Ҳар бир даврнинг тарих солномасидан ўрин оладиган муҳим воқеалари, хулоса ва сабоқлари бўлади. Улғайиш, янгиланиш деб аталмиш жараён идрокимизни тиниқлаштиради, тафаккуримиз уфқларини кенгайтиради. Ҳар субҳи содиқ янги фикр, янги ният, орзу-умид эшикларини очади.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари адоғида дунёда, собиқ иттифоқда юз берган, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда кечган, онг-шууримизга муҳрланган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, янгича ва эскича қарашларнинг аёвсиз тўқнашуви, мустабид тузумнинг парчаланиши, қизил мафкура тамойилларининг таназзули, етмиш йилдан ортиқ вақт дунёнинг катта бир қисмини хоҳиш-иродасига бўйсундириб, фуқароларини қон-қақшатиб, жон-жонини суғуриб келган давлатнинг сиёсий саҳнадан тушишини ўшанда кимлардир тарихнинг кечириб бўлмас хатоси сифатида қабул қилгани сир эмас. Аммо тафаккури уйғоқ, зеҳни баланд, томирларида аждодлар руҳи сўнмаган кишилар бу воқеаларни мағзи пуч ҳар қандай ғоянинг умри қисқа экани далолати сифатида дилдан қувониб қабул қилгани ҳам бор гап.
Марказий Осиё халқлари мураккаб ва қалтис шароитда ўз мустақиллигини қўлга киритди, иқтисодий исканжа гирдобида қолган бўлса-да, орқага чекинмай, қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб, миллий ривожланиш ва тараққиёт йўлини белгилаб олди. Ўзбекистоннинг бу йўлда эришган оламшумул ютуқлари бугун нафақат минтақада, дунё миқёсида ҳам расман эътироф этилмоқда.
Мана, ўттиз тўрт йилдирки, эмин-эркин, ҳақ-ҳуқуқимизни таниб, дунё кенгликларига интилиб яшамоқдамиз. Биз дунёга, дунё бизга бағрини очмоқда. Истиқлолга тенгдош фарзандлар янги давр, янги жамият бағрида вояга етди, ёнимизга кирди, миллатнинг янги замон фарзандлари, янгича фикрлайдиган раҳбарларига айланди. Бу ўзгаришлар бир қарашда эътиборга молик воқеа эмасдай туюлади. “Авваллари ҳам шундай бўлган-ку, туғилиш, вояга етишнинг нимаси янгилик”, дейишлари мумкин. Аммо бу — тор қобиқли фикр. Киндик қони тўкилган озод ватанда туғилиб, қон томирларида сўнмаган миллий ҳаёт тарзи, ўз қарашларинг билан вояга етиш бошқа! Бу — буюк бахт, илоҳий неъмат.
Ўз отини миниб, ўзи танлаган йўлдан юрган фикри тиниқ, борар манзили аниқ одам ҳеч қачон адашмайди. Ўзбекистон миллий ва умуминсоний қадриятлар муштараклигида буюк келажак сари мураккаб сафарга отланар экан, мана шу сифатларни ўзида жам қилгани учун ҳам ниятига етди. Бизни чалғитмоқчи бўлганларнинг ўзи чалғиди. Бизга қараб мийиғида кулганларнинг ўзи бугун кулги остида қолди.
Ўтган давр ичида мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий-маърифий асослари мустаҳкамланди, янги авлод тарбияси йўлга қўйилди. Тадбиркорлик, ишбилармонлик мамлакат миқёсида қулоч ёзди. Жамиятда янги мулкдорлар синфи шаклланди, хусусий мулкка, мулкдорларга муносабат ўзгарди. Диний эътиқод учун таъқиб қилишга барҳам берилди. Одамлар ўз меҳнатлари самараларидан тўла баҳраманд бўлиш, даромадларига яраша турмуш кечириш, зурриётларига мерос қолдириш ҳуқуқига эга бўлди.
Жамиятнинг бугунги илғор вакиллари сафига кўз ташлайлик — уларнинг ҳар иккинчиси тадбиркор, ишбилармон, икки-уч тилда бийрон сўзлаша оладиган, ўтмиш аждодлар қолдирган маънавий меросдан бохабар ёшлар. Водийлик, воҳалик деҳқон, боғбон, чорвадор ёки қурувчининг ўғли, қизи, набираси бугун дунёнинг манаман деган олийгоҳларида таҳсил олмоқда, илмий изланишда, ўқиш ва уқишда европалик тенгдошларидан ортда қолаётгани йўқ. Бундан уч минг йил аввал яратилган “Калила ва Димна” асарида ҳам “Ёшлар тарбияси бузилиб кетяпти, бу жуда хавотирли” деган ҳадик бор. Хато жойи йўқ бу гапнинг. Аммо биз, катта авлод вакиллари ҳеч иккиланмай бугунги ёшлардан ўрганишимиз, улардан ибрат олишимиз ҳам керак. Ёш мутахассислардан, истеъдодли йигит-қизлардан замонавий тушунчаларни сўраш, тушуниб олиш айб бўлмай қолди. Ушбу мақолани ёзаётганимда, нима бўлди-ю, компьютер айниди. Набирам керакли тугмачаларини босиб, тўғрилаб берар экан, менга майин жилмайиб қаради. Унинг беғубор табассумида истиқлолимизнинг буюк бўй-бастини кўргандай бўлдим.
Собиқ тузум шароитида шундай бўлиши мумкинмиди?! Ота-боболаримиз: “Қани энди, бир замон келса-ю, қиблага қараб қўлингни дуога бемалол очсанг, ҳаж ибодатини адо этсанг, ўғил-қизингни имон-эътиқодли қилиб тарбияласанг, ўтмиш аждодларга ётсираб қарамасанг”, дея умид қилди. Таассуфки, бу умидлар умидлигича қолиб кетди. Узоқ йиллар давомида ўзлигимизни идрок этмай яшадик. Собиқ тузум мафкураси бунга йўл бермади.
Қадим замонлардаёқ тан олинган ҳақиқат шуки, қаерда тадбиркорликка рағбат берилса, ўша жой обод бўлади, эл-юртда тинчлик-тотувлик ҳукм суради, дастурхонга файз киради. Собиқ тузум мана шу оддий ҳақиқатни тушунмади, аниқроғи, тушунишни истамади. Қўлигул, ишчан, ҳаракатчан одамларнинг қўл-оёғини боғлаб, тадбиркорликни жиноий хатти-ҳаракатга тенглаштирди ва охир-оқибат ўзи таназзулга юз тутди.
Ўзбекистон раҳбарлигига келган Шавкат Мирзиёев фаолиятини мамлакатда мавжуд халқ ҳокимияти фаолиятини амалда мустаҳкамлашдан бошлади. Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган улуғ шиорни дадил ўртага ташлади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида Президентнинг халқ ва виртуал қабулхоналари ташкил этилди. Халқни эшитиш, муаммоларни ҳал этишдек буюк жараён бошланди, десак муболаға бўлмайди. Янги раҳбарнинг “Одамлар олис келажакда эмас, бугун ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган сўзлари эл-юртда янги умид учқунларини уйғотди, мамлакатда ижтимоий фаолликнинг сезиларли даражада ошишига туртки берди. Бу фаоллик орадан кўп ўтмай ижобий самарасини берди. Бугунги Ўзбекистон миллий истиқлолнинг дастлабки йилларидаги Ўзбекистондан кескин фарқ қилади. Бугун у дунё деб аталмиш улуғ чексиз уммонда шиддат билан сузиб бораётган, кўзлаган мақсади аниқ замонавий кемага ўхшайди. Шавкат Мирзиёев ҳеч бир давлат бундан буён ўз ҳолича, яқин қўшниларидан, дунё давлатларидан узилган ҳолда яшай олмаслигини чуқур англаган ҳолда собиқ тузумдан қолган тақиқларни бекор қилиш, манфаатли ҳамкорлик алоқаларини тиклаш, неча минг йиллардан бери ота-боболаримиз бирга қадам ташлаган йўллардаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, ён қўшниларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эски гина-кудуратларни унутиб, асрлар, даврлар синовидан ўтган қон-қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлини тутди. Одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқот бошланди. Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистонда ҳозир дунёнинг кўп мамлакатлари учун ҳам ибрат намунаси бўла оладиган муҳим иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда БМТ Бош котиби Гутерриш жанобларининг Тошкентда айтган қуйидаги эътирофини келтириб ўтиш зарур: “Марказий Осиёга ташрифимни Ўзбекистондан бошладим. Сабаби оддий. Менинг минтақа келажагига бўлган барча умидларим сиз, жаноб Президент билан, шунингдек, мамлакатингизда кейинги йилларда муваффақиятли амалга ошираётган ташаббусларингиз билан боғлиқ. Биринчи навбатда ислоҳотларнинг юксак самарасини қайд этишни истардик, биз буни чинакам тарихий ютуқ деб биламиз. Мамлакатингизга биринчи марта бундан йигирма йил аввал келганман. Иккинчи марта президентлик фаолиятига киришган дастлабки пайтингизда келгандим. Бу гал эса сизнинг бошчилигингизда амалга оширилаётган ҳайратланарли ўзгаришларни кўрдим. Сиз яқин ўтмишдан мерос қолган мураккаб муаммоларни ҳал қилишингизга тўғри келди. Шунга қарамай, энди Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоялаш, манфаатларини таъминлаш каби қатъий ривожланиш йўлидан оғишмай бормоқда. Мен авваллари БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари сифатида Марказий Осиёга ташриф буюрганимда, шуни айтишим зарурки, ушбу минтақа давлатлари ўртасида бирор масалада ўзаро яқинлик бўлмаган. Қайси давлатга келсам, фақат қўшниларни танқид қилишларини эшитардим, холос. Эндиги ҳақиқат шуки, жаноб Президент, сизнинг шарофатингиз билан вазият тубдан ўзгарди. Сиз минтақада давлат раҳбарлари даражасида ҳақиқий ҳамкорлик ва ишонч руҳини яратишга эришдингиз”.
Сиёсий кузатувчилар Шавкат Мирзиёевни ўз юртини дунёга янада кўпроқ ва самаралироқ очилишини кўзлаётган, халқимиз бахти ва саодатини кўришни ўзининг бош мақсади деб билган, миллий тараққиётни миллий юксалиш даражасига кўтариш учун астойдил бел боғлаган, бу мақсадларга эришиш йўлида ҳеч қачон ортга қайтмайдиган қатъият ва матонатли ўзбек етакчиси сифатида бир вақтлар Хитой иқтисодиётини мислсиз юксалишга олиб чиққан Дэн Сяо Пинга қиёслашади. Бу эътироф бежиз эмас. Дэн муаллим дунё иқтисодиётига доир муҳим дарсликлар, илмий-амалий қўлланмалардан ўрин олган “Очиқ эшиклар сиёсати”ни йўлга қўйгани билан машҳур бўлган раҳбардир. У турли сабабларга кўра мамлакатдан чиқиб кетган, хорижда тадбиркорлик қилаётган сармоядор хитойликларга ишонч ва самимийлик билан: “Юртга қайтинглар, биз сизларга янада яхши имконият яратиб берамиз, даромадингиз ҳуқуқий кафолатланади, унга ҳеч ким кўз тикмайди” деган ўта масъулиятли шиорни ўртага ташлади ва бу сўзида қатъий турди ҳам. Шу чорлов мамлакат иқтисодиётини оёққа турғизди, одамлар янги давр шабадасини сезди. Япониянинг собиқ бош вазирларидан бири Танака журналистларнинг ер ости бойликларини қазиб олишда турли давлатларнинг муайян улуш ҳисобига ҳамкорлиги нечоғлиқ зарур деган саволига: “Биргалашиб қазиш муҳим эмас, бу бойлик қаерда бўлса ҳам инсонга хизмат қилиши муҳим”, деган эди.
Шу ўринда баъзи кузатувчиларнинг бир “хавотир”ига тўхталиб ўтиш зарур. Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ночорланиб қолган иқтисодиётини модернизация қилиш йўллари ҳақида ўйлар экан, бу жараёнда ривожланган давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилишдан бошқа натижадор йўл йўқлигига ишонч ҳосил қилди, бу заруратни айрим раҳбарлардан кўра аввалроқ англади, дунёвий тажрибага таянди, ён қўшнилар билан муҳим алоқаларни йўлга қўйди. Марказий Осиё ва Кавказ институтининг “Ипак йўли” дастури директори Сванте Корнелл ўзбеклар бағрикенглик билан дунё учун, ёндош қўшнилар учун очилаётгани, янги Президент юритаётган ташқи сиёсат бу жиҳатдан “ёқимли ва ҳайратланарли” эканини қайд этгани ёдимизда. Бу очиқлик мамлакатимизга жуда катта миқдорда инвестиция олиб келмоқда.
Яна бир хавотир — баъзи мутахассислар Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошиб бораётганини урғулайди. Аслида, иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлар ҳам қарз кўтаради. Гап уни нимага, қандай мақсадни кўзлаб ишлатишда. Масалан, АҚШнинг жорий йил учун давлат қарзи (ички ва ташқи қарз) 36 триллион 386 миллиард долларга тенг. Япониянинг 2023 йилги қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан 230 фоизни ташкил этади. Шундай бўлса-да, мамлакат иқтисодиётида жиддий муаммо йўқ, аксинча, ўсиш бор.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида давлат қарзларини самарали бошқариш бўйича чора-тадбирлар аниқ-равшан белгилаб қўйилган. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириш, даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш учун замин яратиш, давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш, 2023 йилдан эътиборан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан, давлат қарзини бошқаришда йилига янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 миллиард доллардан ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсад қилинган. Демак, хавотирга ўрин йўқ. Қарздан қарзнинг фарқи бор. Олинган қарздан мақсадли, унумли фойдаланиш халқнинг яшаш тарзи ва харид қувватига ижобий таъсир кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг жаҳонга интеграциялашувини амалда янги босқичга олиб чиқди. Бугун юртимизда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш, баъзан ғоят мураккаб муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш оддий воқеа бўлиб қолди. Бир мисол. Собиқ тузумдан кейин пайдо бўлган МДҲ ташкилотининг саммити дастлабки йигирма беш йилда Ўзбекистонда бирор марта ҳам ўтказилмади. Бу тузилманинг лаббайчи фаоллари пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилар экан, навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди ва бунга эришди ҳам. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида муносиб нуфузига эга бўлди. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашидаги иштироки, давлатимиз раҳбарининг амалий таклиф ва ташаббуслари бу муҳим ташкилот фаолиятини жонлантирди, десак хато бўлмайди.
Марказий Осиё давлатлари узоқ йиллар давомида собиқ тузумнинг ёпиқлик сиёсати остида қолиб кетди. Бир-бирига ёндош беш мамлакатга ўз имкониятларидан фойдаланиш, дунё ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланиш имконияти берилмади. Шавкат Мирзиёевнинг амалий прагматик сиёсати боис, Ўзбекистонда мутлақо янги ислоҳотлар тўлқини юзага келди ва бу жараён минтақа ҳамда дунё сиёсатида сезиларли бурилиш ясади, тарихий илдизлари бир қўшни мамлакатларда ҳам ижобий акс садо берди.
Истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллиги яқинлашиб келаётган шукуҳли кунларда ҳар бир киши, у қайси соҳада бўлмасин, бу йилларни қандай босиб ўтдик, қандай кураш ва қаршиликларга дуч келдик, қаерда сустлашдик, туркий қавмлар ўртасидаги минг йиллик меҳр-оқибат ришталари қандай узилди деган саволлар қаршисида ўйланади. Ана шу муаммоларга ечим топиш, ота-боболаримиз бирга босиб ўтган дўстлик, бағрикенглик йўлларини тиклаш, сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, бу буюк ҳаракатга чинакам бошчилик қилиш осон бўлди дейсизми?! Қатъий ирода, матонатли интилишнинг самараси бу. Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида, жамият тизимида, одамлар онг-тафаккури, турмуш тарзи, ўзликни англаш даражасида юз берган ва муттасил юз бераётган ўзгаришларнинг салмоғи, бугунги илғор дунё даражасида баҳолаганда қанчалар тош босиши, узоқ йиллар биз ўйлаган, ишонган мақсад-муддаога нечоғлиқ мослиги ҳақида холисона мушоҳада юритишимиз керак. Бу хусусда узоқ-яқин дўстларимиз, стратегик ҳамкорларимиз, халқаро кузатув ташкилотлари, молия-иқтисод мутахассислари ижобий фикр билдирмоқда, дунё матбуоти ўз сўзини айтаётир, шу билан бирга, бизни узоқдан, узоқроқдан шунчаки, “Қани, кўрайлик-чи”, дея кузатиб турганлар, тортиниброқ бўлса-да, ҳавас қиларли ютуқларимизни тан олишга, уларга қизиқиш билдиришга, биз билан манфаатли ҳамкорлик қилишга мажбур бўлаётганлари сир эмас. Қозонда бўлса, чўмичга чиқади. Бугун талатўпли дунё диққат-эътиборига тушиш, ишончини қозониш, ўрни келганда, ибрат ва намуна кўрсатиш осон иш эмас. Шундай экан, жамиятда юзага келаётган, шаклланаётган ижтимоий фикр, ҳар бир кишининг ўз хулосаси катта аҳамиятга эга.
Янги Ўзбекистоннинг янги йўли инсон ҳуқуқи ва эркинликларини амалда ҳимоя қилиш, жамиятнинг ҳар бир аъзосига ўз салоҳиятини ҳеч бир тўсиқсиз намоён этиш, орзу-ниятларининг рўёбини кўриш, заҳматли меҳнати, изланишлари самараларидан эмин-эркин фойдаланиш, бу ёруғ оламда инсон мақомида яшар экан, ўз ҳаётидан, имон-эътиқодидан, фарзандларининг камолидан бугун рози бўлишини таъминлаш эди. Шу мақсадда собит турибмиз. Орқага қайтиш йўқ. Мамлакат иқтисоди давлатимиз раҳбари белгилаб берган, халқимиз қўллаб-қувватлаган стратегик тараққиёт дастури асосида силкиниш ва депсинишларсиз бир маромда, мақсадга мувофиқ йўналишда ривожланмоқда. Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари улуғланадиган ижтимоий давлатга айланиб бораётирмиз, бандликни таъминлаш, янги замонавий иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш бош вазифага айлангани бор гап.
Йиллар ўтади. Янги Ўзбекистон тарихини ўрганувчилар кўз ўнгида давлат раҳбарининг фаолиятидаги халқпарварлик феномени, улуғ мақсад йўлидаги фидойилиги, халқ билан мулоқот қандай йўлга қўйилгани, янги давр авлодини тарбиялаш каби бир-биридан муҳим вазифалар ижроси қандай амалга оширилгани яққол намоён бўлади. Янги Ўзбекистоннинг кучли моддий ва маънавий салоҳияти уларни, шубҳасиз, руҳлантиради.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист