Ҳали ёз фасли поёнига етмай ҳарорат бироз пасайиб, ёғаётган ёмғир куз яқинлашаётганидан огоҳлантирмоқда. Одамлар кўнглидан бу йил ҳам электр ва газ ўчиб қолмасмикин, деган хавотир ўтаётгани бор гап. Ахир, ўтган йилги аномал совуқ бу йил ҳам такрорланмаслигига ҳеч ким кафил бўлолмаслиги аниқ-да. Шундай экан, кузнинг ортидан меҳмон бўладиган қишга тайёргарлик қай даража экани кўпчиликка қизиқ. Аммо соҳа мутасаддилари бу борада ҳеч бир хавотирга ўрин йўқлигини айтмоқда. “Е-kon” лойиҳаси доирасида табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари рақамлаштирилиши ҳамда ҳудудларда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги қурилмалар фойдаланишга топширилиши муносабати билан яқинда, яъни 25-26 август кунлари Ғузор ҳамда Муборак туманларига ташкил этилган пресс-тур давомида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти мутасаддилари ОАВ вакилларини шунга ишонтиришга ҳаракат қилди.
Саҳрода нима гап?
Дастлабки режага кўра, конларги жараёнлар билан яқин танишиш мақсадида Ғузор туманидаги Эшонқудуқ ҳудудига таклиф этилдик. Автомашинада анчагина йўл босилгач, аҳоли яшайдиган пунктдан олислаб, каттагина адирликлардан иборат йўлда кетиб боряпмиз. Аҳён-аҳёнда қум бўронлари кўтарилиб, чўл ҳавоси ўз таъсирини сездира бошлади. Кенг саҳро, адоғи кўринмайдиган манзилда фақатгина нефть-газ соҳаси ходимларигина махсус машиналарида ҳар замонда ўтиб қолади. Далада янтоқ ва саксовулдан бошқа ўсимликни деярли учратиш мушкул. Ниҳоят саҳро ўртасида бурғилаш ишлари кетаётган манзилга келиб тўхтадик. Атрофда ўзига хос шовқин. Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига тегишли Шўртан конидаги 392-қудуқда замонавий техника ёрдамида бурғилаш ишлари бажарилмоқда.
— “Ўзбекнефтгаз” АЖ Россиянинг “Газпромнефть” компанияси билан қудуқ бурғилаш ва назорат қилиш, қурилиш муддатларини қисқартириш ҳамда сифатли ишлаб чиқаришга топшириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бормоқда,— дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азиз Раҳмонов. — Айни пайтда ушбу қудуқда бурғилаш ишларини “Газпромнефть” мутахассислари бажармоқда. Қудуқ чуқурлиги 3 минг 200 метргача етказилади. Бунинг учун олдин 80-90 кун сарфланган бўлса, хорижлик мутахасссислар 50 кундан ортиқроқ вақт ичида белгиланган ишни якунига етказишни режа қилишган. Хусусан, уч кундаёқ қудуқнинг 700 метрга яқин қисми бурғиланди. Дастлабки қатламдан ўтиш бироз осон кечиши мумкин, аммо кейинги босқичлар ҳам тезкор бажарилиши кутилмоқда. Маҳсулдор қатламни сифатли очиш ва қудуқни кавлаш ишлари муддатини қирқ фоиз қисқартириш режалаштирилган. Бу жараёнда маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш ҳам мақсад қилинган.
Кейинги манзил томон йўлда давом этарканмиз, бир муддат кончилар учун махсус шийпонда тўхтаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбари Баҳодир Сидиқовдан зарур маълумотлар олиш илинжида бўлдик.
— Бугунги кунда соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, —дейди Б.Сидиқов. — Жумладан, қудуқларни бурғулаш вақтини қисқартириш, захира конларни кўпайтириш мақсадида кўпгина хорижий компанияларни ҳамкорликка жалб этганмиз. Ҳозир Озарбайжон, Россия, Хитой каби давлатларнинг етакчи корхоналари иш олиб бормоқда. Аҳолига зарур газни ўз вақтида етказиб бериш, шунингдек, ишлаб чиқариш корхона ва муассасаларининг газга бўлган талабни қондириш ҳаракатидамиз.
“Ўзбекнефтгаз” раҳбари газ таъминотидаги ўтган йилдаги каби узилишлар бўлиши борасидаги ховотирларни аритишга уринди: “Бу борада керакли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу боис, биз ҳам деярли ҳар куни белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришга интиляпмиз. Таъкидлашим лозимки, соҳамизда импорт ва экспорт ишлари доимий равишда олиб борилади. Гоҳида аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар пайдо бўлиб, ўзимизда газ етишмасдан, нега четга сотилмоқда, деган савол пайдо бўлади. Буни тўғри тушунишимиз лозим, деб ўйлайман. Яъни бизда газ истеъмоли учун талаб доим бир хил бўлмайди. Мисол учун, қишда бу эҳтиёж ортади, кунлар исий бошлагач, пастлаб кетади. Бу пайтда эхтиёждан ортган газни сақлаб туриш имконияти йўқ. Шунда экспортни амалга оширишга тушамиз. Аммо кейинги йилларда ёз мавсумида ҳам аҳоли истеъмоли ортиб бормоқда. Шу боис, керакли чоралар кўриб борилмоқда”.
“Ўзбекнефтгаз” раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дизель ёқилғиси яқинда Афғонистондан “сифатсизлиги сабаб” қайтариб юборилгани тўғрисидаги хабарлар нотўғри эканини таъкидлади.
“Uzbekistan JTL” заводимизда ишлаб чиқарилган дизель маҳсулоти сифати ўта юқори. Қўшни давлатда бу борада бироз тушунмовчилик бўлгани боис, шу ҳолат рўй берди. Афсуски, биринчи йўналтирилган маҳсулотимизни қайтариб юборишди. Албатта, хориж бозорига киришнинг ўзи бўлмайди. Бу жараёнда баъзи тушунмовчиликлар ҳам кузатилади. Лекин, ҳеч шубҳасиз, дизел ёқилғимиз бошқа давлатларники билан бемалол рақобатлаша олади. Мисол учун, яқинда минг тонна шундай маҳсулотимизни Эстонияга сотдик. Яна қизиқиш билдириб, ўн минг тоннага буюртма беришган. Бу сифат юқорилигидан далолат беради. Шунингдек, Грузиядан ҳам талаб тушмоқда. Тез кунда улар билан керакли шартномалар тузилади”.
Суҳбат якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбари газ ва электрдан фойдаланишда аҳолида тежамкорлик маданиятини шакллантириш лозимлигини ҳам қайд этди.
“E-kon” лойиҳаси амалда
Кейинги манзилда журналистлар учун “E-kon” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш имкони яратилди. “E-kon” лойиҳаси доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Шўртан конидаги 20, 24-газ йиғув пунктларига тегишли қудуқлар кўрсаткичларини онлайн кузатиш жараёнлари билан танишдик.
— Авваллари кузатув натижалари қоғозга қайд этилиб, барчаси қўлда бажариларди, — дейди муҳандис-оператор Мақсуд Жумаев. — “E-kon” бу борада анча қулай. Шу билан бирга, вақт ва маблағ тежалмоқда. Ҳозир ўттизга яқин қудуғимизда онлайн кузатиш имконияти мавжуд. Бугун синов ишлари бошланган. Кейинчалик бу тўлиқ тартибда жорий этилади.
Маълумотларга қараганда, “E-kon” лойиҳаси, асосан, тўртта йўналишда амалга оширилиши белгиланган. Биринчисида қудуқларда босим ва ҳарорат ўлчов воситалари ўрнатилади, иккинчисида табиий газ сарфини ўлчаш имконини яратиш мақсадида газ йиғув жойларида дастлабки тайёрлаш қурилмалари қурилади, учинчи босқичда дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, жорий этилади. Якунда муҳандис-оператор лавозими жорий этилади.
Ушбу амалиётлар тўлиқ бажарилгач, 1500 та қудуқда босим ва ҳарорат ўлчов воситалари ўрнатилиб, онлайн тарзда маълумотлар йиғиш имконияти яратилади. Шунингдек, 80 та йиғув жойида табиий газ тайёрлаш ва сарфини ўлчаш қурилмалари ўрнатилади. Операторлар фаолияти самарадорлиги оширилиб, барча қурилма ва ўлчов асбобларидан олинаётган маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқариш учун ягона дастурий таъминот ишлаб чиқилади.
Пилот лойиҳа доирасида Шўртан, Муборак ва водий вилоятларидаги нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида босим ўлчовчи 203 та, ҳарорат ўлчовчи 110 та ва 11 та алоқа чиқарув воситаси ўрнатилади. Шунингдек, сенятбрь ойида Жанубий Тандирча, Шўртан, Шарқий Бердах, Денгизкўл, Сомонтепа, Тегирмон конларига босим ўлчовчи жами 666 та ва ҳарорат ўлчовчи 333 та восита қўйилиши режалаштирилган.
Яна бир янги лойиҳа ишга тушди
Муборак газни қайта ишлаш заводи мамлакатимиздаги йирик корхоналардан бири. Пресс-турнинг иккинчи куни ушбу заводда бўлдик. Шу куни лойиҳа қиймати 60 миллиард 186 миллион сўм бўлган, газдан олтингугурт ажратиб оладиган 5-цех ишга туширилди.
Лойиҳа натижасида мавжуд қурилмаларни таъмирлаш даврида завод қабул қиладиган табиий газнинг қисқариши олди олинади. Газ қабул қилиш камаймаган ҳолда таъмирлаш ишлари бажарилади.
Пресс-тур давомида олган хулосамиз шу бўлдики, аслида газ хонадонимизга етиб келгунча унинг ортида қанчадан-қанча захматли меҳнат ётади. Бу йўлда жуда кўп маблағ сарфланяпти. Соҳа қанчалик модернизация қилинса, истеъмолчилар тежаб-тергаса, шунчалик яхши. Зеро, барчамиз учун табиий бойлик ҳисобланган газдан нафақат сизу биз, балки авлодларимиз ҳам фойдаланишга ҳақли.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири