Шу боис Ғарбу Шарқда ар-Ревгарий номи билан ҳам танилганлар. Маълумки, «Силсилаи шариф»даги ўнинчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожаи Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний бўладилар, ўн биринчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийдурлар.

1331/1913 йили Нурота ҳокими Мир Йўлдошбий томонидан Хожа Ориф Ревгарий мақбарасидаги деворга ўрнатилган мармар лавҳада унинг 715/1315 йили вафот этгани битилган.

Мазкур мармар лавҳада Хожа Ориф Ревгарийнинг вафоти санаси ҳамда ушбу битикнинг ёзилиш йили таърих (абжад) жанрида ёзилган қуйидаги форсий шеър воситасида кўрсатиб берилган:

Форсча асли:

عارف آن عارف و خدای

متّصل شد بوصل سبحانی

خواجۀ اهل دین بگو سالش

نیز عارف امین ربانی

میر یولداش بی بسنگ زد رقم

چون خرد غفران بگفت تأریخ آن

Кириллча транскрипцияда:

Ориф он орифи Худой

Муттасил шуд ба васли Субҳоний.

«Хожайи аҳли дин» бигў солаш,

Низ «Орифи амини раббоний».

Мир Йўлдошбий ба санг зад рақам,

Чун хирад «ғуфрон» бигуфт таърихи он.

Ўзбекча мазмуни:

Худони билгувчи Ориф (Ревгарий)

Пок зот висолига етмишдир.

«Дин аҳли хожаси» унинг вафот йилидир,

«Худонинг ишончли орифи» ҳам (унинг вафот йилини билдиради).

Мир Йўлдошбий буни тошга битибдир,

Ақл унинг санасин «ғуфрон» деб айтмиш.

Тарих (абжад) ечими: خواجۀ اهل دین «Хожайи аҳли дин» («Дин аҳли хожаси») иборасидаги ҳарфларни абжад ҳисоби асосида рақамларга ўгирсак, 715 сони ҳосил бўлади. Муаллиф бу билан Хожа Ориф Ревгарийнинг ҳижрий-қамарий 715 – милодий 1315 йили вафот этганига ишора қилмоқда. Худди шунингдек, Хожа Ориф Ревгарий вафоти санасини билдирувчи таърих сифатида келтирилган عارف امین ربانی «Орифи амини раббоний» («Худонинг ишончли орифи») иборасидаги ҳарфларни абжад ҳисоби асосида рақамларга ўгирганимизда ҳам 715 сони келиб чиқади. Бундан ташқари, ушбу шеърий парчада келтирилган «ғуфрон» сўзи орқали ушбу битик битилган мазкур мармар лавҳанинг Хожа Ориф Ревгарий мақбараси деворига ўрнатилиш санаси ҳам маълум қилинган. غفران «ғуфрон» сўзидаги ҳарфлар абжад ҳисоби асосида рақамларга ўгирилганда 1331 сони ҳосил бўлади. Бу эса мармар лавҳанинг ҳижрий-қамарий 1331 – милодий 1913 йили ўрнатилганлигини билдиради.