Президентимиз раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши барча бўғиндаги раҳбарлар, хусусан, олий таълим муассасалари мутасаддилари зиммасига катта масъулият юклайди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан ошиб, одамлар дунёқараши ва эҳтиёжи ўзгараётган бир пайтда бошқарув тизими ҳам ана шу шиддатга мос равишда янгиланиши шарт. Энди раҳбарлик фаолиятининг энг асосий кўрсаткичи қоғоздаги рақамлар эмас, балки халқнинг ҳаётдан розилиги ва муаммоларнинг қай даражада ечим топаётганидир.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда масалаларни “муҳим” ва “иккинчи даражали”га ажратиш — энг катта хато. Инсон учун бошига тушган муаммо энг устувор масаладир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мурожаат ортида инсон тақдири ва давлатга ишончи турганини ҳар бир мутасадди юракдан ҳис қилиши шарт. Юзаки жавоб бериш ёки муаммони қуйи тизимга йўналтириб, масъулиятдан қутулиш вақти ўтди.
Интеграция
2026 йилнинг Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилиниши биз, илм-фан вакиллари зиммасига ҳам улкан вазифалар юклади. Фарғона давлат университети жамоаси мазкур ислоҳотларни тарғиб этиш ва амалий кўмак бериш мақсадида “Кучли маҳалладан кучли жамият сари” ғоясини асосий мезон қилиб белгилади.
Университетимиз нафақат таълим маскани, балки вилоят маҳаллаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол кўмакчи (драйвер) сифатида майдонга чиқмоқда. Фарғона шаҳридаги 17 та маҳалла университетга бириктирилиб, биргина жорий йилнинг ўтган даврида қилинган ишлар рақамларда эмас, инсонлар тақдирида ўз аксини топди. Хусусан, маҳаллабай ишлаш тизими доирасидаги саъй-ҳаракатлар аниқ йўналишларда натижа бермоқда.
Жумладан, ўтказилган 60 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирга 2300 дан ортиқ ёш қамраб олинди. Натижада уларнинг 46 нафари спорт, робототехника ва хорижий тиллар тўгаракларига бепул жалб этилди. Университет психологлари ва педагоглари аралашуви билан низоли 13 та, ажрашиш ёқасига келиб қолган 7 та ёш оила яраштирилиб, мустаҳкамлиги таъминланди. Шунингдек, ОТМ профессор-ўқитувчилари ишлаб чиққан 75 та лойиҳанинг 23 таси ҳаётга татбиқ этилиши орқали 213 фуқаронинг бандлиги таъминланди, 42 нафарига эса имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Тошлоқ ва Ёзёвон туманларидаги маҳаллаларда 60 дан ортиқ янги саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари шакллантирилди. Тикув-трикотаж, мебелсозлик ва гулчилик йўналишларида 1000 дан ортиқ янги иш ўрни очиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Таълим ва саноат ҳамкорлиги: дуал таълим модели
Кадрлар тайёрлаш жараёнини бозор талабларига мослаштириш учун маҳаллабай ишлаш тизимини дуал таълим билан боғладик. Бугун 11 таълим йўналиши бўйича 984 талабамиз бевосита ишлаб чиқариш ва корхоналар билан узвий боғланган ҳолда таҳсил олмоқда. Ушбу тизимнинг афзалликлари ҳақида гапирганда бевосита ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этаётган талабаларимизнинг фикрлари эътиборга молик.
— Дуал таълим тизими биз учун улкан имкониятлар эшигини очди, — дейди Фарғона шаҳри “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Dilrabo travel” оилавий корхонасида фаолият юритаётган талабамиз Ўлмасжон Мадаминов. — Илгари фақат аудиторияда назарий билим олиш билан чекланган бўлсак, ҳозир куннинг биринчи ярмини университетда ўтказиб, иккинчи ярмида корхонада замонавий технологиялар билан ишлаяпмиз. Бу тизим менга нафақат билимларимни амалда синаш, балки ўқишни битирмасданоқ тайёр иш жойига эга бўлиш имконини берди. Энг муҳими, Президентимизнинг ҳар бир инсон тақдирига, унинг эртанги куни ва бандлигига бефарқ эмаслигини амалда ҳис қиляпмиз.
Ислоҳотлар асоси
“Ҳар бир инсоннинг муаммосини билиш” тамойили университетимиз ҳаётида ҳам устувор аҳамият касб этган. Хусусан, 2025 йил сентябрь-ноябрь ойларида ўтказиш анъанага айланган “Ректор ва ёшлар” учрашувлари доирасида 1-босқичда ўқиётган 5540 талаба билан бевосита мулоқот ўрнатилди. Очиқ мулоқотларда ёшларнинг таълим сифати, маънавий-маърифий ва моддий таъминот билан боғлиқ 70 дан зиёд таклифи университетнинг махсус “йўл харитаси”га киритилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Ушбу таклифлар асосида бошлаган ишларимиз бугун ижобий натижа бермоқда. Иқтисодиёт факультети кампуси ва 7-талабалар турар жойи капитал таъмирланиб, замонавий андозаларга мослаштирилди. Талабалар турар жойларидаги “Беш ташаббус” хоналари 80 та янги спорт жиҳози ва 10 та тикув машинаси билан бойитилди.
Ахборот-ресурс маркази фонди 7667 та янги ўқув адабиёти, талабалар турар жойларидаги кутубхоналар эса 1200 та бадиий китоб билан таъминланди. Иқтидорли 550 талабамиз учун юртимиздаги қадимий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Тўмарис издошлари”, “Амир Темур ворислари” спорт мусобақалари ҳамда “Талаба баҳори”, “Энг яхши театр студияси” каби ижодий танловлар мунтазам ўтказиляпти. Бу каби мулоқотлар талабаларнинг нафақат сифатли таълим олиши, балки муаммолари ҳам раҳбарларнинг диққат марказида эканини амалда ҳис қилишига хизмат қилмоқда.
Халқнинг розилиги — ислоҳотларимизнинг бош мақсади ва энг олий мукофоти. Зеро, раҳбарнинг ҳақиқий рейтинги қоғоздаги ҳисоботларида эмас, балки у ҳал этган муаммолар ва халқнинг кўзидаги миннатдорликда намоён бўлади. Президентимиз кўрсатиб берган “Қарши тажрибаси” асосида биз ҳам маҳаллаларни нафақат истиқомат жойи, балки замонавий ишлаб чиқариш ва инновациялар масканига айлантириш йўлида барча салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори