Танлов Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ҳар йили инглиз, немис, француз тиллари каби хорижий тиллар ўқитиладиган мактаблар ўртасида ўтказилади.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган мактаб терма жамоаси ҳар йили 20-сентябрга қадар Халқ таълими вазирлигининг ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтган мактаб ҳар йили 20-октябрга қадар ахборот тизимига хорижий тилларни ўқитиш бўйича белгиланган асосий кўрсаткичларини киритади. Ҳар бир мактабдан битта тил бўйича битта терма жамоа иштирок этиши мумкин.
Терма жамоа 7-8-9-синфларда таҳсил оладиган 5 нафар ўқувчидан ташкил топади. Танлов 3 босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади:
I босқич (туман босқичи) - ҳар йили март ойида. Бунда хорижий тилларни билиш даражаси тест топшириқлари орқали синовдан ўтказилади;
II босқич (ҳудудий босқич) - ҳар йили апрель ойида ташкил этилиб, ушбу босқичда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш, ёзиш, ўқиш ва лексик-грамматик кўникмалари синовдан ўтказилади;
III босқич - бу Республика босқичи бўлиб, ҳар йили август ойида бўлиб ўтади.
Мазкур босқичда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking) ва ўқиш (reading) кўникмалари чет тилини билишнинг халқаро сертификатланган стандартлари асосида синовдан ўтказилади.
Республика босқичида 1️-ўринни кўлга киритган мактаб Президент соврини соҳиби сифатида эълон қилинади.
Жорий йилнинг 4-март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг дастлабки - туман ёки шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Давлат тест маркази ва Давлат фелдъегерлик хизматлари билан ҳамкорлик қилган ҳолда танловнинг туман (шаҳар) босқичини ўтказиш учун мўлжалланган тест топшириқлари ишлаб чиқилди ва махфийлиги сақланган ҳолда жойларга етказиб берилди. Туман(шаҳар) босқичларини ўтказишда тест синовларини адолатли, холисона ва шаффоф ўтказилишини назорат қилиш бўйича ҳар бир туман кесимида назоратчилар гуруҳи шакллантирилди ва уларнинг танлов вақтида хизмат сафарига юборилиши таъминланди.
Танловнинг ужбу босқичида 8000 дан зиёд мактаблардан жами 40325 нафар ўқувчилар иштирок этди. Жумладан,
- инглиз тили бўйича 37075 та
- немис тили бўйича 1800 та
- француз тили бўйича 1450 нафар ўқувчилар ўз билимларини синаб кўрди.
Танловнинг хорижий тиллар, яъни инглиз, немис, француз тилларини билиш даражасини аниқлашга қаратилган тест топшириқлари умумтаълим мактабларининг 7-8-9 синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, топшириқлар халқаро таълим стандартлари (CEFR) асосида тайёрланган 30 та топшириқлардан иборат эди.
Умумий балл натижаларига кўра, мактаблар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиб (1-, 2-, 3-ўринлар) аниқланди ва ташкилий қўмита баёни билан тасдиқланди. Фахрли ўринларни эгаллаган мактаблар қуйидагича тақдирланиши белгиланди:
1-ўрин учун 100 млн сўм
2-ўрин учун 75 млн сўм
3-ўрин учун 50 млн сўм пул маблағлари билан рағбатлантирилди.
Мазкур танловнинг II босқич (ҳудудий босқич) га йўлланма олган жамоалар жорий йилнинг 14-Апрелида бўлиб ўтадиган вилоят босқичида иштирок этади.
Гулисора ЭРГАШЕВА,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги
Ахборот хизмати раҳбари