Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) вакиллари АҚШлик Хелен Корнблюм ва даниялик Пол Свэйнэ билан учрашди.
Мулоқот чоғида меҳмонлар ўзларига юклатилган вазифалар ҳақида айтиб ўтди. Хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш миссиясини очди. Йохан Мерфи раҳбарлигидаги миссия таркибига 28 та узоқ муддатли кузатувчилар киради. Бундан ташқари, ЕХҲТга аъзо давлатлардан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи ҳам Президент сайлови арафасида мамлакатимизга келиши режалаштирилган.
Хорижлик меҳмонлар жойларда бўлиб, сайловчиларнинг рўйхатга олиниши, сайловолди ташвиқоти қай тарзда амалга оширилаётгани, сайловга оид қонунчилик ва унинг ижроси каби кўплаб йўналишларни кузатиб боради. Давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилади.
Шу кунларда Тошкент вилоятига бириктирилган экспертлар 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси биносида ҳам бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Янгийўл шаҳрида ташкил этилган сайлов учаткаларига борилиб, у ердаги мутахассислар, фуқаролар билан яқиндан суҳбат қилинди.
Эътиборлиси, жойлардаги сайлов участкалари аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун кейинги беш йил ичида янги қурилган бино ва иншоотларни танланган. Ҳозирда барча сайлов участкаларига кўрсаткичлар, пешлавҳалар ва ахборот стендлари жойлаштирилди.
Суҳбат давомида Даврон Ҳидоятов меҳмонларнинг вилоятга келганидан хурсанд эканини қайд этиб ўтди. Уларга белгиланган вақт давомида ҳудуднинг сайёҳлик объектлари, зиёратгоҳлари, кўркам маҳаллалари ва уларда яшовчи ҳунармандлари фаолияти билан ҳам танишиш бўйича таклиф билдирди.
Шунингдек, туман-шаҳарларда яшайдиган турли миллат вакилларининг урф-одати, турмуш тарзини ўрганиш ва улар билан яқиндан суҳбатлашиш лозимлиги ҳақида ҳам сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ҳозир давлатимиз томонидан жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Тошкент вилояти ҳам кўп миллатли ҳудуд ҳисобланади. Аҳолининг миллий таркиби бўйича ўзбеклар 70 фоиз, қозоқлар 12 фоиз, тожиклар 5,5 фоиз, руслар 4,6 фоиз ва бошқа миллат вакиллари 7,9 фоизни ташкил этади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур миллат ва элатларнинг миллий маданият марказлари фаолият юритяпти.
Учрашув давомида хорижлик экспертлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.
Тошкент вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати