Бугунги кунда фуқароларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний тартибда уй-жой, турли иморатларни қуриб олиши соҳадаги энг оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу билан фуқаро ўз оиласи иқтисодиётига ҳам ўзгалар манфаатига ҳам жиддий зарар етказади. У белгиланган тартибда қонуний жавобгарликка тортилишидан ташқари, йиллар давомида маблағ сарфлаб, пешона тери эвазига қурган иморати шунчаки бузиб ташланади. Ноқонуний қурилма бўлгани учун компенсация пули ҳам ололмайди. Қолаверса, давлатга, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни қоплаб беришига тўғри келиши мумкин.

Нишон тумани Ширинобод қишлоғида яшовчи бир неча фуқаролар ҳам ҳудудда фаолият юритаётган “Индарама агро” хорижий корхонасига берилган ер майдонига ўзбошимчалик билан иморат қуриб олишган.

Корхона мурожаатига асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан бу борада текширув ўтказилганда, ҳақиқатан ҳам фуқаролар ҳеч қандай ҳужжатсиз хорижий корхона ерларига иморат қуришгани аниқланди.

Жумладан, шу ҳудудда яшовчи Собир Ҳошимов 0,5 гектар, Шуҳрат Примов томонидан 0,2 гектар, Фарҳод Рўзибоев, Аҳатулла Турсунов, Фармон Норовлар 0,25 гектардан ер майдонини ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олиб, бу ерда ноқонуний қурилишларни амалга оширган.

Айни пайтда ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний ҳал этилиши учун туман прокуратурасига юборилди.

Сарвиноз ИСМОИЛОВА,

Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилоят

 бошқармаси матбуот котиби