Жорий йилнинг 28-29-30 май кунлари Бухоро вилоятида XIX анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивали ўтказилиши муносабати билан жуда юқори савияда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Зеро, бу йилги фестиваль ўтган йиллардагига нисбатан юқори савияда, ўзгача руҳда ўтиши кутилмоқда.
Фестивалда миллий ҳунармандчиликнинг 34 та йўналиши бўйича 1000 дан ортиқ, шундан хорижий мамлакатлардан 30 дан ортиқ ҳунармандларнинг иштироки кутилмоқда.
Фестиваль Бухоро вилоят ҳокимлиги, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ва Бухоро вилояти бошқармаси, вилоят туризм ва спорт бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкиллаштирилмоқда.
Фестиваль анъанавий миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш уни халқаро миқёсида кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ҳунармандчилик ва туризмни янада равнақ топтириш, Бухорони жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Президентимиз ташаббуси билан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар, имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фестивалда павильонлардан жой ажратиш кўзда тутилган.
Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатлардан уста ҳунармандлар, сайёҳлик ташкилотлари мутахассислари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ташрифлари кутилмоқда.
Хуршид Яҳёев,
"Ҳунарманд" уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи