Таъкидланганидек, пандемиянинг салбий таъсири кўпроқ хизматлар ва сервисга тўғри келгани боис ушбу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 24 та турдаги солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали 35 триллион сўмлик кўмак берилган.
Шунингдек, ўтган йили тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат соҳасига 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилди.
Қайд этилишича, куни кеча барча вилоят ҳокимлари ўз ҳудудида хизмат кўрсатиш соҳасидаги аҳвол ва мутасадди раҳбарлар масъулиятини танқидий муҳокама қилган. Натижада, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган 27 раҳбар лавозимидан озод этилиб, 54 нафарига интизомий жазо чораси қўлланилган.
– Хизмат кўрсатиш соҳасига 500 миллион доллар ажратяпмиз. Бу пандемия шароитида оз пул эмас. Лекин Президентга яхши кўринаман, деб бу пулларни лойиҳасиз, самарасиз сарфлаб юбориш сиёсатга хиёнат, – деди давлатимиз раҳбари ҳокимларга қарата.