Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Қўмита томонидан 3 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Хусусан, қонунлар ҳудудлар манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, танқидий таҳлил қилинган. Хусусан, қонунлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида соҳа мутахассислари, тажрибали амалиётчилар ва жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда муҳокама қилиниб, Сенат ялпи мажлисига киритилган.

Шунингдек, қарор қабул қилиш ва ижро этишнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутувчи 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қизғин муҳокамалар асосида қабул қилинган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 22 та тадбир ўтказилган. Жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги қонунларнинг жойлардаги ижроси 4 маротаба, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш каби соҳаларда 7 маротаба ўрганишлар олиб борилди.

Ўтган давр мобайнида Қўмита томонидан 4 316 та турли тадбирлар ўтказилган.

Қўмита ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия раислари билан фаол ҳамкорлик ҳамда ўзаро мулоқот йўлга қўйилган.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган натижалар ва ўз ечимини кутаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб «Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли» мавзусида аёллар форумини ўтказиш анъанага айланган.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Йил аёли», «Гендер тенглик фаоли» миллий танловларини ўтказиш йўлга қўйилган.

Сенатга келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан қўмита томонидан 2 та парламент сўрови тайёрланган.

Жорий йилда қўмита томонидан Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига маҳаллалардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида масала киритилган.

Қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниши жараёнини ўрганиш фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ёд етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида», «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида» ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларини амалга оширишга қаратилган қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилинди.

Қўмита аъзолари томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлар амалга оширилди. Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 17 мингдан ортиқ ёзма мурожаат кўриб чиқилган.

Қўмита аъзолари томонидан Сенатда ва жойларда жами 4 мингдан ортиқ фуқаролар қабул қилинган.

Ҳисобот даврида қўмита аъзолари сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида ўз сайловчилари билан 562 та учрашув ўтказган.

Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан ҳам самарали фойдаланиб, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахслар манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан 85 та сенатор сўрови юборилган.

Сенат томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва босма даврий нашрларда 12 мингга яқин материал эълон қилинган.

Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.