Ҳар бир даврнинг тарих солномасидан ўрин оладиган муҳим воқеалари, хулоса ва сабоқлари бўлади. Улғайиш, янгиланиш деб аталмиш жараён идрокимизни тиниқлаштиради, тафаккуримиз уфқларини кенгайтиради. Ҳар субҳи содиқ янги фикр, янги ният, орзу-умид эшикларини очади.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари адоғида дунёда, собиқ иттифоқда юз берган, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда кеч­ган, онг-шууримизга муҳрланган ижтимоий-сиёсий жараён­лар, янгича ва эскича қарашларнинг аёвсиз тўқнашуви, мустабид тузумнинг парчаланиши, қизил мафкура тамойилла­рининг таназзули, етмиш йилдан ортиқ вақт дунёнинг катта бир қисмини хоҳиш-иродасига бўйсундириб, фуқароларини қон-қақшатиб, жон-жонини суғуриб келган давлатнинг сиё­сий саҳнадан тушишини ўшанда кимлардир тарихнинг кечи­риб бўлмас хатоси сифатида қабул қилгани сир эмас. Аммо тафаккури уйғоқ, зеҳни баланд, томирларида аждодлар руҳи сўнмаган кишилар бу воқеаларни мағзи пуч ҳар қандай ғоя­нинг умри қисқа экани далолати сифатида дилдан қувониб қабул қилгани ҳам бор гап.

Марказий Осиё халқлари мураккаб ва қалтис шароитда ўз мустақиллигини қўл­га киритди, иқтисодий исканжа гирдоби­да қолган бўлса-да, орқага чекинмай, қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб, миллий ривожланиш ва тараққиёт йўлини белгилаб олди. Ўзбекистоннинг бу йўлда эришган оламшумул ютуқлари бугун на­фақат минтақада, дунё миқёсида ҳам рас­ман эътироф этилмоқда.

Мана, ўттиз тўрт йилдирки, эмин-эр­кин, ҳақ-ҳуқуқимизни таниб, дунё кенгликларига интилиб яшамоқдамиз. Биз дунёга, дунё бизга бағрини очмоқда. Ис­тиқлолга тенгдош фарзандлар янги давр, янги жамият бағрида вояга етди, ёнимизга кирди, миллатнинг янги замон фарзанд­лари, янгича фикрлайдиган раҳбарлари­га айланди. Бу ўзгаришлар бир қарашда эътиборга молик воқеа эмасдай туюлади. “Авваллари ҳам шундай бўлган-ку, туғилиш, вояга етишнинг нимаси янгилик”, дейишлари мумкин. Аммо бу — тор қобиқли фикр. Киндик қони тўкилган озод ватанда туғилиб, қон томир­ларида сўнмаган миллий ҳаёт тарзи, ўз қарашларинг билан вояга етиш бошқа! Бу — буюк бахт, илоҳий неъмат.

Ўз отини миниб, ўзи танлаган йўлдан юр­ган фикри тиниқ, борар манзили аниқ одам ҳеч қачон адашмайди. Ўзбе­кистон миллий ва умумин­соний қадриятлар мушта­раклигида буюк келажак сари мураккаб сафарга отланар экан, мана шу сифатларни ўзида жам қилгани учун ҳам ниятига етди. Бизни чалғитмоқчи бўлганларнинг ўзи чалғиди. Бизга қараб мийиғида кулганларнинг ўзи бугун кулги остида қолди.

Ўтган давр ичида мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий-маъ­рифий асослари мустаҳкамланди, янги авлод тарбияси йўлга қўйилди. Тадбир­корлик, ишбилармонлик мамлакат миқё­сида қулоч ёзди. Жамиятда янги мулкдор­лар синфи шаклланди, хусусий мулкка, мулкдорларга муносабат ўзгарди. Диний эътиқод учун таъқиб қилишга барҳам бе­рилди. Одамлар ўз меҳнатлари самарала­ридан тўла баҳраманд бўлиш, даромадла­рига яраша турмуш кечириш, зурриётла­рига мерос қолдириш ҳуқуқига эга бўлди.

Жамиятнинг бугунги илғор вакилла­ри сафига кўз ташлайлик — уларнинг ҳар иккинчиси тадбиркор, ишбилармон, икки-уч тилда бийрон сўзлаша олади­ган, ўтмиш аждодлар қолдирган маъна­вий меросдан бохабар ёшлар. Водийлик, воҳалик деҳқон, боғбон, чорвадор ёки қурувчининг ўғли, қизи, набираси бугун дунёнинг манаман деган олийгоҳларида таҳсил олмоқда, илмий изланишда, ўқиш ва уқишда европалик тенгдошларидан ортда қолаётгани йўқ. Бундан уч минг йил аввал яратилган “Калила ва Димна” асарида ҳам “Ёшлар тарбияси бузилиб кетяпти, бу жуда хавотирли” деган ҳадик бор. Хато жойи йўқ бу гапнинг. Аммо биз, катта авлод вакиллари ҳеч иккиланмай бугунги ёшлардан ўрганишимиз, улардан ибрат олишимиз ҳам керак. Ёш мутахас­сислардан, истеъдодли йигит-қизлардан замонавий тушунчаларни сўраш, тушуниб олиш айб бўлмай қолди. Ушбу мақолани ёзаётганимда, нима бўлди-ю, компьютер айниди. Набирам керакли тугмачаларини босиб, тўғрилаб берар экан, менга майин жилмайиб қаради. Унинг беғубор табассу­мида истиқлолимизнинг буюк бўй-басти­ни кўргандай бўлдим.

Собиқ тузум шароитида шундай бў­лиши мумкинмиди?! Ота-боболаримиз: “Қани энди, бир замон келса-ю, қиблага қараб қўлингни дуога бемалол очсанг, ҳаж ибодатини адо этсанг, ўғил-қизингни имон-эътиқодли қилиб тарбияла­санг, ўтмиш аждодларга ётсираб қара­масанг”, дея умид қилди. Таассуфки, бу умидлар умидлигича қолиб кетди. Узоқ йиллар давомида ўзлигимизни идрок эт­май яшадик. Собиқ тузум мафкураси бун­га йўл бермади.

Қадим замонлардаёқ тан олинган ҳақиқат шуки, қаерда тадбиркорликка рағ­бат берилса, ўша жой обод бўлади, эл-юрт­да тинчлик-тотувлик ҳукм суради, дастур­хонга файз киради. Собиқ тузум мана шу оддий ҳақиқатни тушунмади, аниқроғи, тушунишни истамади. Қўлигул, ишчан, ҳаракатчан одамларнинг қўл-оёғини боғлаб, тадбиркорликни жиноий хатти-ҳа­ракатга тенглаштирди ва охир-оқибат ўзи таназзулга юз тутди.

Ўзбекистон раҳбарлигига келган Шавкат Мирзиёев фаолиятини мамлакат­да мавжуд халқ ҳокимияти фаолиятини амалда мустаҳкамлашдан бошлади. Халқ давлат органларига эмас, давлат органла­ри халққа хизмат қилиши керак деган улуғ шиорни дадил ўртага ташлади. Мамлакат­нинг барча ҳудудларида Президентнинг халқ ва виртуал қабулхоналари ташкил этилди. Халқни эшитиш, муаммоларни ҳал этишдек буюк жараён бошланди, де­сак муболаға бўлмайди. Янги раҳбарнинг “Одамлар олис келажакда эмас, бугун ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган сўзлари эл-юртда янги умид учқунларини уйғотди, мамла­катда ижтимоий фаолликнинг сезиларли даражада ошишига туртки берди. Бу фаоллик орадан кўп ўтмай ижобий самараси­ни берди. Бугунги Ўзбекистон миллий истиқлолнинг дастлабки йилларидаги Ўзбекистондан кескин фарқ қилади. Бугун у дунё деб аталмиш улуғ чексиз уммонда шиддат билан сузиб бораёт­ган, кўзлаган мақсади аниқ замонавий кемага ўхшайди. Шавкат Мирзиёев ҳеч бир давлат бундан буён ўз ҳолича, яқин қўшниларидан, дунё давлатларидан узилган ҳолда яшай олмаслигини чуқур англаган ҳолда собиқ тузумдан қолган тақиқларни бекор қилиш, манфаатли ҳамкорлик алоқаларини тиклаш, неча минг йиллардан бери ота-боболари­миз бирга қадам ташлаган йўллардаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, ён қўшниларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эски гина-кудуратларни унутиб, аср­лар, даврлар синовидан ўтган қон-қар­дошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлини тутди. Одамларнинг эркин ҳа­ракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қи­линди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мил­лий ва халқаро нодавлат таш­килотлар билан очиқ мулоқот бошланди. Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистон­да ҳозир дунёнинг кўп мамлакатлари учун ҳам ибрат намунаси бўла оладиган муҳим иқтисо­дий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда БМТ Бош котиби Гутерриш жа­нобларининг Тошкентда айтган қуйидаги эътиро­фини келтириб ўтиш зарур: “Марказий Осиёга ташрифим­ни Ўзбекистондан бошладим. Сабаби оддий. Менинг минтақа келажагига бўлган барча умидларим сиз, жаноб Президент билан, шунингдек, мамлакатингизда кейинги йилларда му­ваффақиятли амалга ошираётган ташаббусларингиз билан боғлиқ. Биринчи навбатда ислоҳотларнинг юксак самарасини қайд этишни истардик, биз буни чинакам тарихий ютуқ деб биламиз. Мамлакатин­гизга биринчи марта бундан йигирма йил аввал келганман. Иккинчи марта прези­дентлик фаолиятига киришган дастлабки пайтингизда келгандим. Бу гал эса сиз­нинг бошчилигингизда амалга оширила­ётган ҳайратланарли ўзгаришларни кўр­дим. Сиз яқин ўтмишдан мерос қолган мураккаб муаммоларни ҳал қилишингизга тўғри келди. Шунга қарамай, энди Ўзбе­кистон ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоялаш, манфаатларини таъминлаш каби қатъий ривожланиш йўлидан оғиш­май бормоқда. Мен авваллари БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комисса­ри сифатида Марказий Осиёга ташриф бу­юрганимда, шуни айтишим зарурки, ушбу минтақа давлатлари ўртасида бирор маса­лада ўзаро яқинлик бўлмаган. Қайси дав­латга келсам, фақат қўшниларни танқид қилишларини эшитардим, холос. Эндиги ҳақиқат шуки, жаноб Президент, сизнинг шарофатингиз билан вазият тубдан ўз­гарди. Сиз минтақада давлат раҳбарлари даражасида ҳақиқий ҳамкорлик ва ишонч руҳини яратишга эришдингиз”.

Сиёсий кузатувчилар Шавкат Мирзиёевни ўз юртини дунёга янада кўпроқ ва самаралироқ очилишини кўз­лаётган, халқимиз бахти ва саодатини кўришни ўзининг бош мақсади деб бил­ган, миллий тараққиётни миллий юксалиш даражасига кўтариш учун астойдил бел боғлаган, бу мақсадларга эришиш йўлида ҳеч қачон ортга қайтмайдиган қатъият ва матонатли ўзбек етакчиси сифатида бир вақтлар Хитой иқтисодиётини мислсиз юксалишга олиб чиққан Дэн Сяо Пинга қиёслашади. Бу эътироф бежиз эмас. Дэн муаллим дунё иқтисодиётига доир муҳим дарсликлар, илмий-амалий қўлланмалар­дан ўрин олган “Очиқ эшиклар сиёсати”ни йўлга қўйгани билан машҳур бўлган раҳ­бардир. У турли сабабларга кўра мамла­катдан чиқиб кетган, хорижда тадбиркор­лик қилаётган сармоядор хитойликларга ишонч ва самимийлик билан: “Юртга қай­тинглар, биз сизларга янада яхши имкони­ят яратиб берамиз, даромадингиз ҳуқуқий кафолатланади, унга ҳеч ким кўз тикмай­ди” деган ўта масъулиятли шиорни ўртага ташлади ва бу сўзида қатъий турди ҳам. Шу чорлов мамлакат иқтисодиётини оёққа турғизди, одамлар янги давр шабадасини сезди. Япониянинг собиқ бош вазирла­ридан бири Танака журналистларнинг ер ости бойликларини қазиб олишда турли давлатларнинг муайян улуш ҳисобига ҳамкорлиги нечоғлиқ зарур деган саво­лига: “Биргалашиб қазиш муҳим эмас, бу бойлик қаерда бўлса ҳам инсонга хизмат қилиши муҳим”, деган эди.

Шу ўринда баъзи кузатувчиларнинг бир “хавотир”ига тўхталиб ўтиш зарур. Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ночор­ланиб қолган иқтисодиётини модерниза­ция қилиш йўллари ҳақида ўйлар экан, бу жараёнда ривожланган давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилишдан бошқа натижадор йўл йўқлигига ишонч ҳосил қилди, бу заруратни айрим раҳбарлардан кўра аввалроқ англади, дунёвий тажрибага таянди, ён қўшнилар билан муҳим алоқа­ларни йўлга қўйди. Марказий Осиё ва Кавказ институтининг “Ипак йўли” дасту­ри директори Сванте Корнелл ўзбеклар бағрикенглик билан дунё учун, ёндош қўшнилар учун очилаётгани, янги Пре­зидент юритаётган ташқи сиёсат бу жиҳатдан “ёқимли ва ҳайратланарли” эканини қайд этгани ёдимизда. Бу очиқ­лик мамлакатимизга жуда катта миқдорда инвестиция олиб келмоқда.

Яна бир хавотир — баъзи мутахассис­лар Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошиб бораётганини урғулайди. Аслида, иқтисо­дий жиҳатдан бақувват давлатлар ҳам қарз кўтаради. Гап уни нимага, қандай мақсад­ни кўзлаб ишлатишда. Масалан, АҚШ­нинг жорий йил учун давлат қарзи (ички ва ташқи қарз) 36 триллион 386 миллиард долларга тенг. Япониянинг 2023 йилги қар­зи мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисба­тан 230 фоизни ташкил этади. Шундай бўлса-да, мамлакат иқтисодиётида жиддий муаммо йўқ, аксинча, ўсиш бор.

Президентимизнинг 2022 йил 28 январ­даги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт страте­гияси тўғрисида”ги фармонида давлат қарзларини самарали бошқариш бўйича чора-тадбирлар аниқ-равшан белгилаб қўйилган. Хусусан, иқтисодиёт тармоқла­рида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириш, даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш учун замин яратиш, давлат бюджети тақ­чиллигини қисқартириш, 2023 йилдан эътиборан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан, давлат қарзини бошқа­ришда йилига янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 миллиард доллардан ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсад қилинган. Демак, хавотирга ўрин йўқ. Қарздан қарзнинг фарқи бор. Олинган қарздан мақсадли, унумли фойдаланиш халқнинг яшаш тарзи ва харид қувватига ижобий таъсир кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг жаҳонга интеграциялашувини амалда янги босқичга олиб чиқди. Бугун юрти­мизда йирик халқаро анжуманлар ўтка­зиш, баъзан ғоят мураккаб муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш оддий воқеа бўлиб қолди. Бир мисол. Собиқ тузумдан кейин пайдо бўлган МДҲ ташкилотининг саммити дастлабки йигирма беш йилда Ўзбекистонда бирор марта ҳам ўтказил­мади. Бу тузилманинг лаббайчи фаоллари пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёев 2020 йил­да Ҳамдўстликка раисликни қабул қилар экан, навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди ва бунга эришди ҳам. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида муносиб нуфузига эга бўлди. Ўзбекистон­нинг Туркий тилли давлатлар кенгаши­даги иштироки, давлатимиз раҳбарининг амалий таклиф ва ташаббуслари бу муҳим ташкилот фаолиятини жонлантирди, де­сак хато бўлмайди.

Марказий Осиё давлатлари узоқ йил­лар давомида собиқ тузумнинг ёпиқлик сиёсати остида қолиб кетди. Бир-бирига ёндош беш мамлакатга ўз имкониятлари­дан фойдаланиш, дунё ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланиш имконияти берилмади. Шавкат Мирзиёевнинг амалий прагматик сиёсати боис, Ўзбекистонда мутлақо янги ислоҳотлар тўлқини юзага келди ва бу жараён минтақа ҳамда дунё сиёсатида сезиларли бурилиш ясади, тари­хий илдизлари бир қўшни мамлакатларда ҳам ижобий акс садо берди.

Истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллиги яқинлашиб келаётган шукуҳли кунларда ҳар бир киши, у қайси соҳада бўлмасин, бу йилларни қандай босиб ўтдик, қандай кураш ва қаршиликларга дуч келдик, қа­ерда сустлашдик, туркий қавмлар ўртаси­даги минг йиллик меҳр-оқибат ришталари қандай узилди деган саволлар қаршисида ўйланади. Ана шу муаммоларга ечим то­пиш, ота-боболаримиз бирга босиб ўтган дўстлик, бағрикенглик йўлларини тиклаш, сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, бу буюк ҳаракатга чинакам бошчилик қилиш осон бўлди дейсизми?! Қатъий ирода, матонат­ли интилишнинг самараси бу. Янги Ўз­бекистоннинг иқтисодий-сиёсий, маъна­вий-маърифий ҳаётида, жамият тизимида, одамлар онг-тафаккури, турмуш тарзи, ўзликни англаш даражасида юз берган ва муттасил юз бераётган ўзгаришларнинг салмоғи, бугунги илғор дунё даражасида баҳолаганда қанчалар тош босиши, узоқ йиллар биз ўйлаган, ишонган мақсад-муд­даога нечоғлиқ мослиги ҳақида холисона мушоҳада юритишимиз керак. Бу хусусда узоқ-яқин дўстларимиз, стратегик ҳамкор­ларимиз, халқаро кузатув ташкилотлари, молия-иқтисод мутахассислари ижобий фикр билдирмоқда, дунё матбуоти ўз сў­зини айтаётир, шу билан бирга, бизни узоқдан, узоқроқдан шунчаки, “Қани, кўрайлик-чи”, дея кузатиб турганлар, тор­тиниброқ бўлса-да, ҳавас қиларли ютуқла­римизни тан олишга, уларга қизиқиш бил­диришга, биз билан манфаатли ҳамкорлик қилишга мажбур бўлаётганлари сир эмас. Қозонда бўлса, чўмичга чиқади. Бугун та­латўпли дунё диққат-эътиборига тушиш, ишончини қозониш, ўрни келганда, ибрат ва намуна кўрсатиш осон иш эмас. Шун­дай экан, жамиятда юзага келаётган, шакл­ланаётган ижтимоий фикр, ҳар бир киши­нинг ўз хулосаси катта аҳамиятга эга.

Янги Ўзбекистоннинг янги йўли инсон ҳуқуқи ва эркинликларини амалда ҳимоя қилиш, жамиятнинг ҳар бир аъзосига ўз салоҳиятини ҳеч бир тўсиқсиз намоён этиш, орзу-ниятларининг рўёбини кўриш, заҳматли меҳнати, изланишлари сама­раларидан эмин-эркин фойдаланиш, бу ёруғ оламда инсон мақомида яшар экан, ўз ҳаётидан, имон-эътиқодидан, фарзанд­ларининг камолидан бугун рози бўлиши­ни таъминлаш эди. Шу мақсадда собит турибмиз. Орқага қайтиш йўқ. Мамлакат иқтисоди давлатимиз раҳбари белгилаб берган, халқимиз қўллаб-қувватлаган стратегик тараққиёт дастури асосида сил­киниш ва депсинишларсиз бир маромда, мақсадга мувофиқ йўналишда ривожлан­моқда. Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва ман­фаатлари улуғланадиган ижтимоий дав­латга айланиб бораётирмиз, бандликни таъминлаш, янги замонавий иш ўринлари­ни яратиш, камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож тоифаларни қўллаб-қув­ватлаш бош вазифага айлангани бор гап.

Йиллар ўтади. Янги Ўзбекистон тари­хини ўрганувчилар кўз ўнгида давлат раҳ­барининг фаолиятидаги халқпарварлик феномени, улуғ мақсад йўлидаги фидойилиги, халқ билан мулоқот қандай йўлга қўйилгани, янги давр авлодини тарбия­лаш каби бир-биридан муҳим вазифалар ижроси қандай амалга оширилгани яққол намоён бўлади. Янги Ўзбекистоннинг куч­ли моддий ва маънавий салоҳияти уларни, шубҳасиз, руҳлантиради.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист