Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.

Ушбу чуқур маъноли сатрлар буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий қаламига мансуб бўлиб, бу дунёда инсонларнинг дард-у ташвишларини ўйлаб яшаш–одамийликнинг энг олий мезони эканлигини таъкидлаб, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб уқтирмоқда улуғ бобомиз..

Меҳр-саховат, мурувват, ҳотамтойлик ўзбек ҳалқига хос бўлган хусусият. Ҳалқимиз азал-азалдан бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб келган. Ва халқимизнинг бу гўзал фазилатларини Мир Алишер Навоий бобомиз ҳаётининг барча қирраларида кўришимиз мумкин.

Алишер Навоий ҳақида гап кетганда, унинг ўз замонасида сахийлик, бағрикенглик, меҳр-оқибатда тенгсиз бўлганлиги тилга олинади. Навоий умр бўйи кишиларни ана шу фазилатларга эга бўлишга чақирди. Чунки у яшаган даврда нафсини жиловлай олмайдиган, беҳисоб бойликларга эга бўлгани ҳолда қашшоқ, кунини зўрға кўрадиганларга қўлидан келадиган ёрдамни бермайдиган кишилар учраб турарди. Шоир ана шундайларга қарата “саховатпеша бўлинг, ўзиннгизда борини бошқалар билан баҳам кўринг, бунинг роҳатини охиратда албатта кўрасиз”, дея уқтиришдан чарчамади.

Навоий бобомиз ўз вақтида ўзининг халқпарварлик, саховатпешалик фазилатини намоён эта билган. Ўз мулки ва маблағлари ҳисобидан 17 та масжид, 20 та кўприк, 300 та бекат (работ), 9 та ҳаммом, тегирмон, шифохоналар қурдирди. Кўплаб илм ва маърифат номоёндаларини ўз ҳисобидан маошлар тўлаб уларни рағбатлантириб келган.

 Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида сахийлик тўғрисида алоҳида боб мавжуд: “Фахрланиш учун бермоқ ўзни кўрсатишлик ва бу билан ўзини сахий демак беҳаёликдур. Кишилар кўрмагунча бермаган пасткашдир, сахий эмас. Тилаганга берганни ҳам сахийликдан йироқ бил, қистов билан бермаганни яхшироқ бил. Битта нонни икки бўлиб, ярмини бир очга берганни сахий дегил, ўзи емай барини муҳтожга берганни сахий дўст дегил”.

Сахий ўзидаги бор нарсани бошқадан қизғанмайдиган, фоний дунё роҳат-фароғати ўткинчилигини англаб етган, бу дунёдаги қилинган ҳар бир эзгу, савоб иш охират синовларидан ўтиб, чин саодатга етишишнинг асосий воситаси, деб билган кишидир. Навоий умр бўйи кишиларни ана шу фазилатларга эга бўлишга чақирди.

Тарихий манбалардан маълумки, ўтмишда халқимиз оғир синовларга тўқнаш келганида айнан халқ иродаси ва миллий қадриятларимиз устувор омил бўлиб хизмат қилган. 2020 йили бутун дунёни қамраб, бугун ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиб келаётган коронавирус инфекцияси ўта оғир синовли дамларни бошлаб берди, десак муболаға бўлмаса керак.

Навоий ижоди ва ҳаёт фаолияти чексиз уммонки, илмий анжуманда ўқилган ва муҳокама этилган мақолалар шу уммондан бир томчи, холос. Улуғ сўз санъаткори асарлари ҳамиша илмий анжуманларнинг бош мавзуи, тадқиқотларнинг асосий объекти бўлиб қолиши билан бир қаторда, у улуғ зот амаллари ҳалқ ва юрт фаровонлиги йўлида ўзини бағшида қилаётган ҳар бир авлод учун мукаммал ибрат мактабидир.

Фахриддин СОЛИЕВ,

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди

Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси