Халқимизнинг севимли шоири Абдулла Ориповнинг энг катта армони рўёби сифатида қад кўтарган Ёзувчилар уюшмаси биносида янграган мадҳиямиз садолари Адиблар хиёбони узра кезиб, шоир руҳини яна бир карра шод айлаган бўлса ажаб эмас. Зеро, бу янграш, бу жаранглаш ва бу садоланиш ягона тантанавор қўшиғимизнинг яратилиши, муаллифнинг у билан боғлиқ машаққатларидан сўз очилган кеча олдидан бўлди.

“Ватаним мадҳияси — фахрим, ғурурим” мавзусидаги ушбу тантанали тадбир кечаси Ўзбекиcтон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббуси билан ташкиллаштирилди.  Унда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Божхона институти бошлиғи Восид Эргашев, шоир А.Ориповнинг турмуш ўртоғи, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси Ҳанифа Орипова, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ҳамда божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этдилар.

Сўз олганларнинг барчаси аввало мадҳиямиз Абдулла Орипов ва Мутал Бурхоновдек икки буюк ижодкорнинг гўзал ижод маҳсули экани, уни ёш авлод қалбига чуқур сингдириш уларда ватанпарварлик туйғусини янада оширишини айтиб ўтди. Шунингдек, ҳар бир давлатнинг мадҳияси ўша халқнинг орзу-умидлари, озодлигидан ер курраси бўйлаб акс садо бериб туриши, мамлакатимиз мадҳиямиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни намоён этишини ҳам таъкидладилар. 

Мадҳиямизнинг дунё юзини кўриши билан боғлиқ энг қизиқ хотираларни ёдга олган Ханифа Орипова кечага ўзгача файз улашди.

Эртага сессия бўладиган кун, Мутал ака кириб келди. У киши билан қўшни турар эдик. Мадҳиянинг мусиқага тушмаётган сўзлари устида ишлашлари керак эди. Обдон ишладилар. Ўша куни тонг сахарга қадар уларнинг хизматида бўлганим боис битта сўз учун қанча вақт сарфланишига гувоҳ бўлганман. Ҳатто, болаларимиз ҳам ухлагунларига қадар хўр бўлиб куйлаб кўришди. Мусиқани тушунадиган қизимиз мусиқасини чалиб, жўр бўлди. Умуман, бутун оиламиз ҳаяжон билан Абдулла аканинг мадҳияси танловдан ўтишини истадик. Энг қизиғи, “Оламни маҳлиё айлаган диёр” сатри “Оламни ўзига қаратган диёр” тарзида эди. “ўзига қаратган” сўзлари ҳеч мусиқага тушавермади. Ва ниҳоят, сахарга яқин унинг “махлиё айлаган” деган муқобили топилди. Танлов натижаси эса биз кутгандек бўлиб чиқди — деди шоирнинг турмуш ўртоғи.

Тадбирда Божхона институти курсантларининг Ватанни мадҳ этувчи шеърлари, Муножот Йўлчиева ижросидаги куй-қўшиқлар ҳам янгради. Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова халқимизнинг уч буюк фарзанди — Ботир Зокиров, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Ориповларнинг ҳар бири мана шундай эътироф ва эҳтиромга муносиблиги, уларнинг юбилей саналарини нишонлаш баробарида халқимизнинг маънавий юксалишини ҳам гапириб ўтди. Абдулла Ориповнинг энг дилбар шеърларидан ёд олиб, мадҳиямизга умрбоқийлик тилади. Зеро, Ватанимиз мадҳияси янграр экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. У бутун ер курраси бўйлаб тарқалган 50 миллиондан зиёд ўзбек халқини бир Ватан, бир мақсадга бирлаштирувчи муқаддас қўшиқдир.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири