Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барчасида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. Дунё тамаддуни тарихида энг аянчли яра сифатида эътироф этиладиган, инсоният бошига кўплаб кулфатларни келтирган уруш бу жаҳон уруши, янада аниқроқ тил билан айтганда Иккинчи жаҳон урушидир.
Иккинчи жаҳон уруш даврида Ўзбекистон аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган, шулардан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган ва 538 мингдан зиёд юртдошимиз урушда ҳалок бўлган. Шу билан бир қаторда Иккинчи жаҳон уруши даврида халқлар бошига келган кулфатдан Ўзбек халқи бағри кенглик, бирдамлик, инсонпарварлик билан фронт ортида ҳам мислсиз меҳнат қилган ва бардошини намоён этган халқдир.
Иккинчи жаҳон уруши даврида матонат кўрсатган халқ вакили сифатида ўша дамларда қаҳрамонлик кўрсатган аждодларини хотирлаш, номларини абадийлаштириш, улар руҳига ҳурмат кўрсатиш шу халқ вакили сифатида ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, уларни жасоратини абадийлаштириш мақсадида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қаҳрамонларини доимий рағбатлантириш, уларнинг соғлигини тиклаш, уларнинг кўнглини шод этишга қаратилган савобли ишлар давлат сиёсатининг бир қисмига айланган.
Айни шу маънода Давлат Божхона қўмитасининг Божхона институтида Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан “Хотира абадий, жасорат мангу” мавзусидаги маданий-маърифий тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар уюшмаси аъзолари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.. Тадбир давомида Давлат божхона органларига малакали кадрларни тайёрлашда бор билим ва кўникмаларни бериб, бугунги кунда нафақада бўлган устоз, истеъфодаги полковник Саидодил Гулямов Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар уюшмасининг кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир Божхона институти курсантлари томонидан Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбек халқининг матонати, қаҳрамонлигини очиб беришга қаратилган саҳна кўринишлар, кўргазмали ҳарбий чиқишлар, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга манзур бўлди.
Азиза Шарофиддинова,
Тошкент шаҳар Шайхонтохур туманидаги 40-мактаб ўқувчиси