиялаштирилди.

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасига оид илмий ишланмаларни тижорийлаштириш ва ишлаб чиқариш аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида даволашда муҳим омил. 2021 йил май ойи ҳолатига кўра, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасига оид бешта илмий ишланма тижорийлаштирилди. Улар асосида умумий қиймати 5,18 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 3,77 миллиард сўмлик маҳсулот сотилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан янги инновацион лойиҳалар жорий қилиниб, технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. Масалан, “Chirana Asia” Словакия–Россия–Ўзбекистон қўшма корхонаси ишга туширилди. Вазирлик ва мазкур қўшма корхона таъсисчиси “Shimсo Group” компанияси билан 2019 йилда имзоланган ҳамкорлик меморандуми натижасида юртимизда йилига 500 дона ўпкани сунъий шамоллатиш ва 200 дона наркоз-нафас олиш аппарати ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Хитой Фанлар академияси раҳбарияти ўртасида Навоий вилоятида доривор моддаларни синтез қилиш бўйича қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган фармацевтика заводи қурилиши лойиҳаси тўғрисида келишувга эришилган. Лойиҳанинг дастлабки босқичи сифатида 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Ўзбекистонда ташкил этилган технопарк балансига ўтказилган. 2021 йил давомида яна 8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказилиши режалаштирган.

Юртимиздаги давлат олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларига 2020 йил 1 январдан бошлаб Springer Nature компаниясининг, шунингдек, Elsevier компаниясининг Clinical Key платформалари электрон маълумотларидан бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилди.

Эшитиши ва нутқида муаммоси бўлган шахслар томонидан тез ёрдам хизматини чақириш учун Ягона диспетчерлик хизмати ташкил этилди. 2019 йил 1 июлдан бошлаб мазкур хизмат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида фаолият бошлади. Бугунги кунга қадар мамлакатимиз бўйича эшитиши ва нутқида муаммоси бўлган 4,5 мингдан ортиқ шахсга хизмат кўрсатилди.

DMC клиникасининг Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги филиалини ташкил этиш учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Натижада шифохонада беш минг беморни даволаш, саккиз юз беморда жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти яратилди. Ўн саккиз нафар мутахассис иш билан таъминланди.

Юртимизда илк маротаба Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида телемедицинага асосланган “Muynoq telemedicine clinic” замонавий инновацион клиникаси ташкил этилди. Уни барпо этишга 2,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада тумандаги 35 минг киши ва қўшни туманлардаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда телемедицинага асосланган илк инновацион клиникада беморларни масофадан туриб даволаш ва ташхис қўйиш имконияти пайдо бўлди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан ДНК чип технологияси ёрдамида 282 тадан ортиқ аллергенни аниқлаш ва таҳлил қилиш тизими йўлга қўйилди. Аэробиологик тизимни яратиш мақсадида Италиянинг “Lanzoni s.r.l.” компаниясидан 10 та гул чанги қопқони олиб келинди ва юртимизнинг саккизта ҳудудида ўрнатилди. Улар ёрдамида олинган маълумотлар Европа жамияти соғлиқни сақлаш провайдерларининг www.polleninfo.org сайтида эълон қилинади.

Вазирлик ташаббуси билан ташкил этилган “Medical Manufacture Center” корхонасида Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўн турдаги инновацион тиббий буюм ва имплантлар ишлаб чиқариляпти. Бугунги кунгача уч мингдан ортиқ имплант буюм ишлаб чиқарилган. Булар — умуртқа транспедикуляр фиксаторлар, бўйин соҳаси ташқи коррекцияси ва фиксацияси аппарати, тана оралиғидаги спонделёз учун титан имплантлар, умуртқа эндокорректор-фиксатори, умуртқа импланти, оксипитоспондилодёз учун тизим, краниопластика импланти, юз соҳаси учун имплантлар, нейрожарроҳлар ва травматологлар учун жарроҳлик ускуналари.

“Анатомик атамалар электрон луғати” мобиль иловаси яратилиб, ўндан ортиқ олий тиббий таълим муассасасининг 20 мингдан ортиқ талабасига қўлланма сифатида фойдаланиш учун тақдим этилди.

Тиббиёт таълимида замонавий инновацион технологияларини жорий этиш мақсадида Португалиянинг “Take The Wind” компанияси томонидан яратилган “Body Interact” платформасидан мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Ўтган кунги видеоселектор йиғилишида Президентимиз тиббиёт соҳасига рақамли технологияларни жорий қилиш борасида ҳам қимматли таклифларни билдирди. Бу борада ҳам вазирликнинг бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлиги муваффақиятли кечяпти. Жумладан, имконияти чекланган фуқароларга ногиронлиги бўлган шахс мақомини бериш жараёнини оптималлаштирувчи электрон маълумотлар платформасини ишлаб чиқилди. У Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ахборот тизими, ФҲДЁ ягона электрон архиви ахборот тизими ва ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)га интеграция қилинди.

Мазкур электрон ахборот тизимининг яратилиши ногиронлиги бор фуқароларга ўзларига тегишли имтиёзлардан тўсиқсиз фойдаланиш, ногиронлиги бор ёки шу мақомни олиш арафасида турган, ногиронлик мақомини узайтириш ёки ўзгартириши зарур бўлган кишиларнинг ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш, тиббиёт хизматларидан самарали фойдаланиш, протез-ортопедия буюмлари ҳамда ногиронлар учун инвентарлар олишда қийинчиликларга дуч келмасликка хизмат қилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази резиденти “BIOTEST-LAB” корхонаси томонидан COVID-19 га қарши РНКни аниқлашда реагентлар тўплами “Biotest-SARS-CoV-2” тест системаси яратилган. 2020 йилда умумий қиймати 90 миллиард сўмлик 22 минг 500 дона реагентлар тўплами ишлаб чиқилган бўлса, 2021 йилда 8 минг дона реагентлар тўплами ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасига инновациялар жорий этиш ва инновацион технологияларини амалиётга татбиқ этиш бўйича саккизта стартап лойиҳани молиялаштириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўн бир миллиард сўм маблағ ажратилган.

Ҳозир соғлиқни сақлаш соҳасида умумий миқдори 14,3 миллион АҚШ доллари бўлган ўнта инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шундан 3,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар жалб қилинган ва ўзлаштирилган. АҚШнинг AMD компанияси томонидан телемедицина соҳасини ривожлантириш мақсадида халқаро молекуляр аллергология марказини моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш, COVID-19 га қарши вакцинанинг учинчи клиник тадқиқотларини ўтказиш учун Хитой Фанлар академиясининг Микробиология институти билан ҳамкорлик лойиҳалари шулар жумласидандир.

Cоғлиқни сақлаш соҳасига умумий қиймати 4,3 миллион АҚШ доллари бўлган саккизта ташқи беғараз грант амалга оширилмоқда. Шундан 1,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилган.

Илғор технологиялар маркази, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd ўртасида Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясининг олдини олишга мўлжалланган ZF-2001 янги коронавирус вакцинаси синовларини ўтказиш бўйича уч томонлама келишувга эришилди. Унга кўра, Хитой компаниясининг ZF-2001 COVID-19 инфекциясига қарши вакцина Ўзбекистон ҳудудида 18 ёшдан ошган етти минг нафар кўнгилли иштирокида синовдан ўтказилди.

Соҳада амалга оширилаётган янгиланишларга монанд илмий нувон ва даражали мутахассислар сони ҳам ошмоқда. Жумладан, юртимизда тиббиёт фанлари бўйича 2013–2020 йилларда фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси тасдиқланган мутахассислар 805 нафарни ташкил этади. Тиббиёт соҳасида олий таълимдан кейинги таълим қамрови ҳам йилдан йилга ошмоқда. Масалан, 2019 йилда тиббиёт фанлари бўйича жами 115 нафар, 2020 йилда 130 нафар изланувчи қабул қилинган.

2019 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсунувчи олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларидан етакчи хорижий илмий ташкилотларга 44 нафар ёш олим қисқа муддатли илмий стажировкага юборилди. Бунинг учун 133 минг 685 АҚШ доллар сарфланган.

2020 йилда 21 нафар ёш олим Россия, Жанубий Корея, Туркия, Беларусь, АҚШ, Германия каби давлатларда илмий стажировка ўтаб келиши учун барча саралаш босқичларидан ўтказилган. Пандемия шароитида давлатлараро авиатранспорт қатнови тўлиқ йўлга қўйилиши билан улар стажировкага юборилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий ташкилотларини замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш учун йирик миқдорда молиявий ресурслар йўналтирилган. Хусусан, Республика патологик анатомия марказига тиббиёт йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш учун JЕОL компанияси (Япония) томонидан ишлаб чиқарилган бир турдаги 800 минг АҚШ долларилик JЕМ-2100 Рlus русумидаги замонавий электрон микроскоп харид қилинди.

Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига бир турдаги қиймати 122 минг евролик, Марказий Осиёда мавжуд бўлмаган юришни ўрганувчи лаборатория комплекси илмий лаборатория ускунаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш маркази” томонидан комплекс экспертизадан ўтказилди. Ҳозир танлов савдоларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Танлов савдолари якунига кўра тузиладиган шартномаларга мувофиқ, илмий лаборатория ускуналари жорий йилда етказиб берилади.

Фуқаролар тинчлиги ва саломатлигини таъминлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишидир. Янги Ўзбекистондаги барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизими ҳам босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. “Тиббиётдаги ислоҳотларни сифатли, манзилли амалга оширсак, одамлар рози бўлади”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, кўзланган марралар юксак, уларнинг барчаси пировардида мамлакатимизнинг энг муҳим бойлиги бўлмиш юртдошларимизни асраб-авайлашга қаратилган. Мазкур хайрли ишларнинг ўз вақтида ва тўлақонли бажарилишида Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ҳам барча куч-ғайратини сафарбар этади.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

инновацион ривожланиш вазири, академик