Уруш майдонларига кирганларида жуда ёш эди улар. Тинчликда яшаш ҳаққи, ширин орзулари бор эди. Улар нон тишлатиб, кузатиб қолган ота-она, қариндош, севимли ёрларига кўришгунча, деб хайрлашган эдилар. Аммо бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари айтганидек,
Хазон сипоҳиға эй боғбон, эмас моне,
Бу боғ томиға гар игнадин тикан қилғил.
Фашизм хазон сипоҳи бўлиб, уларнинг ҳаёт боғи чечакларини хазон қилди. Улар жон бердилар, лекин Ватанни асраб қолишди. Халқлар фашизм чангалига тушмасин, одамлар тинч, мусаффо осмон остида яшасин, дея жанг қилдилар. Қирғинбарот урушда иккки миллионга яқин юртдошларимиз қатнашди, уларнинг беш юз минг нафардан кўпроғи ҳалок бўлди. Уруш кўлами ва даҳшати қамрови шунчалар кенг эдики, ўша пайтдаги хонадонларнинг биронтасини бу фожеа четлаб ўтмаган. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба муносабати билан Ўзбекистонда ниҳоятда савобли, тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Собиқ Иттифоқда одатий бўлиб келган номаълум солдатлар номлари тикланмоқда. Архивлардан иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ота-боболаримизнинг ҳужжатлари кўтарилди. Улар асосида Хотира китоби яратилди. Бу бизларни деб жонидан кечган ота-боболаримизга авлодларнинг меҳр-оқибат достони бўлиб қолди. Хотира китоби ватанпарварлик, қаҳрамонлик тарихи бўлиб хизмат қилаётир. Чунки у урушда ҳалок бўлган инсонлар номини хотирлаб, қаҳрамонликларини ёдга солиб турибди.
Ҳар йили 9 май куни мангу олов атрофига гулчамбар қўйиб, порлоқ хотираларини ёдга оламиз. Шундай хотирлаш ва қадрлаш орқали бугунги ёшларимиз мард, жасоратли инсонлар авлоди эканини англаяпти. Шунинг баробарида ҳарбий ватанпарварлик сабоғини олишади. Кейинги йилларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини, фронт ортида матонат билан меҳнат қилган бобо-момоларимизни хотирлаш ва қадрлаш ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори, юксак инсонпарварлиги туфайли янада кенг номоён бўлаётир.
Зеро, ўз мард, жасоратли юртдошларимиз фашистлар қадами Ўзбекистонга этиб келмасин, деб ҳаётини қурбон қилдилар. Улар нафақат собиқ Иттифоқ ҳудудини, шу билан бирга Эвропадаги кўплаб мамлакатларни фашизмдан озод қилишда ҳам қаҳрамонлик кўрсатишди. Уларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари, даҳшатли уруш воқеалари тарихини айтиб, ёзиб адо қилиш қийин. Урушнинг сўнги кунлари Рейхстаг устига ғалаба байроғини тикканлар қаторида юртдошларимиз ҳам бор эди. Брест қалъаси деворида ҳозир ҳам сақланиб турган Ўлаяпман, лекин таслим бўлмайман. Алвидо Ватаним!, деган ёзувда уларнинг ҳам номи, хотираси муҳрланган.
Ўзбекистон ўғлонларининг жасурлиги, мардлиги фронтларда ибрат бўлган. Шулардан бири Омон Умаров душманни Смоленск, Киев, Одесса, Севастополдан сиқиб чиқаришда жанг қилди. Ўзи командирлик қилган отряди билан Одесса яқинидаги душман аеродромига ҳужум қилиб, душманнинг 16 самолётини, 30 та автомашинасини ишдан чиқарди... 353-тоғ-ўқчи полки жангчиси Қўчқор Турдиев 1941 йилнинг 25 октябръ куни ўртоқлари билан разведкага борган эди. Кучли отишмадан сўнг ҳамма сафдошлари ҳалок бўлди. Унинг ўзи эса душман дзотини, ўнлаб немис солдати ва офитсерини йўқ қилди. Бир неча душманни асир олиб келиб, фронт қўмондонига топширди. Унинг ана шу каби қатор қаҳрамонлиги, жасурлиги учун қаҳрамон унвони берилди. Ўзбекистонлик жангчилар ўзларининг жасурлиги, иродалилиги ва моҳир мерганлиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Бу айниқса Москва остонасидаги қирғинбарот жангларда яққол намоён бўлди. Айнан шу жангда душман қақшатқич зарбани эган эди. Гитлернинг яшин тезлигидаги уруш режаси барбод бўлишида бу жанг катта катта бурилиш ясаганлиги тарихдан маълум. Албатта, бу ғалаба фронтдаги ва унинг ортида меҳнат қилаётган барчаники эди. Лекин юрт учун, халқ учун ўлимдан ҳам қўрқмай жангга кирганлар сафида юртдошларимиз оз бўлмаган. Биргина Москва остонасида Ишоқов, Абубеков, Юсупов, Мадаминов каби ўзбек снайпер мерганлари юзлаб фашист газандаларини эр тишлатди. Бундай жасорат, қаҳрамонликлар фронтда афсонадек тилдан тилга кўчиб юрарди. Бежиз 1753 нафар юртдошимиз Москва ҳимояси учун, медали билан мукофотланмаган. Бу жасорат, ватанпарварликнинг катта эътирофи эди. Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш керакки, бу даҳшатли урушда ўзбекнинг жасур қизлари ҳам йигитлардан кам эмаслигини номоён этишган. Жумладан, уруш бошланганда институтда ўқиётган андижонлик Зебо Ғаниева Мени фронтга юборишингизни сўрайман, деб ариза берган. У қисқа ва тезкор тайёргарликдан сўнг разведкачи ва снайпер бўлиб жангга отланди. Унинг номи, жангдаги жасорати, кўрсатган қаҳрамонликлари тарих саҳифаларида юксак шараф билан ёдга олинади...
Волгоград шаҳри атрофида Шарқнинг 11 қаҳрамони деган тепалик бор. Урушгача бу жой Перелазовск хутори деб аталган. Кейинчалик унинг номи ўзгаришига ватандошларимизнинг мислсиз қаҳрамонлиги сабаб бўлди. Ўшанда 128- гвардия Туркистон тоғ-ўқчи дивизияси душманга қақшатқич зарбалари билан машҳур бўлган. Взвод командири, юртдошимиз кичик лейтенант М.Кабировга Перелазовск хуторини эгаллаб, душманни йўлатмаслик ушлаб туриш вазифаси топширилади. 40 нафар жангчи тўрт томони душманга очиқ даладан эмаклаб ўтиб, шафқатсиз жанг ва йўқотишлардан сўнг тепаликни эгаллашади. 11 киши тирик қолган ва уларнинг 9 нафари ўзбек йигитлари эди. Улар душманнинг 300 та солдатига қарши туриб, тепаликни 12 кун қўлда ушлаб туришади. Душман чекинади. Катта жангнинг тақдирини ҳал қилган бу ҳаёт-мамот жангида 11 кишидан фақат А. эрдонов билан М. Кабировгина тирик қолишди. Перелазовск қишлоғининг Шарқнинг 11 қаҳрамони деб аталишининг сабаби шунда. Иккинчи жаҳон уруши бўлиб ўтган жойларда ўзбекистонлик жангчилар номи билан аталадиган жойлар кўп. Улардан яна бири Шукуровка. Фарғоналик Аҳмаджан Шукуров Курск атрофида душманнинг 110та солдат ва офитсерини қириб ташлаб, 15 тасини асирга туширди. У жангда кўрсатган жасорати учун қаҳрамон унвони бюерилди. Шу сабаб жанг кечган Золотаревка қишлоғи ҳозир ҳам Шукуровка деб аталади. Партизан отрядининг разведкачиси Мамадали Топиболдиевни белоруссияликлар чуқур ҳурмат билан эслайди. У шахсан ўзи душманнинг кўплаб солдат ва офитсерини йўқ қилиб, 180 тасини асирга туширган эди. Ўзбек халқининг баҳодир ўғлони белорус халқининг халоскор рамзига айланди. Писарево қишлоғи аҳли унинг шарафига шу жойни Топиболдиевка деб атайдиган бўлди.
Сталинград жангида офитсер Мамасоли Жабборов командирлигидаги мото-ўқчи рота душманнинг 400 дан ортиқ солдат ва офитсерини йўқ қилиб, икки юздан ортиқ фашистни асирга олди, кўплаб қурол-яроғни қўлга киритди. Снайпер Ҳайит Хўжаматов эса душманнинг ўнлаб солдат и офитсерини йўқ қилди. Ўзбек йигитлари Эвропа мамлакатларини ғам фашизмдан қутқазишда жасорат кўрсатдилар. Хусусан, Франциянинг Алее, Белъфор, Сен-Шели ва Гар и Лозер департаментларини озод қилишда Абдулла Раҳматов, Сарибой Шомуродов, Раҳмон Раҳимов, Насиб Амиров каби ўзбек ўғлонлари қатнашди. Францияни озод қилишда кўрсатган қаҳрамонликлари учун Ҳошимжон Исмоилов ва Тожибой Зиёевлар Франциянинг Жанна дъАрк ордени билан мукофотланган. Турғун Қўчқоров ва Аҳмад Мамажоновлар Италиянинг Каррару шаҳрини озод қилишда жанг қилдилар. Урушнинг сўнгги кунлари Рейхстаг гумбазига ғалаба байроғини тиккан қаҳрамон жангчилар сафида ватандошимиз Каримжон Исоқов ҳам бўлганлиги ватандошларимизнинг мардлиги, сабот жангчи эканлигини эслатиб туради.
Сабоқ
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 76 йил тўлди. Лекин бу урушни бошлаган ғоянинг туғилганига юз йилдан ошди. Шунинг учун ҳар йили 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши нимадан бошланган эди?, деган савол кўпчиликнинг хаёлига келиши табиий. Аслида фашизм ёвуз ғоя, ёвуз мафкурадан бошланган. Инсоният АКТ технологиялар давридан конвергент технологиялар, яъни нана, био, ахборот-коммуникатив ва когнитив технологиялар даврига кириб бораяпти. Бунинг қувончли томони инсон ҳаёти, турмуши учун чексиз қулайликлар яратишида. Ташвишли томони бугунги технологиялар ёвуз ғояларнинг амалга оширишига чексиз имкониятлар яратиб бериши мумкин. энг муҳими, ана шу технология имкониятларидан нима мақсадда фойдаланишда. эзгу мақсадгина фаровонлик, тинчликка элтади. Бугун оммавий маданият ғоялари фаоллашаётгани ҳар биримизни ҳушёр қилиши зарур. Чунки бу ғоялар одамларни азалий миллий маънавий-ахлоқий фазилатларидан айиришга қаратилган. Шахс эркинлигини абсолютлаштириш, оила, ота-она обрўси, ибо, ҳаё, ҳамдардлик туйғуларини сўндиришга қаратилган ғоялар тарғиб қилинмоқда. Одамлар интернет орқали бир киши ёки гуруҳ томонидан бошқарилувчи обуначиларга айлантирилмоқда. Туғилишни камайтириш мақсадида инсоний, табиий яшашни инкор қилиш кабилар тарғиб қилинмоқда. Буларнинг барчаси инсониятни огоҳликка, тинчликни асрашга, урушдек ёвуз хатоликларни такрорламасликка чақиради.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор