Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида нотариал тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, мазкур йил бошидан бошлаб босқичма-босқич хусусий нотариуслар ташкил этиш ҳамда барча нотариуслар шу даврдан ташкил этиладиган Ўзбекистон Республикасининг Нотариал палатасига аъзо бўлиши ҳам кутилмаган янгиликлардан бўлди.

Энг катта янгилик мазкур соҳада мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда бир қатор талаблар бекор қилинганидир.

Жумладан, мазкур йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмаслигининг ўзи ортиқча сарсонликни бартараф этди. Иккинчи қулайлик бу мазкур фармон билан 2019 йил 1 октябридан буён яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончноманинг бекор қилинганидир.

2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши жисмоний ва юридик шахслар учун яратилган қулайликлардан бири бўлди.

Энди сунъий навбатларни олдини олишда электрон нотариал, хусусий нотариал институтларининг ҳам ўрни беқиёс эканлигини пандемияга қарши кураш карантин даври ҳам исботламоқда.

Узоқ йиллар давомида нотариус сифатида фаолият олиб борган ходим сифатида шуни алоҳида қайд этишни истардики, мазкур йилнинг энг катта аҳолига туҳфаси сифатида қуйидаги янги нотариал ҳаракатларни қўллаб-қувватлайман:

Биринчидан, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш;

Иккинчидан, мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажарилиши бўлган бўлса;

жисмоний ва юридик шахслар учун эса кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади;

агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференсалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкинлиги жуда кўп сарсонликларни бартараф этди ҳамда тадбиркорлар учун ҳам қулайликларни яратди.

Шунингдек, очиқ ахборот тизимидаги айрим ҳужжатларнинг электрон шакли мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ қадам бўлди.

Республика ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар нотариусга тақдим этилмасдан туриб, уларни ноёб рақам орқали текшириш мумкинлигининг ўзи ҳам янгиликдир.

Сарсон-саргардонликнинг олдини олишда эса, нотариусга мурожаат этишда электрон навбат олиш ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш хизмати жорий этилгани ҳам ютуқдир.

Яна битта муҳим ҳолатни алоҳида эслатишни истадим. Бу васият масалаласига оид бўлиб, ҳар бир инсонни ўйлантирадиган жиҳатдир.

Эндиликда васиятномаларни расмийлаштириш тартиби ҳам замон билан ҳамнафас ўзгарди. Васиятномаларни расмийлаштириш видеоёзув орқали йўлга қўйилгани инновацион усулнинг жорий этилишидир. Албатта, бугунги кунда ягона дарча тамойилининг фаолияти нотариуслар ишини янада тезлаштиргани, аҳолига замонавий хизмат усулларини татбиқ этгани таҳсинга лойиқдир.

Бу янги нотариал хизматни амалга оширишда албатта давлат сиёсатининг энг катта эътибори хусусий нотариус фаолиятини қўллаб-қувватлаганини эътироф этиш ўринлидир.

Мана, юртимизда яна хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди. Бунда Президентимиз томонидан 2020 йил 14 январь куни «Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳуқуқий асос бўлди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида»ги, «Нотариат тўғрисида»ги, «Лизинг тўғрисида»ги, «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги ва бошқа қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Айниқса, улар орасида «Нотариат тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида эътиборга сазовордир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат нотариал идоралари нотариуслари билан бир қаторда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга оширилиши ҳам белгилангани фуқароларимиз учун қулайлик яратилди.

Мазкур Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариал фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтаган ҳолда соддалаштирилган тартибда нотариус бўлиши ёки нотариус ёрдамчи ва стажёрдан ташқари нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга эга бўлиши мумкинлиги ҳамда нотариус бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёш этиб белгилаб қўйилгани ҳам нотариус фаолиятининг қонуний мустаҳкамланганлиги нотариуслар учун муҳим янгиликлардир.

Айни пайтда, фуқароларимиз учун хусусий нотариал фаолиятни амалга ошириш лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади.

Лицензия Олий малака комиссиясининг нотариуслик ваколатларини бериш бўйича малака имтиҳони якунлари юзасидан чиқариладиган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда берилади.

Қонуннинг янги киритилган 22-(6)-моддасига кўра нотариал палатанинг конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, заруратга кўра, бироқ беш йилда камида бир марта чақирилади.

22-(7)-моддага мувофиқ эса хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Компенсация фонди ташкил этилганининг ўзи нотариал ҳаракатларнинг қонунийлиги, адолатлигини таъминлашга хизмат қилади.

Энг асосийси, эндиликда нотариуслар томонидан қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар — медиатор вазифасини бажариш, далилларни таъминлаш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш, электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканини тасдиқлаш каби ҳаракатларининг амалга оширилиши фуқаролар ва айниқса, иқтисодимизни ривожлантиришда муҳим ҳисса қўшаётган тадбиркорларимизга қулайлик яратилган имкониятдир.

Зеро, жорий йилнинг 16 мартдаги «Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 156-сон, Ҳукумат қарори билан Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, хусусий нотариус фаолиятини лицензиялаш, уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши қайд этилган. Бундаги қулайлик нотариал ҳаракатлар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилгани ва берилган имконият мамлакатимиз нотариал тизимининг янгилиги ва ўзига хос жиҳатларини намоён этмоқда.

Хулосам шуки: янги Ўзбекистонда барча соҳа ўзгармоқда,янгиланмоқда, шу билан бирга нотариал институтини такомиллаштиришдаги янги ислоҳотлар ҳам халқ манфаатига хизмат қилаётгани хусусий нотариусларнинг ҳам муҳимлигини тасдиқламоқда. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: «ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради».

Ёрқиной Вапаева