Янги Ўзбекистонда ўзбек спорти ўзининг юксак натижалари билан она Ватанимиз шон-шуҳратини жаҳон ҳамжамияти олдида тараннум этиб келаётганлиги бугун барчамизга кундай равшан. Аслида мамлакатни дунёга тез танитадиган соҳалардан бири – бу, спорт. Ўтган йиллар давомида жисмоний тарбия ва спортга доир Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди.
Мазкур қарор ва фармонлар миллат генофондини соғломлаштиришга, келажакда юртимиз шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни етказишда муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилардаги ислоҳотлар, мен каби спортчиларнинг муштини янада зарблироқ қилиб, қалбини келажакка бўлган ишончга, орзуларини эса зафарли ва ёруғ марраларга боғлаяпти.
Юрт ардоғидаги чемпион сифатида, сўнгги йилларда спорт соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, илғор натижалар ва тарих саҳифаларига ёзишга арзигулик воқеалар ҳақида баралла айтгим келади. Президентимизнинг жорий йилдаги ”Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясининг тасдиқланиши ҳамда концепцияни 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича ”Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши ва белгиланиши, соҳа ходимлари ва барча боксчиларга янада рағбат берди.
Айниқса, Ангрен шаҳри, Янгиобод қўрғони ҳудудида жойлашган Республика олимпия захиралари спорт коллежи балансидаги 1,5 гектар майдонга эга бўлган собиқ стадион, сузиш ҳавзаси ва ошхонани 2029 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон бокс федерациясига текин фойдаланиш ҳуқуқининг берилиши давлат аҳамиятига молик воқеа.
Энди холисона айтингчи, ўзбек спортчилари ва ёки мутахассисларига бундан ўн йиллар олдин ҳам шундай шароитлар яратилганми? Асло, ўндан бири ҳам бўлмаган.
Сурхон элининг олис ҳудудида вояга етган, мендай оддий бир қишлоқ фарзанди гарчи болалигимданоқ дасталанган медаллар шодасини қўлга киритиб, 13 ёшимда Ўзбекистон, 17 ёшимда Осиё чемипион бўлган бўлсам ҳам ўша вақтларда мени ҳеч ким танимаган. Чемпион бўлсам-да қўлим калталиги ва ноҳақликлар ичида бор маҳоратимни юзага чиқара олмаганман. Халқаро мусобақаларга йўл беришмаган...
Бугун 28 ёшдаман!
Бугун 28 ёшдаман! Шуни очиқ ва ошкор айтишни истар эдимки, фақат кейинги йилардаги ислоҳотлар туфайли Баҳодир Жалолов бўлиб танилдим. Нафақат ўзим туғилиб ўсган гўзал диёрда, балки чет давлатларда ҳам машҳур бўлдим. Президентимизнинг камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб, Баҳодир Жалолов маҳорат бокс мактабини очиб бериш бўйича, “Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг имзоланиши эса, ҳаётимдаги туб бурилиш бўлди. Кўнглимга қувонч, билакларимга куч, шижоатимга янгича руҳ бағишлади!
Аслида мендан олдин ҳам кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионлари чиққан. Бироқ, бу шарафли вазифа менинг зиммамга юклатилган экан, бу ҳам менинг омадим ва бахтим. Яқин кунлардан бошлаб, билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил фаолият олиб боришга ҳаркат қиламан. Бу истиқболли ишни ўзим, устозларим, яқинларим, спорт соҳасининг фидойилари ва мутасадди раҳбарлари билан ҳамжиҳатликда амалга оширамиз. Қутлуғ ниятлар билан асос солинаётган бокс мактабимизда Худо хоҳласа Осиё, олимпиада ва жаҳон чемпионларини ўзимизнинг шарафли йўлимиздан эргаштириб борамиз.
Ҳаёт йўлимда муҳим бўлган ушбу қарор менга ўқитувчилик, шарафини, раҳбарлик ишончини ҳам берди. Мазкур ҳужжатда, Бокс мактабини 2022/2023 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаши белгилаб қўйилган. Мактабни ташкил этиш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 25 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Энг асосийси ўқувчиларни текин овқатлантириш. Харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди ва ўқувчилар тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади.
Менинг номим билан боғлиқ Бокс мактабининг очилиши, келажаги порлоқ, истиқболи ёрқин ёш спортчилар учун ҳам турли ва ишончли бир йўл бўлди. Шунинг учун ҳеч бир камчилик кўрмай униб-ўсиб келаётган ёш авлодга қараб: бу кунларнинг қадрига етиб она Ватанимизга муносиб ва содиқ фарзандлар бўлиб хизмат қилишингиз, юртимизнинг ҳар бир қарич тупроғини муқаддас билиб асраб-авайлашингиз шарт дегим келади.
Хўш, нега бу сўзларни айтаяпман?
Чунки, ўқувчилик давримизда бундай тўкис шароитлар бўлмаган. Шахсан, ўзим ҳаётда кўп қийналдим. Ноҳақликларга дуч келдим, етишмовчилик нима эканлигини бошимдан ўтказдим. Қорним нонга тўймай, ётоқхонада ётишга жойим бўлмай, зулматли тунларда, бола қалбим билан қоронғуликдан қўрқиб, яширинча тунларни тонгларга улаб чиққан кунларим кўп ва хўп бўлган. Ёнимда пулим бўлмай Чирчиқдан пойтахтгача пиёда келган кунларим ҳам. Ўша вақтларда 14 ёшга ҳам тўлмаган эдим...
Ҳа, айнан кейинги 4–5 йил ичида мамлакатимизда ушбу соҳага алоҳида эътибор туфайли ўзбек спортчилари жаҳон ареналарида улкан муваффақиятларни қучиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтармоқда. Ҳар бир инсон учун ўзининг туғилиб ўсган диёридан ардоқлироқ маскан ва ўз юрти эъзозидан шарафлироқ мукофот бўлмайди.
Бу машҳурликни аслида менга ким берди?
Айни кунларда онажоним билан муборак Ҳаж сафаридаман келдим. Ҳали ўттиз ёшга ҳам тўлмай шундай улуғ имкониятга ва мақомга эга бўлдим. Бугун нафақат, Ўзбекистон балки чет давлатларда ҳам мени, ўзбекнинг машҳур боксчиси деб билишади. Бу машҳурликни аслида менга ким берди? Албатта, она Ватаним! Ҳур ва обод Ўзбекистоним. Юртимда Инсон қадри учун яратилган беқиёс шароитлар ва кенг имкониятлар кўлами берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида Маккаи мукаррама томонга юзланиб: ”Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, – деган эканлар. Ушбу сўзларнинг моҳиятини шу кунларда теранроқ англаб турибман.
Негаки, Ўзбекистондан олисда ибодат қилиб юрганимда у ердаги турли миллат вакиллари олдимга келиб ҳурмат билан ҳол-аҳвол сўрашарди. Ҳар қадамда “Баҳодир Жалолов,”, “Ўзбек чемпиони”, дея суратга тушайлик деб илтимос қилишди. Бу воқеаларга гувоҳ онажонимнинг қувончдан ёшланаётган кўзларига боқиб, кўнглим ёқимли бир ҳисга тўлди. Шунда киндик қоним тўкилган жаннатмонанд обод ўлкам, Ўзбекистоним шаънини ҳимоя қилиш, юртим байроғини янада юксакка кўтариш олдимдаги энг муқаддас бурч эканлигини юркадан ҳис қиламан. Ахир бу эъзоз, эътбор, ҳурмат ва ҳавас давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитлар туфайли юз беряпти-ку.
Шундай кезларда Президентимнинг, “Алпомишлар юрти Сурхондарё фарзанди Баҳодир Жалолов ўта оғир вазнда ҳам чемпион, ҳам турнирнинг энг яхши боксчиси, деган эътирофга сазовор бўлгани республикамизнинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборини янада оширди. Мен Баҳодирни кўпдан бери танийман, кўп суҳбат қилганман... Унинг ўзбек ўғлони нималарга қодир эканлигини дунё миқёсида кўрсатгани, сабр-тоқат билан ўзининг устида ишлагани чинакам меҳнат натижасидир. Мен сиз билан ғурурланаман!..” деган сўзлари қулоқларим остида қайта ва қайта жаранглагандай бўлаверади. Онгу-шууримга сингиб кетган бу ҳаётбахш сўзлар мени юксакларга чорлайверади. Ватан олдидаги фаразндлик бурчимни қайта ва қайта эслатаверади. Ҳа, ҳали дунё спорт майдонларида зафарлар қучаверамиз! Она юрт байроғини баланд кўтариб, Ватан мадҳиясини баралла куйлайверамиз.
Баҳодир ЖАЛОЛОВ,
Бокс бўйича жаҳон чемпиони,
“Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда
“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби
|
|