Инсонни улуғламай, ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминламай, юксак тараққиётга эришиб бўлмайди. Инсон табиат гултожи бўлса, халқ давлатнинг ягона манбаидир. Боғ яратиш, экин экиб мўл ҳосил олиш, хизмат кўрсатиш, маҳсулот ишлаб чиқариш, илм ўрганиш, юртни ривожлантириш – буларнинг барчаси инсон ақл-тафаккури, иштиёқи билан амалга оширилади. Иштиёқ, интилиш учун, аввало, эътибор лозим бўлади. Эътиборга сазовор инсоннинг қўлидан кўп улуғ ишлар келади. Кейинги йилларда мамлакатимизда инсонга эътибор масаласи устувор вазифа, давлат хизматчиларининг бурчи сифатида қўйилаётгани замирида чуқур маъно бор.
Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадри энг олий қадрият сифатида белгиланаётганини, ижтимоий ҳолати ва мавқеидан қатъи назар, фуқароларга ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги кафолатланаётгани миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш жуда катта аҳамият касб этади.
Яқинда тасдиқлаган Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида амалга оширишга мўлжалланган давлат дастурида ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қиммати тамойили энг марказда турибди. Одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишни назарда тутган мақсад-режалар бисёр. Шуларнинг айримлари ҳақида фикрлашамиз.
Халқимиз саломатлиги учун
Бетоб одамнинг кўзига дунё тор кўринади, у на ўзи, на юрти учун бирор иш қилишни эмас, фақат тузалишни, соғайиб кетишни истайди. Давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги муҳим вазифаларидан бири тиббиёт, яъни соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, замонга мос технологиялар билан таъминлашдир. Ана шунда аҳоли соғлом бўлиб, юрт ривожига ҳисса қўшади.
Жорий йил учун тасдиқланган давлат дастурида ҳам аҳоли учун кафолатланган ижтимоий ёрдамни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш назарда тутилди.
Унга кўра:
– реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўламини 5 баравар ошириш;
– ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқиш;
– амбулатор шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини 2023 – 2026 йилларда жорий этиш белгиланди. Мазкур режалар аҳолининг саломатлиги ва хотиржамлигини таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзини қулай ҳис этиши учун шароитлар яратишни ўзида ифода этган.
Йилдан йилга атроф-муҳитда инсон саломатлиги учун зарарли бўлган моддалар ҳажми ортиб бормоқда. Бунга, албатта, автомобиллардан, завод-фабрикалардан чиқаётган зарарли тутун ва газлар сабаб. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳамда тайёрлашда зарарли кимёвий моддалар ҳаддан ортиқ ишлатилаётгани ҳам одамлар саломатлигида кўплаб муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бунда инсонлар саломатлигини асраш, уларга бирламчи тиббий-санитария хизматларини кўрсатиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Давлат дастурида бирламчи тиббий-санитария хизматида аҳолига малакали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага ажратиладиган маблағни ошириш белгиланди. Унга биноан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мақсадида 18-40 ёшли 12,6 миллион аҳолини профилактик кўрикдан, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги, сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион аҳолини юрак қон-томир касаллиги ва қандли диабет бўйича скрининг текширувлардан, мактабгача таълим муассасалари ва ўрта мактабларнинг 9 миллион тарбиланувчиси ва ўқувчисини тиббий кўрикдан, онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида йилига 3 миллион аҳолини скринингдан ўтказиш кўзда тутилди.
Республика бўйича 6–23 ойлик бўлган жами 1,2 миллион болани микронутриент кукуни, 2–10 ёшдаги жами 6,3 миллион болани гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3–15 ёшдаги 8,5 миллион болани йод препарати, 5,9 миллион 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлни поливитамин, темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш қайд этилди.
Аҳолининг катта қисми вилоят ва туманлар марказларидан узоқ ҳудудларда истиқомат қилади. Уларнинг ҳам тиббий эҳтиёжларини таъминлаш, доимий тиббий кўриклардан ўтказиб туриш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис, давлат дастурида 2023 йилда ҳудудлардаги мавжуд эҳтиёж ва аҳоли таклифларини инобатга олган ҳолда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктини ташкил этиш белгиланди. Бу тиббий манзиллар аҳолининг соғлиғини сақлаш, тиббий маданиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Уй-жойли бўлиш – саодат
Халқимизда уй-хонадон муҳим қадрият сифатида улуғланади. Ҳали улғаймаган боласига уй қуришни ният қилиб, оталар терак эккан, ё уйи атрофидаги бирор жойни белгилаб, пойдевор ташлаб қўйган. Ватан ичра “кичик ватан”и бўлишни ҳар киши ният қилади. Шу боис, давлат дастурида аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсади ҳам белгилаб олинди. Унга кўра, 2023 йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмини 1,6 баравар ошириб, 90 мингга етказиш, бунда уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситалари тураргоҳлари, шу жумладан, кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилишини таъминлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Шунингдек, 32 минг фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, 11 минг фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун давлат бюджетидан етарли маблағ йўналтириш, аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифалари ҳам белгиланди.
Бу ишларнинг ҳаммаси одамларимиз ҳаёт рози бўлиши учун қилинаётгани сир эмас. Негаки, ўз уйига эга инсон хотиржам бўлади. Хотиржам одам ривожланиш, тараққиёт ҳақида фикрлайди. Шу сабабли одамларни уй-жойли қилиш давлатнинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланди.
Бахт меҳнат билан яратилади
Ривожланиш йўлидаги ҳар бир давлат фуқароларининг эркин иш топиши, ишлаши ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратиб бериши зарур. Негаки, инсон ишлаши мумкин, лекин ҳамма ҳам иш ўрни яратолмайди. Қайси давлатда қанча кўп иш ўрни очилса, фаровонликнинг, ислоҳотлар тўғри йўлдан кетаётгани ва одамларга фойдали бўлаётганининг кафолати шу бўлади. Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баравар қисқартиришни ҳал этиш масаласи давлат дастурида ўз ифодасини топган.
Бунда меҳнат бозори инфратузилмаси ва меҳнат органлари фаолиятини рақамлаштириш, туман (шаҳар) бандлик ва тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ислоҳ қилиш, яъни уларни “хизмат кўрсатишдан” “муаммони ечиш” моделига босқичма-босқич ўтказиш, ногиронлиги бўлган шахсларни касаначилик ва кооперация ташкил этиш орқали ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш тизимини йўлга ўйиш, шунингдек, аҳоли камбағаллик ҳолатидан чиқиши учун мотивация бериш, тақдим этиладиган молиявий ва номолиявий ёрдам ҳамда хизматлар натижадорлигини ошириш, томонлар мажбуриятларини белгилаш мақсадида “ижтимоий шартнома” механизмини амалиётга жорий этиш кўзда тутилди.
Давлат ишсизларга муносиб иш ўрнини яратса, одамлар меҳнат қилиб оила боқса, бу давлат ривожланаётган давлат ҳисобланади. Шунда кам таъминланганлар сафи озайиб, давлатнинг уларга турли нафақалар тўлашига зарурат қолмайди.
Эзгу мақсад ва юксак ғоялар
Тараққиёт стратегияси асосида яратилган давлат дастуридаги эзгу мақсадлар янги таҳрирдаги Конституциямиз билан янада мустаҳкамланаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашимиз жоиз. Унда фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатлари, эҳтиёж ва заруриятлари ҳар томонлама эътиборга олинмоқда. Хусусан, дастлабки моддада “Ўзбекистон ижтимоий давлат”, деб белгиланмоқда. Яъни инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланяпти.
Кейинги йилларда инсонга эътибор, уларга ғамхўрлик қилиш энг асосий вазифалардан бирига айланди. Инсонга эътиборни янада кучайтириш, кафолатлаш мақсадида кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши Конституциямизнинг янги таҳририда белгиланмоқда. Шунингдек, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаши, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиши, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши кафолатланмоқда. Бу орқали давлат камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзига қатор янги мажбуриятлар олмоқда. Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига меъёрлар қарийб 3 баробар кўпаймоқда.
Янги таҳридаги Конституцияда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги ҳам кафолатланмоқда. Мазкур аниқ меъёр амалдаги Конституциямизда мавжуд эмас, энди ҳар бир фуқаронинг уйга эга бўлиш ҳуқуқи Конституция даражасига чиқмоқда.
Ҳар бир мамлакат фуқароларининг таълим олиши, ўз вақтида дам олиши, тиббий кўрик ва текширувлардан ўтиши каби эҳтиёжларига шарт-шароитлар яратиб бериши лозим. Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли экани қайд этилмоқда. Умуман, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу меъёрлар аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф қилишда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, давлат дастуридаги эзгу мақсадлар Конституциямизга киритилаётган янги меъёрларни халқимиз ҳаётига ҳозирдан татбиқ этишга хизмат қилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари