Ташқи ишлар вазири биричи ўринбосари Фарҳод Арзиев иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида хорижда муддатидан олдин овоз беришнинг натижалари ва хориждаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Қайд этиш жоиз, хориждаги элчихоналар ва консуллик идоралари ҳузурида 37 та давлатда 54 та сайлов участкалари, 149 та шаҳарда 380 та қўшимча кўчма сайлов участкалари, шу жумладан дипломатик ваколатхоналар бўлмаган 11 та давлатда, жумладан Австрия, Афғонистон, АҚШ, БАА, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина, Уммон, Франция, ХХР, Ҳиндистон, Швейцария, Эрон ва Японияда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрдан 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз беришда иштирок этган сайловчилар сони 120 524 нафарга тенг бўлди.
Хорижда яшаётган фуқаролар ариза асосида, хориждаги сайлов участкасидаги (дипломатик ёки бошқа ваколатхонадаги) сайловчилар рўйхатига киритилган. Аризалар ёзма ва электрон тартибда сайловга 15 кун қолгунга қадар қабул қилинган. Хориждаги ватандошларимизнинг сайловга оид саволларига жавоб бериш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг 998 (55) 500-12-00 рақамли ишонч-телефони ишлаб турибди.
Б.Хидирова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири