Ушбу масала бўйича 28 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу борада аҳолига батафсил маълумот берадиган маслаҳат клиникалари ҳамда колл-марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари очилди. Шунингдек, куну тун ишлайдиган 1082 рақамли колл-марказ йўлга қўйилди.

– Мазкур клиникалар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан бошқарилади, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов. – Уларнинг фаолиятида Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва ҳокимлик вакиллари доимий иштирок этади. Бундан ташқари, сўровга асосан бошқа вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳит яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобатни ривожлантириш – сифат, унумдорлик ва тараққиётнинг муҳим омили. Президентимизнинг жорий йил 28 октябрда қабул қилинган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу йўналишда ўз ечимини кутаётган долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, соҳага  замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жорий этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Қарши шаҳридаги бундай клиникада иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар бириктирилиб, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда хусусийлаштиришга қўйилган объектлар, уларнинг манзили, ҳолати, соҳадаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.

Клиника биносида Қашқадарёдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Мажлислар зали, музокара хоналари, экспортчилар уюшмаси ва ўқув марказлари жойлаштирилган.

Мазкур клиникаларда тадбиркорларга давлат активларини сотиб олиш, корхоналарни хусусийлаштириш билан боғлиқ саволларга жавоб бериш билан бирга муаммоларни ҳал қилишда амалий кўмак кўрсатилади. 

Зеро, давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Лутфулла СУВОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири