Бу ҳақда Xinhua хабар берди.
Қурилма Шанхайда жойлашган Neuracle Technology томонидан ишлаб чиқилган. Бу тижорат мақсадларида фойдаланиш учун тасдиқланган дунёдаги биринчи инвазив тиббий қурилмадир.
NEО тизими бир нечта компонентлардан иборат. Беморнинг миясига кичик танга ўлчамидаги чип ва электродлар имплантация қилинади. Ушбу электродлар миянинг электр сигналларини реал вақт режимида ўқийди. Ўрнатилган узатгич бу сигналларни беморнинг қўлини ҳаракатлантириш ниятини аниқлайдиган ва пневматик қўлқопни фаоллаштирадиган декодер дастурига юборади.
Бу беморларга нарсаларни олиш, уларни кўтариш ёки сув ичиш каби асосий ҳаракатларни бажариш имконини беради. Тўплам шунингдек, қурилмани ўрнатиш учун жарроҳлик тўпламини ва беморни кузатиш ва даволаш учун дастурий таъминотни ўз ичига олади.
NEО 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, орқа мия шикастланиши туфайли тетраплегия билан оғриган ва бармоқлари билан ушлаш қобилиятини йўқотган беморлар учун мўлжалланган.
Имплантация эпидурал тарзда амалга оширилади — қурилма дура матер устига жойлаштирилади. Бу усул юқори сигнал сифатини таъминлайди, мия тўқималарига зарар етказиш хавфини камайтиради. Симсиз қувват манбаи ва маълумотлар узатиш тизими қурилмадан битта операциядан кейин узоқ вақт фойдаланиш имконини беради. Имплантациядан тахминан бир ой ўтгач, беморлар тизимдан уйда мустақил равишда фойдаланишлари мумкин.
Бугунги кунга қадар ушбу технология 36 та клиник процедурада қўлланилган: тўртта пилот синов ва яхши клиник амалиёт стандартларига мувофиқ ўтказилган 32 та кўп марказли тадқиқотлар. Барча иштирокчилар ушлаш функциясида турли даражадаги яхшиланишни, баъзилари эса нерв алоқаларининг тикланиши ва нерв функциясининг қисман тикланиши белгиларини кўрсатишди, деб хабар берди kazinform.