Унда билдирилишича, Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Бу йилги Президент сайлови глобал пандемия туфайли юзага келган мураккаб эпидемиологик шароитда бўлиб ўтмоқда. Демак, сайловни ташкил этиш ва ўтказишда карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш долзарб вазифа саналади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилган. Унда сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун карантин қоидаларига риоя қилиш талаблари акс эттирилган.
Қайд этилганидек, округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозим. Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга камида бир нафар тиббиёт ходими бириктирилади. Сайлов округи ҳудудида эпидемиологик вазиятнинг кунлик таҳлили Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилади.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси хусусида ҳам маълумот берилди. Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиевнинг айтишича, Сайлов кодексининг 10, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига асосан, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 54 та сайлов участкаси тузилади. Қонунчилигимизга мувофиқ, ушбу сайлов участкалари Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб Тошкент шаҳри сайлов округига бириктирилади.
Нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги катта қизиқиш билан кузатаётган мазкур муҳим сиёсий тадбир билан боғлиқ жараёнларни халқимизга ва жаҳон оммасига холис ва ҳаққоний етказишда матбуотнинг ўрни беқиёс. Шу боис, сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ёритишда оммавий ахборот воситалари фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 766 нафар, хорижий журналистлар сони 48 нафарни ташкил этмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга тадбир ташкилотчилари атрофлича жавоб қайтарди.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири