Эндокрин касалликлар ичида қалқонсимон без, қандли диабет дунё бўйлаб кенг тарқалаётгани сир эмас. Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эндокрин хасталикларни профилактика қилиш, ўз вақтида аниқлаш, самарали муолажаларни қўллаш ва аниқланган эндокрин касалликларни мунтазам кузатиб бориш имконини беради.

Рўйхатга олинган беморларни мунтазам кузатиш мақсадида мамлакатимиз бўйича 14 мингдан зиёд тиббий бригада ташкил қилинди. Эндокрин касалликка чалинган оилаларга 30 мингга яқин патронаж ҳамшира бириктирилди. Қарорда барча тиббий бригадаларни глюкометр ва махсус тест япроқчалари билан таъминлаш каби вазифалар белгиланган.

Тиббий бригадаларнинг асосий вазифаси нималардан иборат?

Биринчи навбатда, оилавий шифокорлар энг кўп учрайдиган қалқонсимон без хасталиклари ва қандли диабетни тўғри ташхислашга қайтадан ўқитилиб, малакаси оширилади. Улар патронаж ҳамширалар билан бирга қандли диабетга чалинган шахс яшайдиган оилалаларни мунтазам кузатиб боради. Юртдошларимиз қандли диабет ва диабетолди ҳолатлар учун мақсадли скринингдан ўтказилади ҳамда эндокрин касалликлар аниқланган беморлар билан мунтазам мулоқот ўрнатилади. Сурункали эндокрин касалликлар ривожланишининг олдини олиш учун эндокрин касалликларни даволашнинг замонавий клиник протоколлари ва алгоритмлари жорий этилади. Чекка жойлардаги аҳоли ўзида қандли диабет борлигини йиллар давомида билмай юриши мумкин. Айниқса, қандли диабет бошланғич даврида белгиларсиз кечиши бунга сабаб. Кўпинча беморлар шифокорга мурожаат қилганида касаллик билан бирга асорати ҳам юзага келган бўлади. Тиббий бригадаларнинг асосий вазифаси аҳоли ўртасида қандли диабет ёки қалқонсимон без касалликларини ўз вақтида аниқлаш, у келтириб чиқарадиган асоратларнинг олдини олишдир. Мана шу ҳолатлар ўз вақтида аниқланса, қандли диабет хасталигига ўтиш даврини тўхтатиш имконияти бўлади. Аждодида қандли диабетга чалинганлар бор шахслар, 40 ёшдан юқори, семизликдан азият чекаётган, қон босими юқори одамлар, фарзанди 4 килограммдан юқори туғилган аёллар хавф гуруҳига киради.

Бу гуруҳга кирувчи оиланинг аъзолари мунтазам текшириб турилади. Натижада қандли диабет хасталигини ўз вақтида аниқлаш ва олдини олишга эришамиз. Бу бизга катта имконият беради. Йилданйилга қандли диабет ва у келтириб чиқарадиган йирик қон томир касалликлари асоратининг олдини олишга эришамиз.

Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг профилактикасини таъминлаш ва даволаш мақсадида оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамшираларнинг ёрдами жуда ҳам муҳим. Шу сабабли, оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамшираларнинг эндокринологик билими ва малакасини ошириш мақсадида 36 соатлик ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, барча тиббиёт бригадалари глюкометр ва тест япроқчалари билан таъминланади. Беморларни бир кунлик диагностик стационар кузатиш тизими йўлга қўйилади. Эндокрин касаллик мавжуд бўлган бемор ёки хавф гуруҳига кирувчи шахслар мана шу диспансерга мурожаат қилади. Шу кузатув асосида 24 соат мобайнида мурожаат қилган бемор қонида эндокрин хасталик мониторинги ва биокимёвий таҳлиллар ҳам ўтказилади. Олинган натижалар асосида бемор ўз яшаш жойида белгиланган муолажаларни ўз вақтида олиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, вилоятлар, ҳар бир шаҳар ва туман марказий шифохоналарида бир кунлик стационарлар ташкил қилинади. Асосий мақсад чекка қишлоқлардаги аҳолига имкон қадар ёрдам кўрсатишга қаратилган. Масалан, ўша ердаги аҳоли вилоят марказига ёки Тошкент шаҳрига келиб, Эндокринология марказига мурожаат қила олмаслиги мумкин. Мана шуни назарда тутган ҳолда аҳолига ҳар бир туманда бир кунлик марказлаштирилган стационарлар ташкил қилинади. Бу стационарларнинг асосий вазифаси бир кун давомида мурожаат қилган шахс қонидаги гормон миқдорини аниқлашдир. Қандли диабет бўлса, ликерланган гемоглобин миқдори текширилади. Қондаги бир кунлик қанд миқдори мониторинги ўтказилади. Бу текширув аввал бўлмаган.

Қарорга биноан ўрнатилаётган тартиб аҳолига жуда катта имкониятлар яратиб беради. Бундан ташқари, стационарда окулист, невропатолог ва бошқа мутахассислар кўриги ташкил этилиб, мурожаат қилган шахс тўлиқ кўрикдан ўтказилади. Лаборатор таҳлиллари натижасига асосланган ҳолда, эндокринолог томонидан керакли тавсиялар берилади. Бемор яшаш жойидаги муассасага мурожаат қилиб, тавсия қилинган муолажаларни олиш имкониятига эга бўлади.

Меъёрий ҳужжат тизимни босқичмабосқич ривожлантиришга йўналтирилган. Энг асосий йўналиш профилактикага қаратилган. Скрининг, бирламчи тиббий хизмат, оилавий шифокорларнинг билими ва савиясини ошириш, саломатлик мактабларини очиш, эндокринологларни тайёрлаш шулар жумласидан. Яна бир йўналиш кўп тармоқли марказлар фаолиятини, диагностикани ривожлантиришга қаратилган.

Қарор билан эндокринология хизматини ташкил этишнинг энг муҳим йўналишлари белгиланмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳудудий тиббиёт муассасалари ўртасида тизимли, узвий боғлиқликни таъминлаш, эндокрин касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва бошқариш дастурларини амалиётга жорий этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни оширишни тарғиб этиш, замонавий диспансер назорати тизимини йўлга қўйиш орқали ҳар бир бемор ҳолатининг мониторингини юритиш кабилар шулар жумласидан.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоятлардаги филиаллари, эндокринологик диспансерлар билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш бизга нима беради?

Бу орқали, аввало, бутун мамлакатимиз аҳолисидаги эндокрин касалликларнинг статистик маълумоти, касалланиш кўрсаткичи, тарқалиши, ривожланиши, профилактик чора-тадбири, даволаш ҳамда зарур препаратлар билан тўлақонли таъминлангани ҳақидаги маълумотларни жамлаган ҳолда эндокрин хизматни йўлга қўйишимиз мумкин. Аҳоли учун бунинг устувор жиҳатларидан бири шуки, ихтисослаштирилган юқори сифатли, малакали эндокрин хизматлар фақат Тошкент шаҳрида эмас, балки узоқ ҳудудларда ҳам кўрсатилади.