Хоразм вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг катта тезкор вакили Хива шаҳри ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун ажратилган 12 сотих ер майдонида уй-жой қуришга рухсат олиб беришни ваъда қилиб, ҳокимият идораларида ишловчи мансабдор танишлари орқали масалани ҳал қилиб бериш эвазига фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда Бувайда туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс 2006 йилда туғилган таниши билан тил бириктириб, ўзи ва 14 нафар ёшга деҳқончилик қилиш учун давлат томонидан имтиёзли шартлар асосида ажратилган жами 3 гектар ер майдонини танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 115 миллион сўм талаб қилган. Улар 9 500 АҚШ доллари ва 700 минг сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ҳамда 229-6-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.