Бу борада Президентимиз томонидан 2021 йил 5 мартда қабул қилинган «Хотин қизларни қўллаб қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Қарори ижросини таъминлаш мақсадида судларда фаолият олиб бораётган аёл судьялар томонидан сайёр учрашувлар ва қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Наманган вилоят суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва уларга ҳуқуқий ҳамда психологик кўмак бериш мақсадида сайёр учрашув ва қабул ўтказилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туман суди судьяси Санобар Тўрабоева туманнинг 1-сонли касб-ҳунар мактабида марказлашган ҳолатда Кўприкбоши, Ўлжатўпи, Элатан, Қўғай маҳалларидан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий психологик тушунтиришлар олиб борилди ва 7 нафар аёлларнинг мурожаатлари тингланди.
Шунингдек, Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муҳайё Дадамирзаева, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судьяси Маърифат Мелиханова томонидан Наманган шаҳрининг «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғинида марказлашган ҳолда «Истиқбол», «Келажак тонги», «Соҳил», «Курашхона» МФЙларда яшовчи хотин-қизлар учун сайёр қабул ўтказилди.
Мазкур сайёр қабулда жами 26 нафар хотин-қизлар билан судьялар томонидан шахсан суҳбатлашилиб, уларга ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилди.
Жумладан, 5 нафар фуқаро қонуний никоҳдан ажратиш масаласида, 5 нафари кредит олиш масаласида, 2 нафар фуқаро яшаб келаётган уй-жойни ҳамда ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида, 3 нафар фарзандлар учун тўлаётган алимент миқдорини мувофиқлаштириш масаласида, 2 нафар алиментдан бўлган қарздорликни ундириш бўйича, 2 нафар фуқаролар фарзанд билан кўришиб туриш тартибини белгилаш ҳақида, 2 нафар фуқаро оиласи билан яраштириш чораларини кўриш масаласида мурожаат қилган. Уларнинг мурожаатлари юзасидан аризалари олиниб расмийлаштириш учун мутасадди ташкилотларга юбориш учун қабул қилинди. 5 нафар хотин-қизлар мурожаати юзасидан, ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Хусусан, «Бунёдкор» МФЙда яшовчи М.О.га арзонлаштирилган уй-жой олиш масаласида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, аризаси қабул қилиниб, тегишли тартибда Наманган шаҳар Давлат хизматларига топшириш чораси кўрилди.
Бундан ташқари қабуллар жараёнида оилаларни ҳам яраштириш чоралари кўрилмоқда. Масалан, фуқаро С.А. турмуш ўртоғи И.К. билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганини, бир нафар фарзанди борлигини, икки ой аввал ўзаро келишмовчилик сабабли ажрашиб кетганлигини келгусида оиласини тиклаб яшаш нияти борлиги юзасидан мурожаат қилди. Маҳалла фаоллари ва судьялар иштирокида ёш оила ва уларнинг ота-оналари билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, тушунтиришлар олиб борилди ва мазкур оила яраштирилди. Шунингдек, М.Х. ва И.Юларнинг ҳам оилавий низоси ҳал этилиб, яраштирилди.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин қизларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом эттирилмоқда.
Наманган вилоят суди жамоатчилик
ва ОАВ билан алоқалар бўлими