Умуман, сайлов кампаниясини ўтказиш, сайловчиларни хабардор қилиш билан боғлиқ барча жараёнлар қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилмоқда. Биринчилардан бўлиб сайёрамизнинг шарқида жойлашган давлатларда мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш имкониятига эга бўлишди. 14 октябрь куни Корея Республикасида ҳам соат 9:00 дан муддатидан аввал овоз бериш йўлга қўйилди. Бу каби муддатидан олдин овоз бериш пунктлари мазкур мамлакатнинг бир неча шаҳарларида ташкил қилинган.  

Корея Республикасининг Инчеон шаҳридаги ИНҲА университетида 300 нафар ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олади. Йигит-қизларда янги Ўзбекистон келажагига дахлдорлик ҳисси жуда ҳам юқори. Бекзод Муҳаммадалиев ана шулардан бири. У инглиз тилида бемалол мулоқот қила олади. У билан онлайн тарзда суҳбатлашиб, таассуротларига қизиқдик.

Беҳзод МУҲАММАДАЛИЕВ, Кореянинг ИНҲА университети талабаси, ёш сайловчи

— Мазкур нуфузли университетнинг Халқаро бизнес ва савдо-сотиқ йўналишининг 3-босқич талабасиман. Ўзим Наманган вилояти, Наманган туманида туғилиб, вояга етганман. Ҳозирда биз конституциявий ҳуқуқларимиздан фойдаланиб, барча талабалар билан бирга Марказий кўчма сайлов участкасига ўз аризамиз билан чиқдик ва шунга кўра, муддатидан олдин Президентлик сайловига етиб келдик. Сайлов участкасида барчаси яхши ташкиллаштирилган. Айниқса, ташриф буюрган сайловчиларга давлатимиз рамзлари туширилган кепка, футболка ва бошқа эсдалик совғалари улашилгани бизни беҳад қувонтирди, она юртимизга бўлган фахр-ифтихоримиз янада жўш урди. Қолаверса, бу ерда номзодлар, тартиб-қоидалар билан танишиш чоғида бемалол кофе, чой ва ширинликлардан баҳраманд бўлиш мумкин. Аслида, мен аввалдан ижтимоий тармоқлар орқали номзодлар ва уларнинг дастури билан хабардор бўлиб келаётгандим.

Камина ҳозир ўзгача хурсанд, айни пайтдаги сиёсий жараён мен учун ҳаётимда унутилмас воқеа, эсда қоларли сана сифатида хотирамда муҳрланиб қолади. Чунки Ўзбекистон Президентлигига ўтказилаётган сайловда илк марта, хорижда туриб ва биринчилар қаторида иштирок этдим. Ўзбекистон Президентлигига муносиб деб ҳисоблаган номзодимга овоз бердим. Шахсий танловим муҳим ўринга эга ва алоҳида аҳамиятли, деб ўйлайман.

Онлайн суҳбатни “Янги Ўзбекистон” мухбири

Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.