Шу сабабли тадбиркорлар харидорларга турли тўлов усулларини таклиф қиляпти. Кимдир автомобилни нақд пулга сотиб олса, бошқа биров кредит ёки лизингга олишни маъқул кўради. Албатта, барча ўз имконияти доирасида танлов қилади. Аммо буларнинг барчаси бирдек ишончлими? Ҳамма автосалонлар ҳам харидор билан тузилган шартнома шартларини тўлиқ бажаряптими?

Афсуски, ундай эмас.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Анвар Исроилов ана шундай муаммога дуч келганлардан. У 2018 йили 17 май куни «UMID SAVDO FAYZ INVEST» МЧЖ билан «COBALT» русумли автомашинани лизинг асосида харид қилиш учун шартнома тузган.

Аммо МЧЖ шартнома шартларини бузгач, фуқаро автоулов учун тўлаган 128 848 740 сўм маблағини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилди.

Мурожаат асосида федерация фуқаро манфаатини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд қарорига биноан жавобгар — «UMID SAVDO FAYZ INVEST» МЧЖ ноҳақ деб топилиб, фуқаро фойдасига 128 миллиондан ортиқ маблағ ундирилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати.