Унда ҳудуддан 30 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирок этди. Уларга Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимидаги тажрибали мутахассислар томонидан маърузалар ўтилди.
Учрашувда хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш ҳамда нотинч давлатлардан олиб келинган ёки жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёлларнинг ижтимоий мослашуви бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил сўз юритилди. Мазкур масала юзасидан мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича орган ходимлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида қайд этилди. Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда, уларнинг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилган.
Мулоқотда 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунлар ва улар асосида бир қатор қарор ва фармойишлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилгани таъкидланди.
Бугунги давра суҳбати ҳам юқорида қабул қилинган қонунларнинг ижроси қанчалик амалиётга татбиқ этилганлигини аниқлаш, хотин-қизлар зўравонлигининг олдини олиш бўйича қилинган ишларни таҳлил қилиш имконини беради.
Тадбир давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда хотин-қизлар томонидан содир этиладиган трансмиллий жиноятларнинг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳамда нотинч минтақалардан қайтган хотин-қизларни қайта интеграция қилиш, жиноят қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан тизимли ишлаш мавзулари муҳокама қилинди. Ўзаро фикрлар асосида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу тавсиялар Олий Мажлис Сенатига, Гендер комиссиясига ва ЕХҲТга тақдим этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.