Хонобод водийнинг туризм салоҳияти бой ҳудудларидан бири ҳисобланиб, масканда зиёрат туризми, эко туризм, тиббиёт, гастробар ва спорт туризми ривожланган.

Маълумотларга кўра, ҳудуднинг 3 та йирик дам олиш оромгоҳлари, 11 та туристик масканлар, 5 та спорт иншоотлари, 830 та адирлик қисмларида қурилган дала ҳовлилар, “Фозилмон ота” зиёратгоҳи, 88 турдан ортиқ бошқа ҳудудларда кам учрайдиган манзарали дарахтлари мавжуд. Хусусан, Крим оққайини, япон сафураси, магнолия, лола дарахти каби ноёб турдаги манзарали узоқ йиллик дарахтлар ҳамда балиқчиликка ихтисослашган “Афсона” дам олиш оромгоҳи, “Анҳор” чойхонаси ҳамда қўшни қирғиз халқ таомларини тортиқ қилувчи Ўтов дам олиш маскани ва Хон-тоғ ҳудудида жойлашган тиббий даволаниш санаторияларини мисол келтиришимиз мумкин.

Мутасаддиларнинг хабар беришича, 2021 йилдан Хонобод бренди остида таркибида 11 хил фойдали элементлар мавжуд минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 400 йил олдин Франциядаги бир хонадон булоғидан чиққан сув кейинчалик “Evian” брендида чиқиб бошлаган ва дунё мамлакатларига экспорт қилинган. Буйрак оғриғи ва бошқа бир қатор ҳасталикларга шифо бўлувчи ушбу минерал сувнинг бугунги кунда республикамизда 1 литри 16 минг сўмда сотилади. Хонобод бренди остида ишлаб чиқариладиган сув 2 юз метр чуқурликдан олиниб, Франциянинг ушбу машхур сувининг ўрнини боса олади, дея маълум қилинди матбуот анжуманида.

Юлдуз Ўрмонова