Сўнгги йилларда бу йўналишдаги эзгу ниятларимизга эришиш йўлида муҳим ислоҳотлар кечмоқда. Миллий ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жамиятимизни тубдан ислоҳ этиш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида юрт равнақини юксалтиришга хизмат қилаётган ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси хусусида тўхталар экан, “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик. Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин”, деди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда жамият тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида белгиланган стратегик вазифалар ўз вақтида рўёбга чиқарилиши натижасида турли соҳаларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. 2025 йил иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этди. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў- эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “BB-”дан “BB” поғонасига кўтарди. Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторидан жой олди.
Бундай факт ва рақамлар юртимиздаги ислоҳотлар самараларини нафақат халқимиз, балки дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари экспертлари ҳам эътироф этаётганининг яққол исботидир. Зеро, бугун дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар нафақат миллий ва минтақавий, балки глобал миқёсда долзарб масалалар ечимида ҳам ўрганиш ва ибрат олишга арзирли тажрибадир.
Бу жараёнда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, вакиллик органлари назоратининг самарали ва таъсирчан механизмларини йўлга қўйишга йўналтирилган чора-тадбирларнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Хусусан, у республика даражасидаги ҳокимиятлар бўлиниши ва ўзаро тийиб туриш принципининг маҳаллий даражада ҳам мавжуд бўлиши учун ҳуқуқий замин яратди. Жойларда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколати ажратилди. Бу чора-тадбирлар жамиятимизда очиқлик, ошкораликни таъминлаш, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, бугунги ҳаётимиз ва эртанги тақдиримизга дахлдор ҳар бир масалани халқимиз билан бамаслаҳат ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Жойлардаги халқ вакиллари бу борада яратилган шароитлар ва берилган ваколатлардан қандай фойдаланмоқда? Маҳаллий кенгашларни чинакам халқ овозига айлантириш борасидаги вазифалар тўла рўёбга чиқяптими?
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раисларидан айримларининг шу хусусдаги фикрлари билан қизиқдик.
Бамаслаҳат қилинган ҳар бир ишнинг натижаси хайрли бўлади
Олтибой РАЖАБОВ, Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши раиси:
— Президентимиз парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида юрт тараққиёти ва эл фаровонлигини ошириш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниб, маҳаллалар ободлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда кечаётган ана шундай жўшқин ислоҳотлар жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш орқали инсон қадрини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани жамиятимизда эришилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлаётир. Айниқса, халқимиз иродаси билан қабул қилинган янгиланган Конституциямиз юртимизда инсон қадри тамойили қарор топишида мустаҳкам замин бўлмоқда, ислоҳотларга ҳаётий куч бағишлаяпти.
Жумладан, Бош қонунимизда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойил ижросини маҳаллий даражада таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Ўтган йили бу жабҳадаги ишлар янада кенгайди. Сўнгги йилларда маҳаллий кенгашларнинг демократик қиёфаси тубдан янгиланди. Муҳим институционал ва концептуал ўзгаришлар юз берди. Уларнинг қонунчилик базаси мустаҳкамланди, ваколатлари кенгайди.
Аввал депутатлар кун тартибига фақат ҳокимнинг ҳисоботи киритилган бўлса, ҳозирги кунда маҳаллий даражадаги 60 дан ортиқ ташкилотнинг ҳисобот ва ахборотлари депутатлар томонидан эшитилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар ҳудудларни янада самарали бошқариш ва барқарор ривожлантириш учун шароит яратмоқда. Зеро, фуқаролар қарорлар қабул қилишда иштирок этиши демократия ҳамда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар)лар кенгашлари томонидан ўтган йилда ўтказилган сессияларда ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан масъул раҳбарларнинг мингдан ортиқ ҳисобот ва ахбороти эшитилди. Шунингдек, муҳокама қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари ўтказиш, ваколат доирасидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар)лар кенгашлари депутатлари томонидан ўтказилган 2400 учрашувда бир ярим мингга яқин муаммо аниқланиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Шунингдек, халқ вакиллари сайловчилар билан ўтказган учрашувлар давомида жойлардаги муаммоли масалалар бўйича депутат сўровлари юборилди ва уларнинг натижалари тўғрисида тегишли жавоб хатлари олинди. Ушбу масалаларнинг баъзилари сессияларда муҳокама қилинди.
Мурожаатлардан аҳолини кўпроқ йўл, сув, электр ва газ таъминотидаги камчиликлар безовта қилаётгани маълум бўлмоқда. Қолаверса, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатишни ҳам доимий назоратга олишга тўғри келади. Бундан ташқари, бандлик ва тадбиркорликни ривожлантиришга оид лойиҳаларни жонлантиришда аҳоли ва тадбиркорларга доимий кўмак бериш лозим. Бу борадаги мурожаат ва сўровларнинг ижросини таъминлаш мақсадида халқ вакилларининг тегишли идора ва ташкилотлар, жумладан, маҳалла фаоллари билан доимий ҳамкорлиги муҳим самара бермоқда.
Бу ишларни янада кучайтириш мақсадида ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросини самарали назорат қилиш ҳамда маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида вилоятдаги барча депутатлар маҳаллаларга бириктирилган. “Маҳалла еттилиги” билан биргаликда қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг муаммоли масалалари эшитилди. Бундан ташқари, фуқаролар қабуллари, маҳаллалар фаолиятини ва дастурларга киритилган лойиҳаларни ўрганиш натижасида аниқланган муаммоларни “Маҳалла еттилиги” билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Фаолиятимизнинг яна бир йўналиши қонун лойиҳалари муҳокамаси жараёнида иштирок этишдир. Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг 2024 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган биринчи мажлисидаги нутқида бу хусусда тўхталиб, Сенат қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиши зарурлиги, айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган эди.
Бу фикрлар бежиз илгари сурилмади. Чунки ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари ҳисобга олинмаган қонунлар қуйи бўғинда самарали ишламайди. Шу боис, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш учун уларни ишлаб чиқишда халқимиз билан бамаслаҳат иш тутиш айни муддаодир.
Сир эмас, авваллари маҳаллий кенгашнинг қарорларини ҳеч қаерда кўрмас эдик. “E-qaror” электрон тизими яратилиши бу борада муҳим тарихий воқеа бўлди. Эндиликда “E-qaror” электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорларини қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмаслиги, бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмаслиги ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги белгилаб қўйилди.
Бу очиқлик, ошкоралик, шаффофлик тамойилларини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга замин яратмоқда. Бундан ташқари, вакиллик органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, маҳаллий кенгаш депутатлари билан фуқаролар ўртасида электрон мулоқот майдонини яратиш мақсадида “kengash.gov.uz” платформаси ишлаб чиқилиб, барча маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига жорий этилди. Бугунги кунда маҳаллий кенгашларга оид барча ахборотни ушбу платформадан олиш имконияти яратилган.
Мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтиришда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликнинг аҳамияти беқиёс. Шу мақсадда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар)лар кенгашлари сессиялари ОАВда кенг ёритиляпти. Бу жараённи янада такомиллаштириш, очиқлик тамойилларини кучайтириш мақсадида сессия йиғилишларини онлайн тарзда эфирга узатиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар)лар кенгашлари фаолияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Қонунчилигимизда кенгаш сўрови ва кенгаш текшируви институтлари жорий этилиши демократик тараққиёт йўлидаги яна бир дадил қадам бўлди. Кенгаш сўрови институти маҳаллий кенгаш раиси ёки депутатларга аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича турли давлат органлари, муассасалари ва ташкилотларига расмий сўровларни шакллантириш имконини берувчи механизмдир. Ушбу восита фуқароларнинг аниқ мурожаатларига жавобан керакли маълумотларни, тушунтиришларни олиш ёки чоралар кўришга қаратилган.
Бу институт депутатларга долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун тезкор маълумот ва манбаларни олиш имкониятини бериш орқали маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва давлат идоралари ўртасида очиқ мулоқотни осонлаштириб, аҳоли манфаатларини фаол равишда ҳимоя қилиш имкониятини бермоқда. Фуқаролар мурожаатлари асосида сўровлар амалга оширилиши имконияти, ўз ўрнида, депутатларга аҳоли фикрини яхшироқ ўрганиш ва уларни қарор қабул қилиш жараёнларига фаол жалб қилишга йўл очди.
Кенгаш текшируви институти ҳам маҳаллий бошқарув сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу аҳолини қийнаётган муаммоларни чуқурроқ ва синчковлик билан ўрганиш, таҳлил қилиш, маҳаллий ҳокимият органлари ишидаги муаммо ва камчиликларни аниқлашда ўз самарасини бермоқда.
Мазкур механизмлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятида шаффофликни таъминлаб, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Электрон жамоавий мурожаат йўллаш мумкин
Исмигул ХУШМУРОДОВА, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши раиси:
— Ушбу мақсадга эришишда маҳаллий кенгашларнинг роли катта. Шу боис, демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир давлат маҳаллий кенгашлар фаолиятини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. Дунёга очиқ, ижтимоий ва иқтисодий ривожланган давлат барпо этишни мақсад қилган мамлакатимиз учун ҳам бу вазифа ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланган ва бу йўналишда кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти.
Жумладан, конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилган эди. Энди бу тизим шу йил 1 январдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бу хусусда тўхталар экан, айни пайтда ушбу жиддий сиёсий ислоҳот — ҳокимлар ва ижро идораларидан кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни талаб қилишини алоҳида таъкидлади. Бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритилиши айтиб ўтилди. Албатта, бу халқ вакиллари фаолиятига билдирилган юксак ишончдир.
Халқ вакилларининг ҳар бири буни чуқур англаган ҳолда ўз ишини янгича ёндашувлар асосида ташкил этишга киришди. Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ҳужжатга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари кенгашларининг назорат функциялари кенгайтирилиб, ўндан ортиқ қўшимча ваколат берилди. Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида янги модель — “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили жорий этилди.
