Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовларини интернет тармоғида онлайн эфирга узатиш бўйича вазифалар белгилаб берилганди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан imtihon.tdi.uz сайти ишга туширилди.

Энди барча қизиқиш билдирганлар ушбу сайт ва инспекциянинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун навбатдаги синов тестларини онлайн вақт режимида кузатиб бориши мумкин.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича синовлар талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда аввалдан эълон қилинадиган кунлари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 27–30 июль кунлари ташкил этилаётган навбатдаги жараёнларда талабгорлар ҳуқуқшунослик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш ҳамда ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар бўйича ўз билимларини синовдан ўтказмоқда.

Таъкидлаш лозим, талабгорларнинг ҳужжатлари Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади ҳамда синовлар ўтказиладиган муддат ҳақида талабгорларга хабарнома юборилади.

Тест синовлари жараёнида талабгорларга компьютерда 50 та тест топшириғини ечишлари учун 1 соат 40 дақиқа вақт ажратилади. Шунингдек, талабгорлар тестни якунлашлари билан ўзлари қайд этган натижаларни билиб олишлари мумкин.

Ижобий натижа қайд этганлар эса хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувохномаларни тегишлилиги бўйича Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юклаб олишлари мумкин, дейилади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хабарида.