Хусусан, Асосий қонунимизнинг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Зеро, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминламасдан туриб иқтисодий ривожланишга эришиш мушкул.

Шу боис, мамлакатимизда хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш, қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш, ҳар қандай хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулки дахлсизлигига асло шубҳа қилинмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида “Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган. Бу мулкдор қонун йўл қўйган асосларда, доирада ўз мулкига ўзи эгалик қилади, ўзи фойдаланади ва ўзи тасарруф этади, дегани. Аммо шунга қарамай, айрим мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг хусусий мулкига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари ҳали-ҳамон учраб турибди. Бу эса, тадбиркорликнинг изчил ривожланишига, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт кўламини оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Конституциямизнинг 53-моддасида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, шу жумладан, мулкдор ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш ҳақидаги нормани белгилаб қўйиш керак, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратиш лозим. Қолаверса, мулкларни олиб қўйиш ёки бузишдан олдин мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланиши ҳақидаги норма ҳам киритилиши керак.

Ишончим комилки, бу орқали тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритади, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириб, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтиради. Энг муҳими, бундай тартиб-қоидалар пировардида, иқтисодиётда хусусий мулкнинг самарали фаолияти учун қулай шароитларни яратади.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати