Хўш бу янгилик нима экан ва қандай самара беради экан?
Юқумли бўлмаган касалликлар билан касалланган беморларни аниқлаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сирдарёлик тиббиёт ходимлар аҳолини саломатлик кўрсаткичларини ўлчаб чиқиб, 4 та гуруҳ, яъни соғлом, паст хавф, ўрта хавф ва юқори хавф гуруҳларига ажратишди.
Хатлов ишларини тўғри ва тез бажарилиши, аҳолини саломатлик кўрсаткичларини ишонарли тарзда аниқлаб чиқишлари учун 421 та тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, унга 1 883 нафар тиббиёт ходими бириктирилди. Бириктирилган тиббиёт ходимларга 645 та пульсиоксиметр, 441 та тарози, 192 та мобил ЭКГ ва бошқа зарур бўлган тиббий ускуналар тақдим этилди.
Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Тиббий бригадалар қисқа вақт мобайнида вилоятда яшовчи аҳолининг 93 фоизи яъни 152 минг аҳоли хонадонларини тиббий хатловдан ўтказиб, аҳоли саломатлик кўрсаткичларини аниқлашди ва саломатлик ҳолатига қараб уларни 4 гуруҳга бўлишди.
Ўтказилган хатлов натижасига кўра аҳолининг 154 минг 378 нафари яъни 19,5 фоизи соғлом гуруҳга,
356 минг 226 нафари яъни 45, фоизи паст хавф гуруҳига,
257 минг 352 нафари ўрта хавф гуруҳига,
25 минг 554 нафари яъни 3,0 фоизи юқори хавф гуруҳига мансублиги аниқланди.
Натижага қараб, мустақил, ўзи юриб, тиббиёт муассасаларига бора олмайдиган 1 104 нафар беморларга доимий кузатув ташкил этилди. Улар соғлиғини назорат қилиб бориш ва зарур ҳолатда тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 127 нафар патронаж ҳамширалари уларга бириктирилди.
Қувонарли томони, жорий йилнинг 1 апрелида Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган «Аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш масалалари бўйича» видеоселектор йиғилишида эътироф этилган янгилик айнан мана шу ишлар эди. Ва бу ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларига «Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилган соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели» сифатида барча ҳудудларда жорий этиши бўйича муҳим топшириқ ҳам берилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.