Бугун кенгашимиз жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этиш ҳамда ана шу йўналишда яратилган имкониятлар ҳамда халқнинг бевосита ихтиёри асосида қарор қабул қилиш талаб этиладиган ваколатлардан фойдаланаётир. Бу борада вилоятимиздаги 17 та маҳаллий кенгаш самарали ишлаяпти. Хусусан, депутатлар ўзи сайланган округдаги маҳаллаларга бириктирилди ҳамда тегишли ижро этувчи ҳокимият органларини жалб этган ҳолда ҳудудни ривожлантиришга қаратилган дастурлар, чора-тадбирлар, лойиҳалар тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Бу жараёнда стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижро ҳолати ҳам доимий ўрганиб бориляпти. 2025 йилда бу борада вилоят ҳокими ўринбосарларининг ҳисоботлари эшитилди. Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари томонидан сессия йиғилишлари ўтказилди.
Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллий кенгашлар депутатларининг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Олий Мажлис Сенати кенгашининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллий кенгашлар депутатлари ва сенаторларнинг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар қилинди. Жумладан, туман ва шаҳарлар бўйича 1400 га яқин лойиҳага маҳаллий кенгаш депутатлари бириктирилди.
Халқ вакиллари ҳар ойда ўзлари сайланган округларига чиқиб, лойиҳалар ижроси ҳамда жойларда мавжуд муаммоларни ўрганяпти, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга сўровлар юбормоқда. Ўтган йилда депутатлар “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда 1300 дан зиёд қабул ташкил этиб, аҳоли билан мулоқот уюштирди. Бу жараёнда аниқланган тўрт мингдан ортиқ муаммонинг аксарияти маҳалла фаоллари ва ҳокимликлар иштирокида ижобий ҳал этилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция дастурлари лойиҳаларини дастлаб маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш, уларда белгиланган ҳар бир вазифанинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан самарали депутатлик назорати йўлга қўйилган.
Шаффофликни ошириш мақсадида мансабдор шахсларнинг ҳисоботи кенгаш сессияси муҳокамасидан сўнг “E-kengash” платформасидаги тегишли маҳаллий кенгашлар саҳифаларида эълон қилиб бориляпти. Бугун маҳаллий кенгаш қарорларини қабул қилиш жараёни очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг сессия ишини бевосита кузатишга йўл очилди. Эндиликда фуқаролар маҳаллий кенгашларга электрон жамоавий мурожаат йўллаши мумкин.
Маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида тарғибот ишлари ташкил этилаётир. Аҳолининг камбағаллик даражасини камайтириш мақсадида фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакасини ривожлантиришга эътибор қаратиляпти. Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳам диққат- эътиборимизда.
Вилоятимизда ташқи ва ички туризм учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини кўпайтириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш борасидаги тарғибот ишлари кўлами кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришининг салбий таъсири олдини олиш мақсадида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенгашимиз назоратида.
Маҳаллий кенгаш депутатларининг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам чиқишлари, ҳудуддаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабат билдириб бориши учун маҳаллий кенгаш веб-сайти доимий равишда янгиланяпти. Жамоатчилик билан алоқалар, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш тамойили асосий устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган ҳолда депутатлар ўз сайловчилари билан учрашиб, депутатлик фаолияти ҳақида ахборот бериб бориши йўлга қўйилган.
Шу кунларда юртимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тараддуд кўриляпти. Халқ вакиллари жойлардаги штаблар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги ишларни ўрганиб, рўйхатга олиш жараёнларини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, штабнинг моддий-техник базасини янгилаш, ҳужжатлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, ишчи гуруҳ фаолиятини тизимли йўлга қўйиш борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, маҳаллий бошқарувнинг мақбул шакли бўлган, халқ вакиллари иштирок этадиган, аҳолига хизмат қиладиган бошқарувга асосланган кенгашимиз давлат сиёсатини маҳаллий эҳтиёжларга мослаштирган ҳолда ҳукумат ва аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда.
* * *
Дарҳақиқат, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам овозига айлантириш борасида барча ҳудудларда кенг қамровли ислоҳотлар шу тарзда изчил давом этмоқда. Бу янгиланишлар, ўз навбатида, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлиги, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулияти ошишига замин яратди. Пировардида ҳокимликлар фаолияти устидан кенгашлар ва жамоатчилик назорати кучаймоқда.
Бу эса аҳолининг бошқарув жараёнида ўз ҳудудидаги қарорларни қабул қилишда иштирок этган ҳолда жамият манфаатларини ифодалаш ҳамда маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш орқали ижтимоий-сиёсий барқарорликка ҳисса қўшишига кенг имкон яратяпти. Жамиятимизда кечаётган бундай муҳим янгиланишлар ҳар биримизнинг ҳаёт тарзимизга чуқур сингиб, юртимиз тараққиётини янада юксалтириш, келажак авлодларга озод ва обод ватан мерос қолдиришдек эзгу мақсадларга эришишда барчамизни бир мақсад йўлида бирлаштирувчи куч бўлмоқда.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА тайёрлади.