Юртимизда 11 та аэропорт мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси халқаро мақомга эга. Сўнги йилларда мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳасида бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш, авиаташувлар бозорида рақобатни ривожлантириш борасида қатор ишлар бажарилмоқда. Аммо “Uzbekistan airways«да Туркия, Россия, Миср ёки Дубайга учиш нархи худди шу юртларга Қозоғистон ёки Қирғизистондан учишга қараганда икки баробар қимматлиги бор гап.

Бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент — Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи эконом класс учун 4 миллион 700 минг сўм, бизнес класс эса 8 миллион 512 минг сўм. Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент — Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи эконом класс учун 4 миллион 257 минг, бизнес класс учун эса 10 миллион 952 минг сўм; Тошкент — Рига йўналиши бўйича 2 миллион 800 минг сўм (парвоз вақти — 5 соат 30 дақиқа), Тошкент — Ню Йорк йўналиши бўйича эса эконом класс учун 6 миллион 500 минг, бизнес класс учун эса 21 миллион 557 минг сўм (парвоз вақти — 12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил. Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент — Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқори. Демак, оддий ишчи чет элга бориш учун камида 6 ой тинимсиз меҳнат қилиши ва ортиқча харажатларсиз пул жамғариши керак. Албатта, авиачипта нархлари қимматлиги, биринчи навбатда, чет эллик сайёҳларнинг юртимизга келишига ҳам бироз тўсқинлик қилади.

Масалан, Истанбулдан Чимкентга учаётган хорижий компания самолёти Истанбулдан Тошкентгача ҳам шунча вақт, шунча масофа ва шунча йўловчи билан учади. Агар зарар кўрса, учмасди...

Халқаро anywayanyday.com сайтида ҳам авиачипталар нархидаги фарқни кўриш мумкин.

Халқниям ўйлаш керак

Аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва тегишли таҳлиллар шуни кўрсатдики, масъуллар нарх белгилашда фуқаролар тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазият (пандемия)дан инсоф билан фойдаланмаяпти. Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга Қозоғистон томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган. Масъулларимиз ана шундай шароитда фуқаролар мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаби нимада? Аслида миллий авиакомпаниямиз халқимизга бошқа компанияларга нисбатан энг қулай хизматларни тақдим этиши керак эмасми? Кейинги пайтда Чимкент аэропорти хизматидан фойдаланиш кенг тус олмоқда. Тўғри, Чимкентдан парвоз қилиш арзонга тушади. Аммо юртимиздан парвоз қилишнинг ҳам қулайликлари бор. Миллий авиакомпаниямиз қатновларида Истанбулдан исталган классда келадиган йўловчининг 30 килограмм ўлчамли бепул юк лимити мавжуд. Чимкентдан парвоз қилувчилар учун бундай лимит кўрсатилмаган. “Uzbekistan airways” шу вақтгача ягона монополь авиакомпания эди. Яқинда унга рақобатдош “Qanot Sharq” авиакомпанияси иш бошлади. Балки энди нархлар бироз бўлсада миниаллашар...

Авиачипта нархи нимага боғлиқ?

Баъзан чартер рейс нима ўзи, бизга нега керак деган тушунмовчиликлар ҳам келиб чиқди. Чартер рейслар сайёҳлик операторлари томонидан сайёҳлик мавсуми давомида ташкил этиладиган жараён. Мунтазам қатновлар эса авиакомпаниялар томонидан ташкиллаштирилади. Ёз мавсумида маҳаллий сайёҳлик агентликлари чартер қатновларига буюртма бериш учун миллий авиакомпанияларга мурожаат қилади. Авиакомпания мажбуриятига эса, самолёт, учувчи таркиби ҳамда парвоз хавфсизлигини таъминлаш киради. Шунингдек, Ҳиндистон, Франция, Германия, Италия, Латвия, АҚШ, Япония ва бошқа мамлакатларнинг авиаташувчилари Ўзбекистонга тенглик асосида қатнаш учун тўла ҳуқуққа эга ва мамлакатимиз юридик жиҳатдан уларни рад қилмайди. Фуқаро қанча вақтлироқ, яъни олдинроқ авиачипта сотиб олса, билет шунча арзон тушади. Қатнов куни яқинлашгани сари тарифлар қимматлашади. Ҳар бир класс учун авиачипталар нархи, қоидага кўра, олдиндан тасдиқланади ва нарх кейинчалик ўзгармайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, авиакомпания ўз имконият ва қулайликлари ҳақида қанчалик тушунтиришга уринмасин, мавжуд камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Нархларни минималлаштириш эса юртдошларимизнинг Қозоғистон ёки Қирғизистон авиакомпаниялари орқали парвоз қилиш ўрнига миллий авиакомпаниямиз орқали парвоз қилишига замин яратади.

Шаҳбоз АБДУСАТТОРОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси матбуот хизмати ходими