Айниқса, иқтидорли ёшларга йўл кўрсатиш, уларга ҳам маънан, ҳам моддий ёрдам қўлини чўзиш орқали уларнинг истеъдодларини янада юзага чиқаришга туртки бериш мумкин.
Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотларни тизимли амалга ошириш, шунингдек, академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида мамлакатимизда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2020 йилнинг 3 декабрида «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Aкадемик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш учун илғор хорижий мамлакатлар малакали экспертларни жалб қилиш, лицей ўқувчиларининг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқиши учун дарс машғулотларига юқори малакали педагогларни жалб қилиш, таълим инфратузилмасини мунтазам равишда ривожлантириб бориш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни академик лицейларга саралаб олиш, шунингдек, чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитиш, академик лицейлардаги мавжуд моддий-техник базани мустаҳкамлаб бориш, билимларни мустақил шакллантириш учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш кабилар юқорида келтирилган қарорда алоҳида белгилаб ўтилди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейида ҳам бир қатор истиқболли режалар амалга оширилди. Жумладан, мазкур ўқув йилида ўқувчилар ичида танлов эълон қилиниб, энг иқтидорли аълочи ўқувчилардан 10 нафарига “Aкадемик лицейимиз ифтихори» стипендияси, 25 нафарига эса «Ректор стипендияси» берилди.
Педагог ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида ўқувчилари вилоят ва республика олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаган ва 70 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлган педагог ходимларнинг 10 нафарига 30 фоизгача қўшимча устама ҳақи белгиланди.
Шунингдек, академик лицей фаолиятини ривожлантириш мақсадида Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан 2 та замонавий IТ хоналари ташкил этилди. Бу IT хоналарнинг моддий-техник базасини ривожлантириш учун 30 та замонавий «моноблок» компьютерлар ўрнатилди.
Шу билан бирга, лицей ўқувчиларига қулайлик яратиш мақсадида 20 дона телевизoр, 16 дона проектор, 10 дона компьютер жамланмаси сотиб олинди. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг оммавий спорт билан шуғулланишлари учун спорт анжомлари, кутубхонадан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида кутубхонага замонавий адабиётлар, ўқув қўлланмалари олиб келинди. Шунингдек, ўқувчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун жами 49 миллион сўмлик 22 турдаги спорт жиҳозлари ва 9 турдаги мусиқа асбоблари билан таъминланди.
Бундан ташқари, давлат бюджети ҳисобидан ажратилган 200 миллион сўм пул маблағлари эвазига лицейимизда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Олиб борилаётган таъмирлаш ишларидан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун спорт зали ҳамда иситиш тизими, шунингдек, яроқсиз ҳолга келиб қолган овқатланиш ва ўқув хоналарини замон талабларига мос равишда реконструкция қилиш ва жиҳозлашдан иборатдир.
Aкадемик лицейда таълим йўналишлари борасида гапирадиган бўлсак, 2021/2022 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф иқтидорли ўқувчиларини қуйидаги йўналишлар бўйича танлов асосида ўқишга қабул қилинади:
– Хорижий тиллар ўзбек гуруҳи (инглиз, немис, француз тиллари);
– Хорижий тиллар рус гуруҳи (инглиз тили);
– Шарқ тиллари (корейс, япон, хитой, араб тиллари);
Ҳозирда ушбу таълим йўналишларига ўқишга қабул давом этмоқда ва саралаш босқичлари ўтказилиб келинмоқда. Халқаро олимпиадалар, танловлар, мусобақалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган фан олимпиадалари III босқичида 1 дан 5 гача бўлган ўринларни эгаллаган 9-синф ўқувчилари саралаш имтиҳонидан озод этилади ва академик лицейимизнинг тааллуқли таълим йўналишига белгиланган қабул квотасидан ташқари имтиҳонсиз қабул қилинади.
Юқорида келтирилган таълим йўналишларидан ҳам маълумки, лицейимиз тўлиқ чет тилларини мукаммал ўзлаштиришга ихтисослашганлигидан даракдир. Унда таҳсил оладиган ҳар бир ўғил-қиз чет тилларнинг мафтункор оламига қадам қўймоқда. Келгусида улар эл-юртимиз шуҳрати ва салоҳиятини бутун дунёга кўз-кўз этади деган умиддамиз.
Аҳоли орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ҳудудлар, тармоқлар ва таълим муассасаларининг хорижий тилларни ўзлаштирган мутахассисларга эҳтиёжларини таҳлил қилиш натижалари асосида талаб юқори бўлган хорижий тилларни ўқитишни ташкиллаштириш каби устувор вазифалар юқоридаги қарор бандларидан ўрин олган.
Шундан келиб чиқиб, Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейи тўлиқ чет тилларини ўқитишга ихтисослашган. Ўқувчиларга ўзлари танлаган хорижий тилларни мукаммал ўргатиш мақсадида хорижнинг малакали мутахассилари ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш ишлари йўлга қўйилди. Ҳозирда лицейимизда фаолият юритаётган 90 нафар ўқитувчидан 5 нафари илмий даражага эга, 46 нафари халқаро ва миллий тил билиш сертификатларига эга. Ўқитувчиларнинг бу каби сертификатлар соҳиби бўлишлари учун Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари томонидан бепул сабоқ берилиб, мунтазам равишда уларнинг малакасини ошириш борасида яқиндан кўмак бериб келинмоқда. Лицейимиз хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашгани учун бу ерда бевосита 6 нафар хорижлик малакали мутахассислар ҳам фаолият олиб боради. Келгусида ўқув жараёнларига хорижлик мутахассисларни янада кўпроқ жалб қилиш чораларини кўрамиз.
Бугунги кунда Aкадемик лицейимизда 700 га яқин ўқувчи таҳсил олади. Уларни турар-жой билан таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалар турар жойидан 100 та ўрин ажратилиб, уч маҳал имтиёзли овқат билан таъминланади.
Бу каби имкониятларнинг самараси ўлароқ, лицей ўқувчилари бир қатор ютуқларга эришиб келмоқдалар.
Жорий ўқув йилида академик лицейлар, касб-ҳунар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган Республика олимпиадасида Aкадемик лицейимиз ўқувчилари ҳам фаол қатнашишди.
Натижаларига кўра, 2-босқич ўқувчиси Ирода Маматмуродова немис тили фанидан Республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллаб лицейимиз шаънини ҳимоя қилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган спортнинг «100 катакли шашка» тури бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида юртимиз ёшлари қаторида лицейимиз ўқувчиси Икром Aбдурасулов ҳам иштирок этиб, мусобақанинг «Блитс» йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритиб, «Ўзбекистон чемпиони»дек фахрли номга сазовор бўлди. Икром Aбдурасулов ғолиблик билан бир қаторда юртимиздаги давлат олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга кириш имкониятини ҳам қўлга киритди.
Aмалга оширилаётган барча истиқболли режаларимиз келажакда ўқувчи-ёшларнинг мукаммал билим олиб, ўз соҳасининг устаси бўлиб етишишида муҳим ўрин эгаллайди, деган умиддамиз. Mақсадимиз ўқувчиларимизнинг фанларни чуқур ўзлаштиришлари учун барча шарт-шароитларни яратиб беришдир.
Зеро, биз ишонамизки, таълимга қаратилган эътибор ҳеч қачон ўзининг самарасини бермай қолмайди. Шижоатли ёшларимиз берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, эл корига ярайдиган фарзандлар бўлиб етишиб чиқажак.
Зокир БАЗАРОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти
академик лицейи ижрочи директори.