Жумладан, мамлакатимиз аҳолисининг ҳам муайян қисми юртимиздан ташқарида меҳнат қилади. Кўриниб турибдики, миграция билан боғлиқ масалалар бутун дунё мамлакатлари сингари Ўзбекистон учун ҳам жуда долзарбдир.
Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишга кўмаклашиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрда қабул қилинган ”Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Қарорда фуқароларни хорижда ишлаш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш, чет элларда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган.
— Ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида тегишли давлат ташкилотлари вакилларидан иборат делегация аъзолари Россияга бориб, ушбу давлатдаги меҳнат муҳожирларини рус тили ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув дарслари йўлга қўйиш имкониятларини ўрганди, — дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Абдужаббор Алимов. — Ташриф доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети ҳамда World Skills Russia (Россиянинг ёш мутахассислари) ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди. Унга асосан, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбга ўқитиш йўлга қўйилди.
Ўқув курсларида фуқароларга рус тилини ўргатиш, қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш, автомобилсозлик соҳаларида 25 та касб бўйича ўқитилиши кўзда тутилган. Яъни мигрантлар Россия бозоридаги талаб юқори бўлган, юқори ойлик тўланадиган касбларга ўқитилади. Шу кунгача бир гуруҳ юртдошларимиз ўқув курсларини тугатиб, малака паспортини олди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий мамлакатлардаги вакиллари кўмагида Россияда фаолият юритаётган ана шундай юртдошларимиздан баъзилари билан боғланиб, мулоқот қилишга муваффақ бўлдик. Марҳаматлик 26 ёшли Азиз Собиржонов шу кунларда Новосибирск шаҳрида қурилиш тармоғида фаолият юритяпти.
— Новосибирск шаҳрида сантехника тизимлари муҳандислиги бўйича бепул ўқув курси ташкил этилгани айни муддао бўлди, — дейди А.Собиржонов. — Шу чоққача шу касбни яхши билмаганим учун малакали усталарнинг кўмагига таянишга мажбур бўлардим. Ўқув курсини муваффақиятли тугатиб, гувоҳнома олдим. Бу ҳунар менга доимий ишли бўлиш ва яхши даромад қилиш имкониятини бермоқда.
Айни пайтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат миграцияси соҳасини янада ривожлантириш, хорижий давлатлардаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Япония билан имзоланган, махсус малакали ишчилар мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш тўғрисидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, фуқароларимизни Японияга ишга юбориш тизимини жорий этиш учун Тошкент шаҳрида япон тили ва малака имтиҳонларини ўтказувчи тест марказини очиш режалаштириляпти. Бундан ташқари, Жанубий Корея, Европанинг Польша, Болгария каби мамлакатлари ва бошқа давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида иш олиб борилмоқда.
Хорижда ишлаб, юртимизга қайтиб келган меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга мослашиши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги ишлар ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бу борада жойлардаги меҳнат органларининг хорижда ишлаб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, ички меҳнат бозорига мослаштириш борасидаги фаолиятини ташкил этишига кўмаклашиш мақсадида Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курслари айни муддао бўлди. Яқинда ушбу ўқув курсларини тамомлаган бир гуруҳ меҳнат мигрантлари ва меҳнат инспекторларига сертификат топширилди.
Шофирконлик Бекмурод Қаҳҳоров улардан бири. У бир неча йил Россиянинг Тула шаҳрида паррандачилик фермасининг қурилишида ва қарийб беш йил ушбу корхонада фаолият юритди. Ҳозир ватанимизга қайтган юртдошимиз хорижда орттирган тажрибаларидан келиб чиқиб, юртимизда ҳам тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятида.
— Ўқув курсида ўз бизнесимни бошлаш учун кўпгина муҳим маълумотлар олишга муваффақ бўлдим, — дейди Б.Қаҳҳоров. — Айни пайтда хонадонимда беш юз бош товуқ боқяпман. МЧЖ ташкил этиб, иш фаолиятимни кенгайтирмоқчиман. Бу борада давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилаётгани бизни руҳлантирмоқда. Мақсадим бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янги иш ўринлари очиш, бозорларимизда озиқ-овқат тўкинлигини таъминлаш, иқтисодиётимизни ривожлантиришга муносиб улуш қўшишдир.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда мамлакатимизда 1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилмоқда. Бу борада ҳудудларда ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Навоий вилояти филиали бош мутахассиси Анвар Турдиевнинг айтишича, вилоятда жорий йил охиригача 1100 нафар фуқарони чет элда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ва хорижий тилларга ўқитиш режалаштирилган. Шу мақсадда Қизилтепа қурилиш коллежи, Навбаҳор туманидаги кўп тармоқли техникум ва олтита маҳаллада ўқув курслари ташкил этилди. Ҳозирги кунда вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида меҳнат миграцияси бўйича инспекторлар фаолият юритяпти. Улар томонидан аҳоли орасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ҳозиргача олти юз нафардан кўпроқ ёш чет элда ишлаш учун рўйхатдан ўтган ва курсларда ўқишга қизиқиш билдирган.
Ҳар бир мамлакатда меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишнинг ўз тартиби бор. Масалан, Россияда ишлаш учун патент олиш лозим. Бунинг учун эса Россия қонунчилиги ва рус тилидан махсус сертификат талаб этилади. Россияда бу ҳужжатларнинг ҳаммасини тўғрилаш учун кўп вақт ва анча маблағ талаб этилади. Эндиликда хорижда ишлаш ниятида бўлган фуқароларга рус тили ва Россия қонунчилиги бўйича сертификатни мамлакатимизда туриб олиш имконияти яратилди.
Навоий шаҳрида ташкил этилаётган “Ишга марҳамат” мономарказида ҳам четга ишлаш учун кетадиган фуқароларга касб-ҳунар ўргатиш баробарида ана шундай ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа хизматлар ҳам кўрсатиш режалаштирилган.
Айни пайтда бундай муҳим чора-тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишлар меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, меҳнат миграциясини қонуний ва тартибли ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири