Куз фасли келиши билан хазонрезги мавсуми бошланиб, шаҳримиз аҳолиси яна бир муаммога дуч келади. У ҳам бўлса тўкилган барглар ва кесилган шох-шаббаларни кўчалар, маҳаллалар, аҳоли яшаш мавзелари, истироҳат боғлари, хиёбонлар, қабристонлар, корхона, ташкилотларда ёқиб юборилаётганлигидир. Ушбу ҳолатларни таҳлил қиладиган бўлсак, болалар шўхлик қилиб баргларни ёқишса, катталар ахлат уюмидан қутилиш учун, фаррошлар эса йиғилган хазонларни ҳудуднинг тозалигини таъминлаш учун ёқиб юбормоқда. Буни қанчалик одам организмига ва атроф-муҳитга хавфли эканлигини бир неча мисолларда келтириб ўтсак.
Барг ва хазонлар уюмининг ёқилиши натижасида атмосфера ҳавосига ис гази, углерод оксиди ажралиб чиқиб, нафас сиқишига ва сурункали аллергик касалликларни хуружларига сабаб бўлади. Бундан ташқари баргларни ёқиб юборилиши натижасида инсон организмининг иммунитет тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ёқиб юборилган барг-хазонларнинг заҳарли моддаларга тўйинган тутуни юқори нафас йўллари орқали ўпкага ўтади ва касалликлар хуружига сабаб бўлади. Биринчи навбатда ҳомиладар аёллар, кекса ёшдаги инсонлар ва болалар азият чекади. Аллергик касалликлар ва нафас сиқиши билан хасталанган беморлар бу заҳарли тутунлардан етарлича азият чекади. Манбаларда келтирилишича,1 тонна барг ва хазон уюмлари ёқилиши натижасида 30 кг зарарли модда ажралиб чиқади.
Ёниш жараёнида ҳосил бўладиган қурум ва тутунлар нафақат одам организмига ва атроф-муҳитга, балки, ернинг унумдор қатламига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Қадимда ота-боболаримиз хазон уюмларини чиритиб ўғит сифатида фойдаланиб келган, ҳар бир ерли хонадонда баргларни кўмиш учун махсус ўралар бўлган ва хазонлар шу ўрага кўмилиб, компост қилинган. Хазонларнинг чириши натижасида ер қатламининг унумдорлиги ҳам ошган.
Мана бир неча йиллардан бери хазонлар ва шох-шаббаларни йиғиш ҳамда компостлаш учун ҳар бир туманда бир нечтадан хандақлар ташкил қилинди. Туманда аҳоли яшаш мавзеларида тўпланган барг-хазонларлар ушбу хандақларга ташланиб келинмоқда. Лекин, минг афсуски хазонларни ёқиб юбориш ҳолатлари ханузгача давом этиб келмоқда.
Осмонимиз мусаффолиги, атмосфера хавосини тозалиги келажак авлодларимиз учун бизлардан қолувчи мерос. Уни асраш ҳар бир фуқарониниг бурчидир.
Ж. Мирзамуҳамедов,
Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати
Тошкент шаҳар бошқармаси коммунал гигиена бўлими мудири