Мулоқот аввалида уларнинг меҳнат шароитлари, фаолиятлари билан яқиндан танишилди. Шундан сўнг, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ватандошларимиз иштирокида ўтказилган сўровнома натижалари таҳлил қилинди. Уларнинг тажрибаларидан фойдаланган ҳолда соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича турли ўқувлар ва семинарлар ташкил этиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Ўз навбатида ватандошларимиз ҳам фикр, ташаббусларини билдириб, тизимдаги мавжуд камчиликларга ҳам тўхталди.
Хусусан, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, унинг жозибадорлигини ошириш, халқчил давлат хизматини ташкил этиш учун ортиқча бюрократияни камайтириш, ватандошлар фаолиятини баҳолаш мақсадида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини жорий этиш, давлат идораларида очиқ танлов тизимини такомиллаштириш, ватандошлар билан ишлашда самарали тизим яратиш, улар билан доимий алоқа ўрнатиб туриш муҳимлигини таъкидлашди.
Йиғилиш иштирокчиларининг барча таклифлари инобатга олинди ва бу каби мулоқотларни доимий ташкил этиш, давлат фуқаролик хизмати тизимини янада ривожлантириш мақсадида замонавий платформа яратишга келишиб олинди, деб хабар бермоқда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати.