Яқин ўтмишда ўзимиз гувоҳ бўлган, устоз-мураббийларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилишдек номаъқул амалиётларга барҳам берилгани уларга ҳурматнинг энг гўзал кўриниши бўлди. Илмий даража ва унвонлар инобатга олиниб, ойлик маошларимиз сезиларли даражада ошириб бориляпти. Шунингдек, соҳа фидойилари илмий-педагогик фаолиятда, баркамол авлодни тарбиялашда эришган ютуқлари учун моддий ва маънавий рағбатлантириляпти.
Янги олий таълим муассасалари ва хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари, қўшма факультетлар очилди, қабул квоталари, айниқса, унда бюджет ўринлари салмоғи, мактаб битирувчиларининг олий таълим тизимига қамрови кескин ортиб боряпти.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий таълим муассасаларига қабул бўйича ўтказиладиган тест жараёнларининг такомиллаштирилиши, айниқса, кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди. Абитуриентларга аввал учта, кейин бешта таълим йўналиши бўйича танловларда бир марта топширган тест синовлари натижалари билан иштирок этиш имконияти яратилгани олий таълим муассасаларига ҳақиқий билимли ёшларни саралаб қабул қилиш имконини бермоқда. Натижада омма орасида адолатли тест синовларига ишонч ортди. Бир сўз билан айтганда, мазкур ўзгаришлар иқтидорли фарзандларимизга юксак парвоз учун қанот бермоқда.
Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига бормайлик, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўриб, дилимиз яйрайди. Шаҳар ва қишлоқлардаги муҳташам биноларни, янги иш ўринлари барпо этаётган тадбиркорларни, халқнинг ризқу рўзини яратаётган қадоқ қўлли деҳқон ва соҳибкорларни, обод ва кўркам бўлиб бораётган, гулларга бурканаётган маҳаллалар, кўчалару хонадонларни, юзида табассум, дилида шукроналик ҳисси уфуриб турган юртдошларга қараб, халқимизнинг Президентимиз бошчилигида танлаган йўли нақадар тўғрилиги, ислоҳотлар ва бунёдкорлик амалий натижаларини намоён этаётганидан хушнуд эканини дилдан ҳис қиламан.
Мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий, маданий-маънавий соҳада юз бераётган асрларга таътигулик ижобий ўзгаришлар нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар – сайловда иштирок этган кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ана шундай паллада кўнгилни фахру ифтихор туйғулари эгаллайди.
Дунёга буюк олим ва мутафаккирларни берган юртимизда инсон қадр-қимматини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, илм-фан тараққиётини таъминлаш ва инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида бугун кечаётган тизимли ислоҳотлар яқин келажакда янада юксак натижаларни бериши шубҳасиздир.
Кейинги йилларда ижодкорларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳам эътирофга лойиқ. “Дўрмон” ижод уйида ва Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасида шароитлар тубдан яхшиланди. Зомин ва Паркент ижод уйлари барпо этилиб, ёзувчи ва шоирларнинг ижод қилиши ва мароқли дам олиши таъминланди. Ёш ижодкорларнинг қатор китоблари чоп этилиб, таълим муассасаларига беминнат етказилаётгани кўплаб ижодкор ёшларни эзгу мақсадларга руҳлантираётгани аниқ.
Ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар фахр туйғуларини ҳис қилиш билан бирга зиммамизга улкан масъулият юклайди. Зеро, халқимизнинг маънавий хазинасини бойитадиган асарлар яратиш, замонамиз қаҳрамонлари сиймосини гавдалантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш биз, ижод аҳлининг шарафли ва масъулиятли вазифамиздир.
Шундан экан, сайлов натижаларидан мамнун халқимиз, ижодкорларимиз сафида янги беш йилликда ҳам амалга оширилажак ишларда ҳамиша олдинги сафларда бўлиш учун бор куч-ғайратимиз, билим ва истеъдодимиз билан ҳаракат қиламиз, хайрли ишларга камарбаста бўламиз!
Ҳабиб Сиддиқ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.