Жорий йилда воҳадаги истеъмолчилар индивидуал электрон ID-карта билан тўлиқ таъминланиб, улар фойдаланаётган маиший газ баллонларга махсус ёрлиқ ёпиштирилмоқда. Натижада етказиб берилган суюлтирилган ёқилғи ҳисоби тўлиқ автоматлаштирилган тартибда назорат қилинади. Ҳудудларда мавжуд истеъмолчилар ҳақида реал маълумот шакллантирилиб, етказиб берилаётган суюлтирилган газ ҳажмининг аниқ ҳисоби олиб борилади.
Бугунги кунда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан вилоятнинг 40 дан ортиқ олис қишлоқларига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмоқда. “Хушхабар” қишлоғи — шулардан бири. Қишлоқ денгиз сатҳидан 2500 минг метр баландликда жойлашган. Шу боис, бу ерга илгари газ олиб келинмаган. Яқиндан бошлаб қишлоқ аҳлига газ баллонлари тарқатила бошлади.
“Хушхабар” қишлоғи одамлари неча йилдирки, мана шу сўқмоқлардан шаҳарга тушиб чиқишади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айни пайтда “Тўполон” сув омборининг юқори қисмида йўл қуриляпти. Ушбу лойиҳа амалга оширилса нафақат “Хушхабар”, балки “Карш” ҳамда “Вачақ” каби тоғ қишлоқлари ҳам туризм манзилларига айланади.